Муаззинга тааллуқли ҳукм ва одоблар

1

Муаззинга тааллуқли ҳукм ва одоблар
(1) Ниятни холис қилиш

Муаззин азон айтар экан ниятини холис қилиши: азон айтиш билан фақат Аллоҳнинг ўзидан ажр-савоб умид қилиши, бу иши учун бирон кимсадан маош талаб қилмаслиги лозим. Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У шундай дейди: “Эй Расулуллоҳ, мени қавмимга имом қилинг”, дедим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Сен уларнинг имомисан. (Намоз ўқиганингда намоз рукнларини тўла-тўкис адо қилганинг ҳолда қавминг малолланмаслиги учун қироат ва тасбеҳларни қисқароқ қилиш билан) қавмингдаги заиф кимсалар ҳолига қараб иш тут ва азон айтгани учун ҳақ олмайдиган бирон муаззин тайинла[1].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бироқ кимдир масжидда азон айтиб турган кишига мукофот пули ажратса ва муаззин азон айтгани учун шартнома тузмасдан, иш ҳақи талаб қилмасдан мазкур мукофотни олса жоиз. Чунки бу ҳолатда муаззин иши учун маош талаб қилгани йўқ. Зеро, азон айтган кишига мукофот беришнинг зиёни йўқ[2]. “Азон ва иқомат айтувчи киши байтил молдан маош олиши жоиз. Чунки байтил мол мусулмонлар манфаати учун ташкил қилинади. Маълумки, азон ва иқомат мусулмонлар манфаатидан ҳисобланади[3].
(2) Муаззиннинг эс-ҳушли ва эркак мусулмон киши бўлиши

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фақат мусулмон, эс-ҳушли ва эркак муаззиннинг азони дуруст бўлади[4]. Бинобарин, радио ёки шунга ўхшаш жиҳозлар орқали олдиндан ёзиб олинган азонни эшиттириш жоиз эмас. Айрим мамлакатларда масжидда муаззин азон айтмасдан, унинг ўрнига  юқорида зикр қилинган услубда азон эшиттиришади. Албатта, масжидларда азонни бу тариқа эшиттириш жоиз эмас.

Шайхулислом роҳимаҳуллоҳ айтади: “Фосиқ киши айтган азон ҳисобга ўтиш ёки ўтмаслигида икки хил ривоят бор. Бу икки ривоятдан кучлироғига кўра, фосиқ киши айтган азон кифоя қилмайди. Чунки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқларига хилофдир[5].
(3) Муаззин намоз вақтларини билиши шарт

Муаззин намоз вақтларини билиши шарт қилинади. Шунингдек, намоз вақти кирганини билдириб турадиган кишиси бўлса, кўзи ожиз кимса ҳам азон айтиши жоиз. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, Билол (субҳи содиқ киришидан олдин, бомдод вақти яқин қолганини билдириш учун) кечаси азон айтади. Шунинг учун то Ибн Умму Мактум (субҳи содиқ кирганида) азон айтгунга қадар еб-ичаверинглар”. Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтади: «Ибн Умму Мактум кўзи ожиз инсон бўлиб, унга биров «субҳи содиқ вақти кирди, субҳи содиқ вақти кирди», демагунча азон айтмас эди»[6].

Бухорий роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи»да «(Намоз вақти кирганини) хабар берадиган кишиси бўлса кўрнинг азон айтиши тўғрисидаги боб» деган сарлавҳа ажратиб, юқорида зикр қилинган ҳадисни келтирган.

Балоғатга етмаган етти-саккиз ёшли болалар айтган азон дурустми ёки йўқми?

Баъзи уламоларнинг айтишича, бундай бола айтган азон дуруст саналади. Чунки азон зикр саналиб, уни айтиш учун балоғатга етиш шарт қилинмайди. Бошқа бир гуруҳ уламолар вояга етмаган, бироқ оқ-қорани ажратиб қолган болаларнинг азон айтиши дуруст эмас, дейишган. Чунки бу ёшдаги болаларга таяниш, уларнинг гапига ишониш ярамайди. Учинчи бир тоифа уламоларнинг айтишича, агар бу ёшдаги бола ёлғиз ўзи азон айтмасдан, балки бошқа бир масжидда у билан бир вақтнинг ўзида бошқа муаззин ҳам азон айтса, азони инобатга олинади. Акс ҳолда, у айтган азон дуруст бўлмайди.

Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Тўғри фикрга кўра, қишлоқ аҳолисидан фарзни соқит қиладиган, намоз ва рўза вақтларида ишонса бўладиган азонни вояга етмаган ёш бола айтиши бир овоздан жоиз эмас. Унинг азон айтиши билан одамлардан фарз соқит бўлмайди. Шунингдек, намоз вақтларини билишда бундай азонга таяниб ҳам бўлмайди. Аммо шаҳар ва шу каби жойлардаги масжидларда айтиладиган суннати муаккада саналмиш азонга келсак, бу тўғрида иккита ривоят бор. Тўғри фикрга кўра, уларда азонни оқ-қорани ажратадиган ёш болалар айтиши жоиз»[7].

Бундан маълум бўладики, агар масжидлар кўп бўлса, уларда катталар азон айтса ва улардан баъзиларида оқ-қорани танийдиган етти-саккиз ёшли болалар азон айтса, улар айтган азон дурустдир.
(4) Муаззиннинг хушовоз бўлиши

Муаззиннинг хушовоз ва жарангдор товушли бўлиши мустаҳаб. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам азон айтиш учун хушовоз ва жарангдор товушли бўлган Абу Маҳзурани танлаган эдилар. Собиқ мақолаларимизда келтирилган Абдуллоҳ ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга шундай деган эдилар: «Тур, Билолни олдига бориб, тушингда кўрганингни унга айт, шу сўзлар билан азон айтсин. Зеро, у сендан кўра овози баландроқ[8].
(5) Баланд овозда азон айтиш

Муаззин гарчи ёлғиз ўзи бўлса-да, баланд овозда азон айтиши мустаҳабдир. Абдуллоҳ ибн Абдураҳмон ибн Абу Саъсаъаҳ Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу унга деди: “Билишимча, сен қўй-эчкиларни ва қир-адирни яхши кўрасан. Сен қир-адирда экансан ёки қўй-эчкиларингни боқиб юрар экансан намозга азон айтсанг, баланд овозда азон айт. Зеро, муаззиннинг овозини эшитган жин борми, инсон борми, албатта қиёматда унинг фойдасига гувоҳлик беради”. Абу Саид розияллоҳу анҳу айтди: “Мен буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитганман[9].

Умар ибн Абдулазиз роҳимаҳуллоҳ айтади: «Айтсанг, енгил азон айт, бўлмаса, йиғиштир!»[10]. Ибн Абу Шайба ривоят қилишича, Умар ибн Абдулазиз бу сўзни азонни ҳаддан ошиқ чўзиб, хиргойи қилиб айтган муаззинга қарата айтган.

Шунга кўра, кўпчилик муаззинлар махсус куй ва оҳангларга солиб айтадиган «азони султоний» деб номланмиш азон суннатда ҳеч бир асосга эга эмас. Аксинча, бу тарзда азон айтиш бидъат саналади.
(6) «Ҳайъалатайн»[11]ни айтганда бошини чап ва ўнг томонга буриш

Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ «Саҳиҳи»да «Муаззин “ҳайя алас солаҳ” ва “ҳайя алал фалаҳ” жумлаларини айтганда бутун бадани билан эмас, балки оғзи билан (ўнг ва чап томонга) бурилиши” деган боб ажратган.

Абу Жуҳайфадан ривоят қилинишича, у Билол розияллоҳу анҳунинг азон айтганини кўрган. “Мен унинг оғзини у томон ва бу томонга буриб: ўнг ва чап томонга қаратиб: “Ҳайя алас солаҳ”, “ҳайя алал фалаҳ”, деганини кузатганман[12], дейди Абу Жуҳайфа. Ибн Хузайма ривоятида “бошини ўнг ва чап томонга буриб”, Термизий ривоятида “азон айтар ва (бошини) бурар”, Абу Довуд ривоятида эса “(танаси билан) бурилмади[13], деган қўшимчалар бор.

Уламолар ҳадисдаги “буриш”дан мақсад фақат бошни буриш ёки бутун танани буриш эканида ихтилоф қилганлар. Юқорида ўтган Ибн Хузаймага оид ривоятдан маълум бўлишича, “буриш”дан мақсад фақат бошни буришдир.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ривоятлар ўртасини шундай мувофиқлаштириш мумкин: “бурди” деган ривоятлардан бошни буриш, “бурмади” деган ривоятлардан эса танани бурмаслик назарда тутилган[14].

Мазкур хулоса Абу Довуд келтирган “бурилмади”, деган ривоятни тўғри деб фараз қилишга асосланган. Бироқ мазкур ривоят заифдир. Шунга кўра бошини бурди деган ривоят тўғри бўлиб чиқади.

Шунингдек, уламолар “ҳайъалатайн” –  “ҳайя алас солаҳ” ва “ҳайя алал фалаҳ”ни айтганда бошни ўнг ва чап томонга буриш тартиби хусусида ҳам ихтилофлашганлар. Баъзи уламоларнинг айтишича, муаззин дастлаб бошини ўнг томонга буриб, икки бор “ҳайя алас солаҳ”ни айтса, сўнг бошини чап томонга буриб, икки марта “ҳайя алал фалаҳ”ни айтади. Бошқа бир уламоларнинг фикрига кўра, аввало бошини ўнг томонга буриб бир бор, кейин чапга буриб яна бир бор “ҳайя алас солаҳ”ни айтса, худди шу тартибда  “ҳайя алал фалаҳ”ни икки бор айтади. Учинчи гуруҳ уламоларнинг айтишича, “ҳайя алас солаҳ” ва “ҳайя алал фалаҳ”дан ҳар бирини икки мартадан айтар экан бошини ўнг ва чап томонга буради.

Бу борада юқорида зикр қилинган учинчи фикр тўғрироқ бўлса керак. Чунки Ибн Хузаймага оид ривоятлардан бирида «Азон айтар экан мана бундай қила бошлади: «ҳайя алал фалаҳ»ни айтаётиб бошини ўнг ва чап томонга бура бошлади»[15], дейилади. Бинобарин, мазкур тартиб ҳадисда келгани боис энг рожиҳ саналади. Унга кўра, муаззин икки мартадан айтиладиган “ҳайя алас солаҳ” ва “ҳайя алал фалаҳ”дан ҳар бирини айтар экан бошини ўнг ва чап томонга буради.
(7) Муаззин бармоқларини қулоғига қўйиши

Муаззин азон айтиш асносида икки бармоғини қулоқларига қўйиб айтиши мустаҳаб. Чунки юқоридаги ҳадис ривоятларидан бирида шундай дейилади: «Мен Билолнинг (ўнг ва чап томонга) бурилиб азон айтганини ва бармоқларини қулоқларига қўйиб олган ҳолда оғзининг у ёқ, бу ёққа бориб келганини кузатдим»[16].

Уламоларнинг айтишича, азонда бармоқларни қулоққа қўйишнинг иккита фойдаси бор:

Биринчидан, бу ҳолат овознинг баланд чиқишига ёрдам беради.

Иккинчидан, бу ҳолат муаззинни узоқдан кўрган ёки кар кимсаларга унинг азон айтаётганидан дарак беради.
(8) Қиблага юзланиш

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Муаззиннинг қиблага юзланиб азон айтиши суннат эканига уламолар ижмо қилишган. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари қиблага юзланиб азон айтар эдилар»[17]. Саррож «Муснади»да Мажмаъ ибн Яҳёдан ривоят қилишича, у шундай дейди: «Мен Абу Умома ибн Саҳл билан бирга эдим. У муаззинга қараб ўтирар эди. Шунда муаззин қиблага юзланганча «Аллоҳу акбар» дея (азон айта) бошлади» [Санади саҳиҳ].

Агар муаззин қиблага юзланмасдан азон айтса, макруҳ иш қилган бўлиб, бироқ айтган азони дуруст бўлаверади.
(9) Таҳорат билан азон айтиш

Муаззин азон айтар экан таҳоратли бўлиши мустаҳаб. Шундай бўлса-да, таҳратсиз азон айтса, азони дуруст бўлаверади. Чунки «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар қандай ҳолатларида Аллоҳни зикр қилар эдилар»[18].
(10) Тик туриб азон айтиш

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: «Илм билан танилган барча уламоларнинг ижмо қилишларича, тик туриб азон айтиш суннатдир. Бу хусусда уламолардан Абу Савргина мустасно саналиб, унинг фикрича, муаззин ҳеч қандай узрсиз ҳам ўтириб азон айтиши жоиз»[19]. Шунингдек, Абу Қатодадан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Билолга қарата: Эй Билол, туриб намозга азон айт”, дейдилар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муаззинлари тик туриб азон айтар эдилар.

Бироқ муаззинда тик туролмаслик учун бирон сабаб бўлса, ўтириб азон айтишининг зиёни йўқ[20]. Агар бирон жўяли узрсиз ўтириб азон айтса, макруҳ ишни қилган бўлади. Бироқ айтган азони дуруст саналади.

Мусофир одам уловига минган ҳолида азон айтиши жоиз. Ҳадисда собит бўлишича, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо туясига миниб турган жойида азон айтар, сўнг туядан тушиб иқомат айтар эди[21].
(11) Баланд жойга чиқиб азон айтиш

Муаззин баланд жойга чиқиб азон айтиши мустаҳаб. Абу Довуд Бани Нажжор қабиласидан бўлган бир аёлдан ривоят қилади. У шундай дейди: «Уйимиз масжид атрофидаги энг баланд уйлардан бири эди. Билол уйимизнинг томига чиқиб бомдодга азон айтар эди. У саҳар пайти томга чиқиб, субҳи содиқни кузатар, агар субҳи содиқ чиққанини кўрса, (узоқ кутиб қолганидан) бир керишиб, сўнг шундай дер эди: «Эй Аллоҳ, мен Сенга ҳамд-сано айтаман. Қурайш динингни қабул қилиши учун Ўзингдан ёрдам сўрайман”. Шундан сўнг у азон айтишни бошлар эди”[22].  

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муаззин азон айтиши учун унинг ўзи баланд жойга чиқиши ёки ҳозирги даврдагидек азонни микрофонда айтиш билан унинг овози баланд чиқиши ўртасида фарқ йўқ”[23].

[1] Саҳиҳ: Абу Довуд (531), Термизий (209), Насоий (2/23), Ибн Можа (714, 987) ривояти.
[2] «Аш-шарҳул мумтеъ» (2/44). Ибн Ҳазм «Муҳалло»да (3/193) шунга ўхшаш фикрни рожиҳ деган.
[3] Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳнинг айтишича, ҳоким муаззинлар учун маош ажратиши лозим. Чунки ҳар доим ҳам кўнгилли равишда азон айтадиганлар топилавермайди. Агар кўнгилли азон айтадиган топилса, эҳтиёж бўлмагани сабаб ундан бошқасига маош тўлаб азон айттирмайди. Шавконий роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, муаззиннинг шартлашиб маош олиши ҳаром. Аммо ўзи талаб қилмасдан иш ҳақи берилса, уни олиши жоиз. Қаранг: Нававийнинг «Ал-мажмуъ» (3/126) китоби, «Ал-муғний» (1/415).
[4] «Ал-муғний» (1/412).
[5] «Ал-ихтиёротул фиқҳийя» (37-бет).
[6] Бухорий (617), Муслим (1092), Термизий (203), Насоий (2/10), Абу Довуд (2347) ва Ибн Можа (1696) ривоят қилишган.
[7] «Ал-ихтиёротул фиқҳийя» (37).
[8] Қаранг: «Азоннинг йўлга қўйилиши” сарлавҳали мақола.
[9] Бухорий (609), Насоий (12/21) ва Ибн Хузайма (389) ривоят қилишган.
[10] Бухорий муаллақ ҳолда (2/82) ва Ибн Абу Шайба (1/229) эса ҳадис санадини туташ ҳолда  ривоят қилган.
[11] Азондаги “ҳайя алас солаҳ” ва “ҳайя алал фалаҳ” жумлаларига «ҳайъалатайн” дейилади.
[12] Бухорий (634), Муслим (503), Абу Довуд (520), Термизий (197), Насоий (2/25), Ибн Можа (711), Ибн Хузайма (387) ривояти. Бухорий ривоятида «ўнг ва чап томонга қаратиб» деган жойи йўқ.
[13] Абу Довуд ривоятидаги қўшимча заиф. Чунки ровийлар ичида Қайс ибн Рабеъ бўлиб, у заиф ровийдир.
[14] “Фатҳул Борий” (2/115).
[15] Ибн Хузайма (387).
[16] Аҳмад (4/307), Термизий (197), шунингдек, Табароний «Кабир»да (22/101) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий саҳиҳ деган.
[17] “Ал-ижмо” (7-бет).
[18] Муслим (373), Абу Довуд (18), Термизий (3381), Ибн Можа (302) ривояти.
[19] “Ал-ижмо” (7-бет).
[20] Ҳасан Абдийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Абу Зайдни ўтирган ҳолида азон айтганини кўрдим. Унинг оёғи Аллоҳ йўлидаги (жиҳод)да жароҳатланган эди». [Байҳақий (1/293) ривояти. Санади ҳасан. Албоний «Ал-ирво»да (225) ҳасан деган.]
[21] Ҳасан: Ибн Абу Шайба (1/193), Байҳақий (1/392) икки санад орқали ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний «Ал-ирво»да (226) ҳасан деган.
[22] Абу Довуд (519) ривояти. Санади ҳасан.
[23] “Аш-шарҳул мумтеъ” (2/52).

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Азонни куй қилиб айтиш мумкинми?

Изоҳ қолдиринг