Қарздор одам закот бериши фарзми?

0

Савол:

Агар инсоннинг қўлида нисобга етган мол-мулки бўлса-ю, лекин бўйнида ўша мол-мулкка тенг ёки ундан кўпроқ миқдорда қарзи ҳам бўлса, бу ҳолатдаги инсон қўлидаги мол-мулкдан закот бериши фарзми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Уламолар билдирган тўғрироқ фикрга кўра, кимнинг қўлида нисобга етиб, орадан бир йил ўтган мол-мулки бўлса, гарчи зиммасида қарзи бўлса ҳам ушбу мол-мулкдан закот бериши фарз бўлади. Чунки закот борасида келган далилларнинг умумий тушунчасига кўра, нисобга етган мол-мулки бор ҳар бир инсон, гарчи қарздор бўлса ҳам қўлидаги молк-мулкдан закот бериши фарз. Шунингдек, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам закотчиларни қўлида нисобга етиб, ҳавл айланган мол-мулки бор одамлардан закот олишга буюрар, аммо ҳеч бир мол-мулк эгасидан унинг қарзи бор ёки йўқлигини сўрашга буюрмас эдилар. Агар одамнинг қарздор бўлиши закот бермасликка сабаб бўлганида, албатта у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам закотчиларни мол-мулк эгаларидан қарзи бор-йўқлигини сўраб, кейин закот олишга буюрган бўлар эдилар[Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ, “Мажмуу фатово ва мақолаатун мутанаввеа”, 14/51].

Шайх роҳимаҳуллоҳ шу маънодаги бошқа бир фатвода шундай деган:

… Лекин қўлингдаги мол-мулкка ҳавл айланишидан олдин қарзингни ўтасанг, у ҳолда қарз ўташ учун берган пулингдан закот бермайсан. Балки қўлингда қолган пулдан (агар нисобга етиб, ҳавл айланган бўлса) закот берасан[“Мажмуу фатово ва мақолаатун мутанаввеа”, 14/52].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳга қуйидагича савол йўлланган эди:

Бир кишининг икки юз минг риёл пули бор. Лекин бўйнида икки юз минг риёл қарзи ҳам бор. Қарзини ҳар йили ўн минг риёлдан бериб узишга келишган. Бу киши закот бериши фарзми?

Шайхнинг жавоби қуйидагича бўлди:

Ҳа, қўлида мавжуд мол-давлатдан закот бериши фарз. Негаки, закот борасида келган далиллар умумий бўлиб, ундан ҳеч бир нарса, ҳатто қарздор одам ҳам истисно қилинмаган. Модомики закот хусусида келган далиллар умумий экан, уларга умумийлигича амал қилишимиз лозим.   

Қолаверса, закот мол-давлатдан бериш фарз бўлган амал. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад), сиз уларнинг молларидан бир қисмини ўзларини поклаб тозалайдиган садақа сифатида олинг ва уларнинг ҳақларига дуо қилинг.  Албатта, сизнинг дуоингиз улар учун ором-осойишталик бўлур. Аллоҳ эшитгувчи, билгувчидир[Тавба: 103].

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга юбораётиб, унга шундай деганлар: “Уларга (Яман аҳлига) хабар бергинки, Аллоҳ таоло уларга мол-мулкларидан закот беришни фарз қилди”.

Мусулмон одам Раббисидан тақво қилиши, қўлидаги мол-давлатнинг закотини бериши, зиммасидаги қарзини ўташга Аллоҳ таолодан ёрдам сўраб шундай дуо-илтижо қилиши лозим: “Эй Аллоҳ, қарзимни узишга ёрдам бер ва камбағалликдан асра”.

Инсон қўлидаги мол-давлатдан закот бериши мол-давлатининг баракали бўлишига, кўпайишига, шунингдек, зиммасидаги қарзидан қутулишига сабаб бўлади.

Баъзан закот бермаслик инсоннинг қашшоқлашишига, мудом ўзини муҳтож ва закот беришга қодир инсонмас деб ўйлашига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло сизни закот олувчи эмас, балки закот берувчилардан қилганига ҳамдлар айтинг” [“Мажмуу фатово Ибн Усаймин”, 18/39]

Шайх роҳимаҳуллоҳ ушбу масалага доир бошқа бир фатвода шундай деган:

Агар қарзни бериш муддати келган, қарз эгаси ҳам қарзни талаб қилиб турган бўлса, у ҳолда унга айтамиз: “Қарзингни уз, кейин қолганидан закот чиқар. Албатта, қолган пулинг нисобга етарли миқдорда бўлса”.

Буни ҳанбалий мазҳаби уламолари фитр закоти ҳақида айтган ушбу сўзлари қўллаб-қувватлайди: “Талаб қилинган (яъни ўташ муддати келган) қарзгина фитр закотини бермасликка сабаб бўла олади”.

Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, у рамазон ойи келганда шундай дер экан: “Бу – сизлар закот чиқарадиган ой. Кимнинг қарзи бўлса, дастлаб қарзини ўтасин”. Усмон розияллоҳу анҳунинг бу сўзи қарзни қайтариш муддати келган, қарз эгаси қистаб турган бўлса, закотдан олдин қарзни ўташ лозимлигига далолат қилади. Аммо ўташ муддати ҳали келмаган қарзлар бўлса, закот бермасликка сабаб бўлолмайди”.

“Саудия доимий фатво қўмитаси” уламолари берган қуйидаги (9/189) фатвода ҳам шундай дейилади:

Уламолар ўртасидаги тўғрироқ фикрга кўра, қарз закот бермасликка сабаб бўлолмайди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни закот йиғишга юборар, лекин уларнинг ҳеч бирини мол-мулк эгасининг қарзи бор ёки йўқлигини билишга буюрмас эдилар”.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг