Талоқ турларига оид мулоҳазалар

0

Мавзуга оид мулоҳазалар

(1) Ражъий талоқ идда тугашидан олдин никоҳ риштасини узмайди. Шунга биноан ражъий талоқдан қуйидаги ҳукмлар келиб чиқади:

А – аёл эрининг уйида яшайди ва то иддаси тугамагунча бу уйдан чиқмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Модомики очиқ фаҳш ишларни қилмасалар (то иддалари тугамагунча талоқ қилинган) аёлларни (яшаб турган) уйларидан чиқарманглар ва ўзлари ҳам чиқиб кетмасинлар» [Талоқ: 1].

Б – модомики аёлнинг иддаси тугамаган бўлса эри у билан холи қолиши, унинг рухсатисиз олдига кириши жоиз бўлиб, аёл эридан авратини тўсиши вожиб эмас. Аксинча, эр аёлини ясан-тусан қилган ҳолда кўриши ҳамда аёл ҳам эри учун пардоз-андоз қилиши жоиз. Шунингдек, эр аёли билан ўйнашиши, лаззатланиши ҳам жоиз (Жумҳур уламолар наздида бундай лаззатланиш эр томонидан аёлни қайтиб олиш ҳисобланади).

В – аёл модомики идда сақлаётган экан, эр уни нафақа ва уй-жой билан таъминлаши вожиб.

Г – идда тугашидан олдин эр-хотиндан бири вафот этса, бир-биридан мерос олади.

Д – модомики идда тугамаган бўлса, эр аёлга маҳрнинг қолганини беришга мажбур қилинмайди.

Е – модомики идда тугамаган экан, эр аёлнинг розилигисиз, янгидан никоҳ ўқитмасдан ва янги маҳрсиз уни қайтиб олиши жоиз.

Ё – аёлнинг иддаси тугамагунча эр унинг опаси, синглиси, аммаси, холаси ёки ундан ташқари яна тўртта хотинга уйланиши ҳаромдир.

Ж – айрим уламоларнинг фикрича, эр аёли идда сақлаётган пайтда иккинчи бор талоқ қилса, иккинчи талоқ ҳам тушади. Бироқ рожиҳ фикрга кўра, иккинчи талоқ тушмайди. Чунки иддадаги аёлни қайтиб олмагунча талоқ қилинмайди. Бу ҳақда келгусида батафсил сўз юритамиз, иншааллоҳ.

(2) Агар эр никоҳдан сўнг аёлига яқинлик қилишдан олдин бир талоқ қилса-ю, сўнг уни янги никоҳ ва маҳр билан қайтадан никоҳига олса, мазкур бир талоқ эрдан уч марта талоқ қилиш ҳуқуқидан бирини кеткизади. Айрим авом инсонлар ўйлаганидек, янги никоҳ сабабли олдинги талоқлар ўчиб, уч бор талоқ қилиш ҳуқуқи қайтиб келмайди. Шунга кўра, мазкур ҳолатда эр аёлига яқинлик қилишидан олдин уч марта талоқ қилса, аёли унга буткул ҳаром бўлиб қолади. Аёл то бошқа эркакга турмушга чиқиб, улар ўртасида ҳақиқий жинсий яқинлик содир бўлиб, сўнг иккинчи эридан талоқ ёки унинг ўлими сабабли ажрашиб, иддаси тугамагунча биринчи эрига никоҳланиши мумкин эмас.

(3) Шунингдек, бир киши аёлини ражъий талоқ қилса, биринчи ёки иккинчи ражъий талоқдан сўнг иддаси тугаб, аёлини янги никоҳ ва маҳр билан қайтиб олса, мазкур бир ёки икки талоқ сабабли эрнинг қўлидаги уч бор талоқ қилиш ҳуқуқи камайиб боради. Бинобарин, эр бир марта ражъий талоқ қилган бўлса, қўлида икки марта талоқ қилиш ҳуқуқи қолган, агар икки марта ражъий талоқ қилган бўлса, у ҳолда қўлида бор-йўғи бир бор талоқ қилиш ҳуқуқи қолган ҳисобланади.

(4) Агар аёл учинчи бор (катта боин) талоқ қилинган бўлса, эр уни нафақа ва уй-жой билан таъминлаши шарт эмас. Учинчи бор талоқ қилинган аёлнинг ҳомиладор бўлиши бундан мустасно. Бу ҳақда келгусида сўз юритилади, иншааллоҳ.

(5) Учинчи талоқ эр-хотин ўртасидаги никоҳ ришталарини узади. Учинчи талоқдан сўнг фақат иддага оид ҳукмларгина қолади. Аёл гарчи учинчи бор талоқ қилинса-да, идда сақлаши вожиб. У мазкур ҳолатда эридан авратини тўсиши, (эрининг уйидан кўчиб кетадими ёки эри уйини унга бўшатиб берадими), эри билан бир уйда холи қолмаслиги вожиб бўлади. Шунингдек, учинчи талоқдан кейин идда асносида эр-хотиндан бири вафот этадиган бўлса, бир-бирларидан мерос олмайдилар, аёлга нафақа берилмайди ва ражъий талоқдан фарқли ўлароқ, учинчи талоқ тушиши билан аёлга маҳрдан насия қилинган қисмини бериш вожиб бўлади. Ражъий талоқда эса аёл иддаси тугагачгина насия маҳрни талаб қилиши мумкин.

(6) Эр аёлини учинчи бор талоқ қилса, энди уни қуйидагиларсиз қайтадан никоҳига ололмайди:

А – аёлнинг биринчи эридан иддаси тугаши;

Б – аёлга бошқа эркак ҳеч қандай ҳийла-найрангсиз ёки аёлни биринчи эрига ҳалоллашни мақсад қилмасдан, икковининг турмуш қуришга розилиги билан шаръий талабларга мос равишда уйланиши;

В – аёлнинг иккинчи эри никоҳдан сўнг гарчи бир бор бўлса-да, у билан жинсий яқинлик қилиши (бунинг учун энг камида олатнинг бош қисми қинга кириши лозим). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда айтадилар: “Йўқ, токи Абдураҳмоннинг «маза»сини тотимагунингча ва у ҳам сенинг «маза»нгни тотимагунча (яъни жинсий яқинлик қилмагунингизча Рифоага ҳалол бўлмайсан)»[1]. Уламолар мазкур ҳадисдан келиб чиқиб, аёл биринчи эрига қайтиши учун иккинчи  эри унга жинсий яқинлик қилганда икки томонлама лаззатланиш ҳосил бўлишини шарт қилишган. Бунинг учун эр-хотин жинсий яқинликни ҳис қилишлари лозим бўлади. Шунга кўра, эр аёли ухлаётган пайтда ёки ҳушдан кетиб ётган ҳолида унга жинсий яқинлик қилиб, шаҳватини қондирса-да, бу аёлнинг биринчи эрига қайтиши ҳалол бўлиши учун кифоя қилмайди. Чунки бундай ҳолатларда аёл жинсий яқинлик лаззатини ҳис қилмайди[2].

Г – аёлнинг талоқ ёки ўлим сабабли иккинчи эридан ажралиши;

Д – аёлнинг иккинчи эридан иддаси тугаши;

Е – шундан сўнг аёлнинг биринчи эри унга уйланмоқчи бўлса, аёлнинг розилиги, янгидан никоҳ ўқитиш ва янги маҳр билан уни никоҳига қайтиб олиши мумкин. Бу ҳолатда улар ўртасидаги никоҳ янги никоҳ саналиб, унда эр янгидан уч марта талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

[1] Бухорий (5260), Муслим (1433), Термизий (1118) ривояти.
[2] Қаранг: «Фатҳул Борий» (9/467).

Изоҳ қолдиринг