Жаҳмийларнинг асосий эътиқодлари (4)

0

Иймоннинг моҳияти масаласидаги хатолари

Уммат ўртасидаги аксар фитналар ҳамда дин борасида пайдо бўлган шубҳаларнинг аксарига Жаҳм ибн Сафвон асос солган. Ҳанузгача  у пайдо қилган фикрларни маъқуллайдиган кимсалар орамизда йўқ дея олмаймиз. Илмни иймон моҳиятига қўшмаслик Жаҳм пайдо қилган энг муҳим шубҳалардан бири саналади. Жаҳмийлар наздида иймон фақатгина қалб билан иқрор бўлишдан иборат бўлиб, амалнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Шунинг учун ҳам жаҳмийлик мазҳабини маҳкам тутганларнинг аксарияти фосиқлар эканига гувоҳ бўласиз. Сабаби, жаҳмийлик мазҳаби уларнинг ҳойи ҳавасига тўғри келади ва қилаётган барча гуноҳларига кўз юмган ҳолда уларни иймони комил мўмин деб ҳисоблайди.

Жаҳмийларга кўра, иймон фақат Аллоҳни танишдан иборат, амалнинг иймонга асло таъсири йўқ, гуноҳи кабира қилишнинг эътиқодга асло таъсири бўлмайди, балки гуноҳи кабира амалга тегишлидир. Бинобарин, гуноҳларнинг қалбдаги иймонга асло таъсири ўтмайди. Мана шу тушунчалар билан жаҳмийлар инсонларга гуноҳ ишларни енгил кўрсатиб, ибодат борасида дангасалик қилишларига йўл очиб беришди. Шу билан бирга улар ўзларининг иймонини худди Жаброил алайҳиссалом ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг иймонларидек деб билишади. Чунки улар иймонни фақат Аллоҳни таниш деб биладилар. Ваҳоланки, улар Аллоҳни асло танимайдилар. Аллоҳ таолонинг барча исм ва сифатларини инкор этадиганлар қандай қилиб Аллоҳни танийман дейиши мумкин?!

Қазо ва қадар масаласидаги хатолари

Қазо ва қадар масаласида эса улар жабарийлик эътиқодидалар. Яъни, жаҳмийларнинг фикрича, инсон бажараётган ишларнинг барчаси аслида Аллоҳ таоло томонидан бажарилмоқда ва бу борада бандага ҳеч қандай ихтиёр берилмаган. Бошқачароқ қилиб айтганда банда шу ишларни қилишга мажбур, унинг ўз ишларни бажаришдаги ҳаракати худди ўсимлик ва бошқа жисмларнинг ҳаракатига ўхшайди. Бинобарин, кофирга қилган тоати фойда бермагани каби иймони бор киши ҳар қанча гуноҳ қилса ҳам, бунинг зарари йўқ, чунки банда шу гуноҳларни қилишга мажбур, деб эътиқод қилишади.

Ибн Абулъиз роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Жабарийлар “банда бажараётган ишлар худди унинг бўйи ва ранги сингари ўзининг қўлида эмас” деган фикрларини Жаҳм ибн Сафвондан олишган. Уларнинг бу фикрлари тақдирни инкор этадиган қадарийларнинг фикри билан қарама-қарши. Зеро, қадарийлар қадарни – тақдирни инкор этганлари учун шу номни олганлар. Муржиалар ҳам иржони, яъни банда Аллоҳнинг хоҳишида қолишини инкор этганлари учун шу номни олишган. Баъзида жабарийларга ҳам қадарий дейилади. Чунки улар тақдирни исботлашда чуқур кетганлар. Шунингдек, Аллоҳнинг азоби ёки неъмати бўлишини қатъий айтмайдиганлар ҳам муржиа дейилади. Сабаби, улар ғулув кетиб, барча ишларни Аллоҳнинг хоҳишига қолдиришади ва муайян бир инсон ҳақида қатъий фикр билдирилмаганидек, тавба қилган кишига савоб бўлиши ёхуд тавба қилмаганларга азоб бўлишини ҳам қатъий айтмайдилар”[1].

Жаҳмийларнинг қазо ва қадар борасида на шариатга ва на ақлга тўғри келадиган гапларидан бири шуки, гуноҳкор банда шу гуноҳларни бажаришга мажбур ва бундан бошқа чораси йўқ бўлишига қарамасдан Аллоҳ таоло қиёмат куни уни дўзахда азоблайди. Улар бу ишни зулм деб билишмайди. Сабаби, банда Аллоҳнинг мулки, Аллоҳ таоло хоҳласа азоб беради, хоҳласа жаннати билан сийлайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло бандага зулм қилган ҳисобланмайди. Уларнинг бу эътиқодлари ақл бовар қилмаслиги билан бирга Аллоҳ таолонинг “Сўнг ҳар бир жон ўзи қилган ишига яраша тўлиқ жазо-мукофот олади ва уларга асло зулм қилинмайди” (Бақара: 281) оятига зиддир. Қуръони Каримда бу маънони ифодалайдиган оятлар кўп. Инсон қилаётган ишларини бажаришга мажбур ва қилаётган гуноҳлари учун уни маломатлаб бўлмайди, чунки бу ишларни Аллоҳ таоло бажармоқда, деб эътиқод қиладиган жаҳмийлар мазкур оятларга нима деб жавоб беришар экан?! Аллоҳ таоло бандани гуноҳ иш қилишга мажбур қилиб қўйиб, сўнг уни савоб иш қилишга буюриши ва шу буйруқни бажармагани учун унга азоб бериши қайси ақлга тўғри келар экан, ахир бу ҳақиқий зиддият ва бандани тоқати бўлмаган ишга буюриш эмасми?!

Аллоҳ таоло жаҳмийларнинг бу тушунчалари нотўғри эканини баён қилиб: “Аллоҳ бирон жонга тоқатидан ортиғини юкламайди” – деган (Бақара: 286). Банда ўзи қилаётган ишларни бажаришга мажбур, деган тушунча мазкур оят маъносига зид келади. Жаҳмийларнинг эътиқодига кўра, зино қилган ёки ўғирлик қилган инсонни зинокор ёхуд ўғри дейиш ноўрин, чунки бу қабиҳ ишларни бажарган кимса улар наздида Аллоҳ таолонинг буйруғини адо этган бўлади. Аллоҳ таоло ҳеч кимни тўғри йўлдан адаштирмасин!

[1] “Шарҳут Таҳовийя” китоби, 592-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг