“Музобана” ва “муҳоқала” савдосини қилмаслик

0

(3) “Музобана” савдосини қилмаслик

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қидинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “музобана” ва “муҳоқала” савдосидан қайтардилар[1].

“Музобана” савдоси дарахтдаги ҳўл хурмо мевасини қуритилган хурмо эвазига сотиб олишдан иборат.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо музобана савдосини шундай изоҳлайди: “Музобана дегани инсон ўз боғидаги ҳўл хурмони ҳажм ўлчови билан қуритилган хурмога, узумни майизга, бошоқдаги донни эса буғдойга сотишидир[2].

Музобана савдосида сотувчи дарахтдаги ҳўл хурмо мевасининг миқдорини ҳажм ўлчови асосида чамалайди ва уни ўшанча миқдор қуритилган хурмо эвазига харидорга сотади. бу шаклда савдолашиш жоиз эмас.

Музобана савдоси жоиз бўлмаса-да, бироқ шариат одамлар эҳтиёжини қондириш учун “ароё”[3] савдосига рухсат берган. “Ароё” савдоси келгусида батафсил зикр қилинади, иншааллоҳ.

(4) “Муҳоқала” савдосини қилмаслик

“Муҳоқала” савдосининг таърифида шундай дейилади: “Муҳоқала бошоқдаги донни маълум миқдор ҳажм ўлчовидаги (қуритилган) дон маҳсулоти эвазига сотишдан иборат”. Муҳоқала бу жиҳатдан музобана савдосига ўхшайди, фақат ундан фарқли жойи муҳоқала савдоси дон ёхуд дала экинларига хосдир.

Баъзи уламолар муҳоқала савдосини бошқача таъриф қилишган. Уларнинг айтишича, муҳоқала ерни ундан чиққан ҳосилнинг бир қисми эвазига ижарага беришдан иборат. Бу турдаги муомалага “мухобара” ҳам дейилади. Мазкур таърифга кўра, муҳоқаланинг икки хил ҳолати мавжуд:

Биринчиси, ерни ундан чиққан ҳосилнинг бир қисми, айтайлик, ҳосилнинг тўртдан бири ёки учдан бири эвазига ижарага бериш. Бу ҳолат жоиздир.

Иккинчиси, ерни унинг муайян жойидан чиққан ҳосил эвазига, масалан, ернинг ғарб ёки шарқ томонидан ёки сувга яқин томонидан чиққан ҳосилнинг тўртдан бири эвазига ижарага бериш. Ерни бу тартибда ижарага беришда зарар ва мажҳуллик бўлгани, шунингдек, келишмовчилик ва низоларга сабаб бўлгани учун жоиз эмас.

[1] Бухорий (2186), Муслим (1546) ривояти.
[2] «Тамҳид» (2/313).
[3] “Ароё” савдоси музобана савдосининг айнан ўзгинаси. “Ароё” дегани хурмо дарахти дегани. Баъзи камбағал инсонларнинг ўтган йилгидан қолган қуритилган хурмоси бўлади. Улар хурмо пишган пайтда янги ҳўл хурмо мевасидан ейишни хоҳлайдилар. Бироқ уларда ҳўл мевани сотиб олиш ёки товар айирбошлаш учун қуритилган хурмодан бошқа ҳеч қандай маблағ ёки мол-мулк бўлмайди. Шу боис шариат музобана савдосидан истисно ўлароқ, одамлар эҳтиёжини қондириш учун дарахтдаги ҳўл хурмони қуритилган хурмо эвазига сотиб олишга рухсат берди.

Изоҳ қолдиринг