Эҳромда тақиқланган ишлар: соч ва тирноқ олиш

0

(5) Эҳромда тақиқланган ишлар

Эҳромда қуйидаги ишлар тақиқланади:

Биринчидан: соч олиш

Аллоҳ таоло айтади: «То қурбонлик жойига бормагунча сочларингизни қирманг» [Бақара: 196]. Эҳромдаги инсон сочини олиши ёки қисқартириши жоиз эмас.

Уламолар аврат ва қўлтиқ туклари ва ҳоказо бадандаги сочдан бошқа тукларни олиш тўғрисида ихтилофлашганлар. Жумҳур уламоларнинг фикрича, бундай тукларнинг ҳукми сочнинг ҳукми билан баробар бўлиб, уларни ҳам олиш тақиқланади. Зоҳирийларнинг фикрича, сочдан бошқа тукларни олиш ман қилинмайди. Улар юқоридаги оятнинг зоҳирини далил қилишган. Чунки оятда фақат бошдаги соч зикр қилинган. Қолаверса, аслида бу ишлар жоиз ишлар бўлиб, уларни олишни тақиқлаш учун далил керак. Бу фикрни Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билса-да, бироқ бу ҳақда шундай дейди: «Агар инсон эҳтиёт юзасидан мўйлови, аврат ва қўлтиқ туклари сингари баданидаги тукларни олишдан четланса, албатта яхши қилган бўлади»[1].

Иккинчидан: тирноқ олиш

Эҳромдаги инсоннинг тирноқ олиши масаласи ихтилофли масала. Чунки бу масалага доир бирон оят ёки ҳадис келмаган. Шунга биноан сочдан бошқа тукларни олиш масаласи каби бу масала ҳам ихтилофли бўлиб қолаверади. Бироқ баъзи уламолар эҳромдаги инсонга тирноқ олиш тақиқланиши хусусида уламолар ижмоси борлигини нақл қилишган.

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, эҳромдаги инсон тирноқ олиши мумкин эмас. Аксар уламолар, жумладан, Ҳаммод, Моликий, Шофеий, Абу Савр ва ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрича, эҳромда тирноқ олган кишига фидя вожиб бўлади. Шунингдек, бу фикр Атодан ҳам ривоят қилинган. Атодан ривоят қилинган бошқа бир ривоятга кўра, унга фидя вожиб бўлмайди. Чунки бу иш учун фидя бериш шариатда келмаган»[2].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Агар мазкур ижмо ўз исботини топган бўлса, унга хилоф иш тутишга узр йўқ. Аксинча, ўз исботини топмаса, у ҳолда худди сочдан бошқа тукларни олиш масаласида изланганимиздек, тирноқ олиш масаласида ҳам изланишга тўғри келади»[3].

Шунга кўра, эҳтиёт юзасидан ва зарурат бўлмаса тирноқларни олмаслик мақсадга мувофиқдир. Аммо тирноғи синиб ёки қайрилиб, озор берадиган бўлса, тирноғини олса бўлаверади.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Ким эҳромда сочини олса, унга фидя вожиб бўлади. Уламолар қанча миқдорда соч олса фидя вожиб бўлиши хусусида ихтилоф қилишган. Баъзи уламоларнинг фикрича, уч тола сочни олиш билан фидя вожиб бўлса, баъзилар сочнинг тўртдан бирини олсагина фидя вожиб бўлади дейишган. Бу борада ундан бошқа фикрлар ҳам мавжуд. Бироқ рожиҳ фикрга кўра, қанча миқдорда бўлишидан қатъий назар, эҳромда соч олиш натижасида бошидаги инсонга озор берадиган бит ва шунга ўхшаш нарсалар йўқоладиган, соч олиш билан енгил тортадиган кишига фидя вожиб бўлади. Чунки Қуръоннинг зоҳири шуни кўрсатади. Бунга қуйидагилар далил бўлади:

(А) Аллоҳ таоло айтади: «Агар сизлардан кимдир касал ёки бошида озор берадиган бирон дарди бўлса (ва шу узр билан эҳромда турган ҳолида сочини қирдирса), у ҳолда (уч кун) рўза тутиш ёки (олти мискинга) садақа бериш ёхуд бир қўй сўйиш билан фидя тўласин» [Бақара: 196]. Демак, соч олиш натижасида бошидаги озор йўқоладиган бўлсагина фидя вожиб бўлади.

(Б) Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромда ҳижома қилдирганлар. Маълумки, ҳижома қилдириш учун соч қириш керак. Шунга қарамай Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фидя бермаганлар. Чунки инсон ҳижома қилдириш билан бошидаги озорни кетказган ҳисобланмайди.

Хулоса қилиб айтганда, «сочини олди», дейдиган даражада эҳромда соч олдирган кишигагина фидя бериши вожиб бўлади. Бироқ сочининг бир неча толасинигина юлган ёки қирган кишига фидя вожиб бўлмайди.

Энди сочидан бошқа баданидаги тукларни қирган кишига келсак, унга фидя вожиб бўлиши ёки бўлмаслигида ихтилоф бор. Эҳромда тирноқларини олган киши хусусидаги рожиҳ фикр Ато ибн Рабоҳнинг фикри бўлиб, унга кўра, бундай кишига фидя вожиб бўлмайди. Бу ҳукмда эҳромда тирноқ олиш ҳаромлиги ёки ҳаром эмаслигининг аҳамияти йўқ.

(2) Юқоридаги хулосадан эҳромдаги шахс бошидаги баъзи тукларни юлиши ёки қириши жоизлиги келиб чиқмайди. Албатта, бундай қилиш ҳаромдир. Юқорида зикр қилинган хулоса эса фидя вожиб бўлишига тегишли, холос.

(3) Эҳромдаги шахс бошини қашиши жоиз. Бу аснода бехосдан соч тўкилишининг зиёни йўқ. Борди-ю, қасддан сочини тўкса, ҳаром иш қилган бўлади. Бироқ юқорида айтиб ўтганимиздек, унга фидя вожиб бўлмайди.

[1] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/132).
[2] «Ал-муғний» (3/320).
[3] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/133).

Изоҳ қолдиринг