Умавийлар давлати: Қибрисликлар сулҳни бузиши ва ўртада уруш бўлиши

0

Қибрисликлар сулҳни бузади

Ҳижрий 32 йили Қибрис аҳли румликларнинг қаттиқ босими остида рум қўшинини мусулмон ўлкаларига уруш қилиш учун қўшимча кемалар билан таъминлашга мажбур бўлди. Бу иши билан Қибрис аҳли сулҳ шартларини бузган саналди. Муовия розияллоҳу анҳу Қибрис аҳли хиёнатга қўл урганини билгач, ушбу оролни бутунлай истило қилишга ва уни мусулмонлар ҳукми остига киритишга қарор қилди. Мусулмонлар оролга шиддатли ҳужум уюштирдилар, бир тарафдан Муовия қўшини, иккинчи тарафдан Абдуллоҳ ибн Саъд қўшини ҳужум қилиб, душманни қатл қилдилар, асир олдилар, жуда кўп ўлжаларга эга бўлдилар. Исломий кучлар босими остида Қибрис ҳокими фотиҳларга таслим бўлиб, улардан сулҳ истади. Муовия илгариги сулҳ шартларига кўра янгидан сулҳ қилди. Бироқ бу марта орол аҳли мусулмонларга қарши яна бош кўтармасликлари учун оролни ундан душманлар ҳужумини даф қиладиган ва унда хавфсизликни таъминлаб турадиган қўшинсиз қолдирмасликка қарор қилди. У оролга ўн икки минг аскар юборди, у ерда бир шаҳар бино қилди, масжид қурдирди, ундаги аскарларга маош тайин қилди. Шундан сўнг орол сокинликда ва румликларнинг кутилмаган ҳужумларидан омонликда давом этди. Мусулмонлар Қибрис аҳли ҳарбий куч-қудратга эга эмаслигини, устларига бостириб келадиган ҳар қандай қўшин олдида заиф-ночорлигини, шу боис румликлар уларга ғолиб келиб, уларни ўз манфаатларига бўйсундириб олишганини тушундилар. Шунинг учун уларни Рум зулмидан ва византияликлар ҳукмронлигидан ҳимоя қилишни ўз вазифалари деб билдилар[1].

Халқлар Аллоҳга осий бўлишса, Аллоҳ наздида нақадар қадрсиз бўлишади

Ушбу ғазот ҳақидаги маълумотлар оқимида қуйидаги хабар келган. Абу Дардо розияллоҳу анҳу душман асирларини кўриб йиғлади, сўнг: “Халқлар Аллоҳга осий бўлишса нақадар Аллоҳ наздида қадрсиз бўлади! Қара бу қавмга! Улар қудратли ва душманларига қаҳрли халқ эди. Аллоҳнинг амрини тарк қилиб, Унга осий бўлишгач, кўриб турганингдек аҳволга дучор бўлишди», деди[2].

Бир ривоятда: Жубайр ибн Нуфайр ундан: “Аллоҳ Ислом ва унинг аҳлини азиз қилган кун нима сабабдан йиғлаяпсиз?”, деб сўраган эди, “Эй Жубайр, халқлар Аллоҳнинг амрини зое қилишса, улар Аллоҳга нақадар қадрсиз бўлишини кўрдингми?! Бу бир қудратли, золим халқ эди, катта мулкка эга эди. Аллоҳнинг амрини тарк қилишгани боис кўриб турганингдек аҳволга дучор бўлишди», деди[3].

Абу Дардонинг бу сўзлари фаҳм-фаросати нақадар ўткирлигига ва Аллоҳнинг ишларини чуқур англашига мисолдир. Абу Дардодан Аллоҳ рози бўлсин, бу улуғ саҳоба Аллоҳ кўзларини кўр қилиб қўйган ва ҳақ даъватга эргашмасдан мана шундай аянчли аҳволга тушган кимсаларга ачиниб йиғлади. Улар ботилда маҳкам туришлари ва ҳаққа бўйсунишдан кибр қилишгани сабабли аввал ўзлари эга бўлган ҳукмдорлик ва иззатдан хорлик ва зиллатга тушиб қолдилар. Агар ақлларини ишлатиб, фикр юритганларида эди, исломни қабул қилиш билан мулклари сақланиб қолишига, диёрларининг ободлигига ва ислом давлатининг ҳимоясига эришишларини англаган бўлардилар.

Муовия Қибрис ўлжалари тақсимига Убода ибн Сомитни бош қилгани

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Муовия розияллоҳу анҳуга: “Ҳунайн жанги куни одамлар ғаниматлар ҳақида гапиришганида кўрдимки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туянинг бир дона тукини қўлларига олиб: “Аллоҳ сизларга ғанимат қилиб берган бу ўлжалардан шунчаси ҳам меники бўлмайди, фақат бешдан бири менга тегишли бўлиб, шу ҳам яна ўзларингизга қайтади”, дедилар[4]. Шундай экан, эй Муовия, Аллоҳдан қўрқинг ва ғаниматларни ўз ўрнига тақсимланг, ҳеч кимга ҳаққидан ортиқча бирон нарса берманг”, деди. Шунда Муовия: “Унда ўлжалар тақсимотига сиз бош бўлинг, Шомда сиздан афзалроқ ва сиздан олимроқ ҳеч ким йўқ, сиз уни адолат билан тақсимланг ва бу борада Аллоҳдан тақво қилинг”, деди. Шундан сўнг Убода ғаниматларни тақсимлади, Абу Дардо ва Абу Умома унга ёрдам бериб турдилар[5].

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу Шом мадрасаси муассисларидан эди. Умар розияллоҳу анҳу уни Шомга қози ва муаллим қилиб йўллаганди. У дастлаб Ҳимсда турди, сўнг Фаластинга кўчиб бориб, у ерда қозилик вазифасида турди ва Фаластиннинг биринчи қозиси бўлди. Қозиликдан ташқари у то вафотига қадар Фаластин аҳлига Қуръондан таълим берди.

 

[1] “Жавла тарихия” (361-бет).
[2] “Тарихи исломий” (12/396).
[3] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (7/159).
[4] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (4/353).
[5] “Ар-риёзун-назираҳ” (561-бет).

Изоҳ қолдиринг