Эҳромда мумкин бўлган ишлар

0

Эҳромда мумкин бўлган ишлар

Қуйида эҳромдаги инсон қилиши мумкин бўлган ишларни санаб ўтамиз. Баъзи инсонлар қаттиқ туриб олиб, эҳромда бу ишларни қилиш жоиз эмас, деб ўйлашади.

  1. Ювиниш ва кийимларни ювиш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан сўралди: «Эҳромдалик ҳолатингизда ҳаммомга кирасизми?». «Аллоҳнинг кирларимиз (баданимизда қолган ёки қолмагани) билан нима иши бор?!»[1], жавоб берди Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо.

Бухорий Абдуллоҳ ибн Ҳунайндан ривоят қилади. У шундай дейди: «Ибн Аббос билан Мисвар ибн Махрама розияллоҳу анҳум тортишиб қолишди. Ибн Аббос «Эҳромдаги инсон бошини ювиши жоиз», деса, Мисвар «Эҳромдаги инсон бошини ювиши жоиз эмас», деди. Шунда Ибн Аббос мени Абу Айюб Ансорий розияллоҳу анҳунинг олдига юборди. Борсам, у бир мато билан тўсилиб олиб, қудуқ чеккасидаги (қудуқдан сув тортиб олиш учун ғалтак ўрнатиладиган) икки ёғоч устун ўртасида ювиняпти экан. Мен унга салом бердим. «Ким у?», деди у. «Бу мен Абдуллоҳ ибн Ҳунайн. Мени Ибн Аббос юборди. Сиздан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромда қандай ғусл қилишлари ҳақида сўраяпти», дедим. Шунда Абу Айюб қўлини матонинг устига қўйиб, уни пастга туширган эди, боши кўринди. Шундан сўнг унга сув қуйиб турган кишига қарата: «Қуй», деди. У Абу Айюбнинг бошига сув қуйди. Абу Айюб қўллари билан бошини ишқалади, қўли у ёқдан бу ёққа бориб келди. Шундан сўнг: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана шундай қил(иб ғусл қил)ганларини кўрганман», деди»[2].

  1. Баданни қашиш ва тараниш

Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мўминларнинг оналаридан бирини эҳромдалик пайтида ўрилган сочларини ёйиб, таранишга буюрганлар[3].

Ойша розияллоҳу анҳо эҳромдаги инсон баданини қашиши тўғрисида сўралганда шундай деган: “Ҳа, қашисин, қаттиқ қашисин[4]. Баданни қашиш ёки ювиниш асносида баъзи туклар тўкилса, зиёни йўқ, бу билан унга бирон нарса вожиб бўлмайди.

  1. Ойнага қараш, хушбўйликларни ҳидлаш ва даволаниш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “(Эҳромдаги инсон) райҳон ҳидлаши, ойнага қараши, ёғ ва сариёғ еб даволаниши мумкин[5].

Шунга кўра, инсон даволаниш мақсадида баданига айрим доривор гиёҳларни суртса, гарчи унинг ўткир ҳиди бўлса-да, зиёни йўқ. Умуман олганда, инсон эҳромда экан, одатда хушбўйланиш учун ишлатиладиган атирларнигина ишлатиши тақиқланади.

Шунга биноан, инсон бирон хушбўйликни ёпиқ идишда кўтариб юрса, бирон атторлик дўконига кирса ёки бирон хушбўй мева ёки шарбат ичса, мазкур ҳолатларнинг барчасида хушбўйлик ишлатган бўлмайди.

  1. Ҳижома қилдириш ва қон олдириш

Эҳромдаги  инсон ҳижома қилдириши ёки қон олдириши жоиз. Ҳижома қилдириш учун бадандаги айрим тукларни қиришга тўғри келса ҳам зиёни йўқ. Шунингдек, эҳромдаги инсон жарроҳлик амалиёти қилдириши ҳам жоиз. Гарчи амалиёт инсондан сочининг бир қисмини ёки баданидаги айрим тукларни қиришни тақозо қилса-да, зиёни йўқ. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдалик пайтларида ҳижома қилдирганлар.

Қолаверса, эҳромдаги инсон укол олиши, синган жойига тахтакач боғлаши, жароҳат ўрнини боғлаши ҳам жоиз. Бунинг учун унга ҳеч қандай жарима вожиб бўлмайди.

  1. Тиш олдириш ва синган тирноқни кесиш

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Эҳромдаги инсон ҳаммомга кириши, тишини суғуриши, синган тирноғини кесиб ташлаши мумкин. Баданингиздаги кирларни кетказинг. Аллоҳга кирларингизнинг кераги йўқ»[6].

  1. Зараркунанда жонзотларни ўлдириш

Эҳромдаги инсон пашша, чивин, бурга каби зараркунанда ҳашаротларни, ўлдиришга буюрилган ҳайвонларни, шунингдек, ҳар қандай азият берадиган жонзотларни ўлдириши жоиз.

  1. Керакли буюмларни олиб юриш

Эҳромдаги инсон соат, узук, кўзойнак, кўз линзаси, қулоқчин (наушник), протез тишлар, камар ва ҳоказо нарсаларни тақиши жоиз. Шунингдек, сумкасини елкасига осиб юриши ҳам мумкин.

Шунингдек, аёл киши эҳромда тақинчоқларини тақиб олиши жоиз. Чунки бундан қайтарган бирон далил йўқ. Юқорида зикр қилинган нарсаларнинг биронтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эҳромдаги киши кийишидан қайтарган кийимлар сирасига кирмайди.

  1. Хонаки ҳайвонларни сўйиш

Эҳромдаги инсон туя, қорамол, қўй-эчки, товуқ, ғоз каби ов ҳайвонларидан саналмаган хонаки ҳайвонларни сўйиши жоиз. Бу ҳайвонлар хоҳ ўзиники бўлсин, хоҳ бировники, фарқи йўқ. Муҳими ов ҳайвонларидан бўлмаса, бўлгани.

  1. Юзни тўсиш

Эҳромдаги инсон умуман олганда ва айниқса, бирон зарурат туғилганда юзини ёпиши жоиз. Қосим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади: «Усмон ибн Аффон, Зайд ибн Собит ва Марвон ибн Ҳакамлар эҳромда эканлар, юзларини ёпишар эди[7]». Мужоҳиддан ривоят қилинади: «(Саҳобалар) эҳромда бўлган ҳолатларида шамол эсса юзларини беркитар эдилар».

  1. Касаллик сабабли бошни боғлаш

Эҳромдаги инсон юкларини бошига қўйиб кўтариши, бирон жароҳат ёки бош оғриғи сабабли бошини боғлаши жоиз. Бунинг учун унга бирон жарима вожиб бўлмайди. Чунки бу ишлар бош кийим кийиш ҳисобланмайди. Шунингдек, эҳромдаги инсон салқинлаш ёки даволаниш мақсадида (махсус қопга солинган бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар) бошига муз қўйиши ҳам жоиз.

[1] Байҳақий (5/63) ривояти. Қаранг: «Муҳалло» (7/381, 89-масала).
[2] Бухорий (1840), Муслим (1205), Абу Довуд (1840), Насоий (5/128), Ибн Можа (2934) ривояти.
[3] Бухорий (1556), Муслим (1211) ривояти.
[4] Молик «Муватто»да (1/358) ривоят қилган.
[5] Қаранг: «Сунани Байҳақий» (5/57), Ибн Абу Шайба (14601).
[6] Байҳақий (5/62), Дорақутний (2/232) ривояти. Қаранг: «Муҳалло» (7/281).
[7] Байҳақий (5/54) ривояти.

 

Изоҳ қолдиринг