Ароқ – ёмонликлар онаси

0

Алҳамдулиллаҳ;

Атрофимизда оила ва жамиятга оид саноқсиз муаммолар борки, уларни эшитиб, қалбинг оғрийди, ҳасрат чекасан, хафа бўласан киши. Муаммоларни ўрганиб қаралса, энг ачинарлиси маст қилувчи ичимликлар ҳамда гиёҳванд моддалар сабабли содир этилаётган муаммолар эканига гувоҳ бўламиз. Маст қилувчи ичимликларга ружу қўйганлар тубанлик ва разолат домига ғарқ бўлган кимсалардир. Ичкиликка муккасидан кетганлар ҳақидаги воқеаларни эшитиб, инсоннинг эти жунбушга келади.

Фарзандларимизга бефарқ бўлишимиз уларни бекорчи ишлар билан шуғулланишига сабаб бўлмоқда. Бекорчилик оқибатида улар инсон кўринишидаги шайтонлар билан дўстлашадилар,  маишатпарастликка бериладилар. Бу эса ачинарли оқибатларга олиб боради. Шунинг учун биз келажагимиз бўлмиш ёшларимизни турли хил хатарлардан асраб-авайлашимиз, уларни тўғри йўналишда тарбиялашимиз даркор. Биз фарзандларимиз тарбиясига лоқайд бўлганимиз учун ўғилларимиз у ёқда турсин, ҳатто қизларимиз ҳам ичкилик иллатига мубтало бўлишмоқда. Бундан оғир мусибат бўлиши мумкинми?!

Ичкилик иллатига мубтало бўлиш инсоннинг яшаш тарзини бузади, ҳаёт равнақини йўқотади. Бу иллатга чалинганларнинг ҳаёти энг расво кўринишда ва энг разил аҳволда ўтади. Чунки мастлик инсонни ҳайвондан ажратиб турувчи неъмат – ақл неъматидан жудо қилади, маст киши фикр юритиш қобилиятини йўқотади, эркаклигини бой беради, ҳаё ва иффатидан маҳрум бўлади. Бошқача қилиб айтганда, инсон маст бўлиши билан инсонийлик деб аталмиш энг улуғ мартабадан энг қуйи ҳайвонийлик даражасига тушиб қолади. Ичкиликбозлик дастлаб инсон кўзига иззат, лаззат ва маишат бўлиб кўриниши мумкин, лекин аслида бу иш разолат, хорлик ва азобдир. Бошида кимларгадир тақлид қилиб бошланган бу нарса оқибатда қутулиб бўлмайдиган иллатларга айланади.

Ичкилик қабиҳ ва разил ишларнинг эшигидир. Зино, одам ўлдириш ё ўғрилик қилиш Аллоҳнинг ғазабига сабаб бўладиган катта гуноҳ бўлса, маст қилувчи ичимликлар шу фисқу фасодларнинг онаси ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда бу ичимликларни шайтон амалидан пайдо бўлган нопоклик деб атагани бежиз эмас.

Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ароқ борасида ўн кишини лаънатлаганлар. Бу ўн киши:
1) ароқни тайёрлаган;
2) тайёрлатган;
3) ичган;
4) олиб келган;
5) опкелтирган;
6) қуйиб берган;
7) сотган;
8) пулини еган;
9) сотиб олган;
10) унга атаб сотиб олинган кишидир.

Азиз ўқувчи, Худо ҳаққи айтингчи, мусулмон инсон Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг лаънатларига дучор бўлиб, Аллоҳнинг раҳматидан бадарға бўлишга рози бўлиши мумкинми?! Йўқ, албатта! Мусулмон киши ўзининг мусулмон эканини, иймони бор эканини унутган вақтидагина бу қабиҳ ишга қўл уриши мумкин. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароқ ичувчи киши мўмин ҳолатида ичмайди” – деганлар (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ичкиликка муккасидан кетишнинг дунёда ҳам, охиратда ҳам бир талай зарарлари бор. Келинг, аввало бу иллатнинг охиратдаги зарарларига тўхталиб ўтайлик:

Имом Аҳмад ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароққа муккасидан кетиб ўлган киши қиёматда Аллоҳ таолога бутга ибодат қилган кишидек йўлиқади” – деганлар. Сабаби, ароққа муккасидан кетиш шундай бир босқички, унда инсон ароқнинг бандасига айланади. Ароқ учун керак бўлса обрўсини ҳам, ҳаётини ҳам беради. Бу эса ибодатнинг энг юқори кўринишидир. Ибн Можа ривоят қилган бошқа бир ҳадисда эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароққа муккасидан кетган инсон жаннатга кирмайди” – деганлар. Муслим ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ароқ ичган кишига тийнатул хабол ичиришни Аллоҳ Ўз зиммасига олган” – деганлар. Саҳобалар тийнатул хабол нима эканини сўрашганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дўзах аҳлидан чиққан тер” – деб жавоб берганлар. Шунингдек, ароқ ичган кишининг қирқ кунлик намози қабул қилинмаслиги ҳам саҳиҳ ҳадисларда айтиб ўтилган. Юқоридаги ҳадисларда айтилган ароқ сўзидан маст қиладиган барча ичимликлар назарда тутилган.

Энди ичкиликнинг дунёвий зарарларига келадиган бўлсак, ароқ инсоннинг ақл-идроки пасайишига сабаб бўлади. Чунки мастлик чоғида инсон бутунлай ақлидан ажралиб, то ўзига келгунига қадар телба ҳисобланади. Баъзи инсонларда бора-бора бутунлай ақл йўқолиши ҳам кузатилади. Шунингдек, ароқ адоват ва келишмовчиликларга сабаб бўлади. Чунки маст қилувчи ичимликларга муккасидан кетганларнинг асосий ғам-ташвиши ароқ бўлиб, улар арзимаган сабаблар билан жанжаллашадиган бўлиб қолишади. Улар фақатгина ароқ ичишга тўпланиб шод бўладилар, холос. Бундан ташқари, ароқхўрлик ошқозон бузилиши, қорин осилиб, кўзлар бўртиб қолиши, сил касалига дучор бўлиш, ичаклар йиринглаши, насл заифлашиши ёки буткул наслсизлик каби бир неча хатарли касалликларга олиб боради. Зинокорлик, баччабозлик ва бошқа фаҳш ишлар ҳам асосан ичкиликка ружу қўйган кишилар томонидан содир этилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни барча нопокликларнинг онаси ва ҳар бир ёмонликнинг калити деганлари қанчалар тўғри эканига яна бир бор иқрор бўласан киши.

Тўғри, ароқнинг баъзи фойдалари ҳам йўқ эмас. Бироқ, ундан келадиган зарарлар олдида фойдаси арзимас бўлиб қолади. Шунинг учун Аллоҳ таоло ароқ ва қимор ҳақида: “Айтинг, у иккисида катта гуноҳ бор. Инсонларга фойдаси ҳам бор” – деган. Аллоҳ таоло мўминларга шу даражада меҳрибонки, ҳатто ўзимиз учун зарарли бўлган ароқнинг арзимас фойдасидан воз кечганимиз учун жаннатда бизни ароқ билан сийлайди. Бироқ жаннатдаги ароқнинг фарқи шундаки, унда дунёдаги ароқда бор зарарларнинг бирортаси йўқ. Масалан, жаннатдаги ароқнинг ранги оқ, таъми ширин бўлади, бош ёки қорин оғриғига сабаб бўлмайди, ақлни олмайди, уни ичган одам бекорчи ва гуноҳ сўзларни гапириб қолмайди. Шунингдек, дунёда ароқ оғзи ёмон, фаҳш ишларни севадиган улфатлар билан ичилса, жаннатдаги ароқ ақл бовар қилмайдиган даражада чиройли, эридан бошқага кўз қирини ҳам ташламайдиган, бокира ва ёш ҳурлар билан боғу роғлар ичида оқиб турган ароқ анҳоридан ичилади. Хоҳласангиз бу дунёдаги нопок ароқнинг арзимас лаззатини тотиб, охиратда дўзахилардан чиққан тер ва йирингларни ичинг ёки зарарлари сероб бўлган бу ароқдан воз кечиш эвазига жаннатдаги лаззатли ароқни ҳуру ийнлар билан ичинг, танлаш имкони ўзингизда.

Ривожланган давлатлар ичкиликка муккасидан кетишнинг жамиятга, иқтисодга, инсоннинг хулқига қанчалар зарарли эканини англаб етганлари учун алкашликка қарши курашадиган ташкилотлар қуриб, ичганларга жарима солиб, қамаб, ҳатто ўлим жазоси қўллаб, охир-оқибат ароқдан қайтариш имконсиз деган хулосага келишди ва ароқ ичишга тўлиқлигича рухсат беришга  мажбур бўлишди. Ислом эса қарийб ўн беш аср олдин бу иллатнинг зарарини тушунтириб, “Моида” сурасидаги “Ароқ ичишдан тийиласизларми, ахир?!” ояти билан мусулмонларга ароқ ичишни ҳаром қилганида саҳобалар: “Тийилдик, Парвардигоро, тийилдик!” – деб, дарҳол ароқ ичишни бас қилдилар. Ҳатто саҳобалар бу оятни эшитганларида ароқни қўлида ушлаб турганлар ичмасдан ерга сепиб юборишди, оғзига олганлар ютмасдан тупуриб ташлашди. Сабаби, улар ароқ зарарли бўлгани учунгина эмас, ароқ ичишни Аллоҳ таоло ҳаром қилгани учун, ҳаром қилиш билан чекланиб қолмай, жамиятда шу иллат ривожланишига ўз ҳиссасини қўшадиган барча инсонларни лаънатлагани учун ароқ ичишни ташладилар. Буни қалбида иймони бор мўминларгина тушунади, холос.

Аллоҳ таоло бизга ҳам мана шундай иймон насиб этсин, жаннатда Аллоҳ берадиган зиёфатда биргаликда лаззатли ва безарар ароқ ичишни барчамизга насиб айласин!

Мақола IslamWeb саҳифасидаги мақола асосида ёзилди

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг