Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (2)

0
  • Уламоларга эргашмаслик

Тарихдан:

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Кўфа масжидида тўда-тўда бўлиб ўтирган гуруҳларни кўрди. Ҳар бир гуруҳнинг бошида бир киши туриб, уларни юз марта такбир, юз марта “лаа илааҳа иллаллоҳ” деб айтишга буюриб турарди… Абу Мусо розияллоҳу анҳу Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бориб, кўрганларини айтиб берди. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу келиб: “Эй Муҳаммад уммати, шўрингиз қурсин! Шунчалар ҳам тез йўлдан озасизларми?! Шунча саҳобалар бор бўла туриб-а?! Жоним қўлида бўлган зотга қасам, ё сизлар тутган йўл Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлидан афзал ёки сизлар бир залолат эшигини очяпсизлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга айтиб бергандилар, бир гуруҳ одамлар чиқиб, Қуръон тиловат қилишаркан, ўқиган тиловатлари бўғизларидан нарига ўтмас экан. Аллоҳга қасам, мен ўша одамларнинг аксари сизлардан чиқади деб ўйлайман” – деб, қайтиб кетди. Амр ибн Салама: “Ўша гуруҳларнинг аксари Наҳравон кунида бизга қарши чиққанларига гувоҳ бўлдик” – дейди[1].

Бугунги кундан:

ИШИДга бир назар солинг, улар уламоларга мурожаат қилиб, уларнинг айтган гапларига эргашяптиларми?! Эргашиш у ёқда турсин, уларни уламо деб тан ҳам олишмайди, уларни хоинлик ва кофирликда айблашади.

Абу Муҳаммад Адноний исмли ИШИДнинг расмий сўзчиси уламоларга шама қилиб, уларни давлат уламолари ва залолат даъватчилари деб айблаб шундай деган: “Аллоҳ таолодан яҳуд ва христианларнинг итларини, яъни Салул оиласи ва уларнинг ёрдамчилари ҳамда ёмон уламолару залолат даъватчиларидан иборат кўмакчиларини ҳалок қилишини сўраймиз”[2].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар шаръий масалаларда уламоларга мурожаат қилишмаган. Уламолар улар қилаётган бидъатларга қарши гапиришганида уларга қарши урушишган. Бугунги кундаги ИШИД мансублари ҳам аҳли илмларга мурожаат қилишмайди. Уларнинг қилаётган ишлари нотўғри эканини баён қилишса, уламоларни хоинлик, кофирлик ва муртадликда айблаб, уларни ўлдиришни ҳалол санашади.

Давоми бор

[1] “Муснади Доримий” (1\286).
[2] “Қул муутуу биғойзикум” номли аудио баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг