Ҳодийнинг ҳокимияти узоқ давом этмади. Бу қисқа муддат мобайнида Ҳусайн ибн Али ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб қўзғолонидан бошқа деярли катта кўламдаги воқеа-ҳодиса юз бермади. Мазкур қўзғолон сабаби шундай бўлган эди: Халифа Ҳодий Исҳоқ ибн Исони Мадина волийлигидан бўшатиб, ўрнига Умар ибн Абдулазиз ибн Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттобни волий қилгач, у Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толибни бир айблов билан ҳузурига талаб қилганида у қочиб яширинди. Уни Ҳусайн ибн Али ибн Ҳасан ва Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ўз кафилликларига олишган эди. Волий бу иккисини чақириб, уларга қаттиқ дашном берди, сўнг яна унинг келишини талаб қилди. Шундан сўнг Ҳусайн ўзини ҳақоратланган санаб, ҳукуматга қарши бош кўтарди. Бу пайт волий Бағдодга кетган эди. Ҳусайн оқ кийиб, Масжиди Набавийда ўтирди, атрофида бир жамоа тўпланди ва улар аҳли байтга муҳаббатлари туфайли унга байъат бердилар. Шундан сўнг Ҳусайн тарафдорлари билан аббосийлар тарафдорлари ўртасида бир неча марта тўқнашувлар юз берди. Сўнгра у ўз жамоати билан бирга Маккаи Мукаррамага жўнаб кетди ва ҳаж мавсумида у ерда турди. Ҳодий уларга қарши қўшин юборди. Ҳаж мавсуми тамом бўлгач, Фах водийсида уруш бўлиб, бу урушда Ҳусайн ибн Али ва унинг издошларидан кўпчилик ўлдирилди. Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб ушбу жангдан омон чиқди ва Мисрга йўл олди, ундан Мағрибга ўтиб кетди. Ҳусайн ибн Али қўзғолони тўққиз ой, ўн саккиз кун давом этди.
Халифа Ҳодий отаси Маҳдий пайтидан давом этиб келаётган Мисрнинг Саид минтақасидаги Деҳя Марвоний қўзғолонига ҳам барҳам берди. Мисрга Фазл ибн Солиҳ ибн Алини волий қилиб юборди. У Деҳяни мағлубиятга учратиб, ўзини қатл қилди.