Ҳаж ёки умра қилиш учун эҳром ўраган инсон Масжиди Ҳаромга киргач Каъба атрофида етти марта тавоф қилади. Мазкур тавоф қорин ва муфрид ҳожилар учун “тавофул қудум”, фақат умра қилиш учун келганлар ёки мутаматтеъ ҳожилар учун эса “тавофул умра” дейилади.
Тавоф қилиш тартиби:
Инсон Каъбага етиб келгач, эркаклар “изтибоъ” қилиб, яъни ўнг елкаларини очиб, матонинг бир учини чап елкаларига ташлаб олган ҳолда тавофни бошлайдилар. Тавоф қуйидагича бўлади:
Биринчидан: Ҳажари асвад (қоратош)ни ўпиш
Тавоф Ҳажари асвад қаршисидан бошланади. Бунинг учун инсон Ҳажари асвадга юзланади ва “Аллоҳу акбар” деб такбир айтади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаж қилиш кўриниши тўғрисидаги ҳадис шунга далолат қилади[1]. Шунингдек, бу ўринда “Бисмиллаҳи, валлоҳу акбар” дейиш ҳам жоиз. Зеро, “Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо Ҳажари асвадни ўпса (ёки силаса), “Бисмиллаҳи, валлоҳу акбар” дер эди”[2].
Сўнг Ҳажари асвадни қўли билан силаб, оғзи билан ўпади. “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да ривоят қилинган ҳадисда келишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажари асвадни қўллари билан силаб, оғизлари билан ўпганлар!”[3].
Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шунингдек, Ҳажари авсад устига сажда қилиш ҳам мустаҳаб. Бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, Умар ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлардан амалий исботини топган”[4].
Агар Ҳажари асвадни ўпишга имкон топмаса, уни қўли билан ёки бирон нарса билан силаб, сўнг қўлини ёки ўша нарсани ўпади.
Нофеъдан ривоят қилинишича, у шундай дейди: “Ибн Умарнинг Ҳажари асвадни қўли билан силаб, сўнг қўлини ўпганини ва “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай қилганларини кўрганимдан буён бу ишни тарк қилмадим”, деганини кўрдим”[5].
Абу Туфайлдан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Каъбани тавоф қилганларини, Ҳажари асвадни қўлларидаги боши эгри таёқ билан силаб, таёқни ўпганларини кўрдим”[6].
Агар Ҳажари асвадни силашга ҳам имкон топмаса, у ҳолда узоқдан Ҳажари асвад томонга қўли билан ишора қилади, бироқ қўлини ўпмайди. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам туяга миниб тавоф қилдилар. Қачон (Ҳажари асвад мавжуд бўлган) бурчак қаршисига келсалар, қўлларидаги бирон нарса билан унга ишора қилиб, такбир айтар (Аллоҳу акбар дер) эдилар”[7].
Юқорида зикр қилинган тартибда етти марта тавоф қилинади.
Иккинчидан: тавофга киришиш
Ҳажари асвад қаршисига келиб, уни ўпгач, силагач ёхуд узоқдан унга ишора қилгач, Ҳажари асвадни чап томонида қолдирган ҳолда (соат йўналишига тескари равишда) етти марта тавоф қилишни бошлайди. Етти бор тавофнинг ҳар бирини Ҳажари асваддан бошлаб, Ҳажари асвадда тугатади. Тавоф мобайнида эркаклар ўнг елкаларини очиб, матонинг бир учини чап елкаларига ташлаб олишлари[8] суннатдир. Шунингдек, тавофнинг дастлабки уч марта айланишида йўрғалаб юриш[9], қолган тўрт мартасида эса оддий юриш суннат саналади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажари асваддан Ҳажари асвадгача уч марта йўрғалаб, тўрт марта оддий юрганлар”[10].
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбани дастлаб тавоф қилсалар, уч марта йўрғалаб, тўрт марта оддий юриб тавоф қилар эдилар”[11].
Шуни алоҳида эслатиб ўтиш лозимки, араб тилида “рамл” ёки “хабб” деб аталувчи юриш услуби қисқа ва тез қадам ташлаб юришдан иборатдир. Баъзи авом инсонлар уни елкани силкитиб юриш деб тушунадилар. Бинобарин, бундай юриш тарзини ўзбек тилида “лўкиллаб юриш” демасдан, балки «йўрғалаб юриш» дейиш мақсадга мувофиқ бўлса керак.
Тавоф қилиш асносида рукни ямоний (Каъбанинг Ҳажари асваддан олдинги бурчаги)га етиб келса, ҳар бир айланишда такбир айтмасдан уни қўли билан силайди. Рукни ямонийни ўпиш жоиз эмас. Агар уни силаш имкони бўлмаса, узоқдан қўл кўтариб, ишора қилмасдан тавофни давом эттираверади.
Рукни ямоний билан Ҳажари асвад ўртасида “Роббанаа аатинаа фид-дуня ҳасанаҳ ва фил-аахироти ҳасанаҳ ва қинаа азаабан-наар”[12] (яъни “Эй Парвардигор, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан сақла), деб дуо қилиш мустаҳаб.
Мавзуга оид мулоҳазалар: (1) Шуни билиш лозимки, тавоф мобайнида “изтибоъ” қилиш, яъни эркаклар ўнг елкаларини очиб, матонинг бир учини чап елкаларига ташлаб олишлари, шунингдек, тавофнинг дастлабки уч бор айланишида “рамл” қилиш, яъни йўрғалаб юриш фақат тавофул қудумга тегишлидир. Ундан бошқа тавофларда “изтибоъ” ёки “рамл” қилиш жоиз эмас. Қолаверса, бу икки иш тавофнинг суннатларидан саналади. Бинобарин, уни тарк қилишнинг тавофга зарари йўқ.
(2) Агар дастлабки уч бор айланишда йўрғалаб юришга имкон топмаса, гарчи охирги уч бор тавофда имкон топса ҳам йўрғалаб юрмайди. Чунки йўрғалаш вақти ўтиб кетган бўлади. Қолаверса, тавофнинг охирларидаги суннат йўрғалаб юриш эмас, балки оддий юришдир.
(3) Агар Каъбадан узоқлашса йўрғалаш, яқинлашса фақат оддий юриш имкони бўлса, қай бирини қилган афзал?
Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Гарчи Каъбадан узоқ бўлса ҳам йўрғалаб юргани афзал. Зеро, ибодатнинг ўзига тааллуқли бўлган фазилатга риоя қилиш унинг жойига тааллуқли бўлган фазилатга риоя қилишдан афзалдир».
(4) Каъба атрофида тавоф қилинаркан, Ҳижрнинг (одамлар орасида «Ҳижри Исмоил»[13] номи билан машҳур) ташқарисидан айланиш лозим. Негаки, Ҳижр Каъбанинг бир қисми саналади. Маълумки, Каъбанинг ташқарисидан тавоф қилиш тавоф шартларидан биридир. Агар инсон тавофда Ҳижрнинг ичидан ўтса, тавофи дуруст бўлмайди.
(5) Агар неча марта тавоф қилгани тўғрисида иккиланиб қолса, иккиланиб турган икки рақамдан камроғини олиб, тавофни давом эттиради.
(6) «Рамл» ва «изтибоъ» қилиш фақат эркакларга тааллуқли. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: «Эй аёллар жамоати, Каъба атрофида рамл қилиш (яъни йўрғалаб юриш) сизларнинг ишингиз эмас. Сизлар биз (мўминларнинг оналари)дан ўрнак олинг»[14]. Шунингдек, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумлардан ҳам аёлларнинг тавофда йўрғалаши жоиз эмаслиги тўғрисида ривоятлар бор[15].
(7) Тавофда айтиладиган муайян зикрлар йўқ. Баъзи авом инсонлар тавофдаги ҳар бир айланиш учун ўзига хос дуолар тузиб чиқишган. Бироқ бундай қилиш бидъат саналади. Негаки, суннатда рукни ямоний билан Ҳажари асвад ўртасида айтиладиган дуодан бошқаси келмаган. Мазкур дуо Абдуллоҳ ибн Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. У шундай дейди: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни рукни ямоний билан Ҳажари асвад ўртасида “Роббанаа аатинаа фид-дуня ҳасанаҳ ва фил-аахироти ҳасанаҳ ва қинаа азаабан-наар”[16] (яъни “Эй Парвардигор, бизга бу дунёда ҳам, охиратда ҳам яхшиликни ато эт ва бизни дўзах азобидан сақла), деганларини эшитдим»[17].
Инсон тавоф қилар экан муайян зикр ёки махсус дуога чекланмасдан ўзи билганича кўп дуо ва зикрлар қилиши мақсадга мувофиқдир.
(8) Тавоф қилувчилар шаръий одобларга риоя қилишлари, Ҳажари асвадни ўпиш ёки силаш мақсадида ён-атрофидагиларни туртмасликлари, уларга азият бермасликлари, имкон қадар номаҳрамларга аралашмасликлари ва уларга қарамасликлари лозим бўлади.
(9) Борди-ю, тавоф асносида намозга иқомат айтилса ёки жаноза намози бошланиб қолиб, жаноза намози ўқимоқчи бўлса, у ҳолда намоз ўқиб, сўнг келган жойидан тавофни давом эттиради.
(10) Шуни яхши билиш лозимки, Ҳажари асвадни ўпиш ёки силашдан мақсад ундан хайр-барака умид қилиш эмас, балки суннатга эргашишдир. Дарҳақиқат, Умар розияллоҳу анҳу Ҳажари асвадни ўпар экан шундай деган эди: «Мен аниқ биламанки, сен на фойда ва на зарар берадиган бир тошсан. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сени ўпганини кўрмаганимда ўпмаган бўлардим!»[18].
(11) Айрим авом кишилар Ҳажари асвадни «Ҳажари асъад» деб номлашади. Бироқ бу нотўғри, балки унинг номи «Ҳажари авсад»дир.
(12) Тавоф қилувчи умуман олганда ва айниқса, ўзи юриб тавоф қилиши имконсиз ёки машаққатли бўлса, гарчи юришга қодир бўлса ҳам бирон уловга миниб тавоф қилиши жоиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам видолашув ҳажжида бир туяга миниб олиб, Ҳажари асвадни бир томони қайрилган таёқ билан силаб тавоф қилганлар»[19].
(13) Аёл киши тавоф асносида ҳайз кўриб қолса, то ҳайздан поклангунга қадар тавофни тўхтатиб туради. Ҳайздан поклангач, тавофни келган жойидан давом эттиради. Баъзи уламоларнинг фикрича, аёл киши мазкур ҳолатда янгидан етти марта тавоф қилади.
(14) Агар аёл киши тавоф асносида ҳайз келишидан, натижада тавофни битира олмаганлиги сабаб ҳамроҳларидан ортда қолишдан қўрқиб, махсус дорилар воситасида ҳайз келишининг олдини олмоқчи бўлса, модомики соғлигига зарари бўлмаса, бундай дори-дармонларни истеъмол қилиши жоиз.
(15) Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ айтади: «Каъбанинг (Ҳажари авсад ва рукни ямонийдан) бошқа бурчакларини, мақоми Иброҳимни, ер юзидаги бошқа ҳар қандай масжидлар ва уларнинг деворларини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳужралари, Иброҳим ғори, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз ўқиган жойлар ва бошқа шу каби анбиё ва авлиёларнинг қабр ва мақомларини, Байтил Мақдисдаги тошни ўпиш ва силаш жоиз эмаслигига барча имом-уламолар иттифоқ қилишган»[20].
[1] Муслим (1218) ривояти. [2] Абдураззоқ (8894), Байҳақий (5/79) ривояти. Ибн Ҳажар ҳадисни «Ат-талхис»да саҳиҳ деган. Ҳадис мавқуф ҳадис, яъни Ибн Умар розияллоҳу анҳумонинг сўзидир. Ҳажари асвадни ўпиш ёки силаш чоғида бисмиллоҳни айтиш тўғрисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бирон ҳадис келмаган. Такбир айтиш ҳақида эса юқорида ишора қилинган саҳиҳ ҳадис бор. [3] Бухорий (1609, 1605) ва Муслим (1270) ривояти. [4] Қаранг: Шайх Албонийнинг «Маносикул ҳажжи вал умра» (19-бет) асари. [5] Муслим (1268) ривояти. [6] Муслим (1275), Абу Довуд (1879), Ибн Можа (2949) ривояти. [7] Бухорий (1612, 1613), Термизий (865), Насоий (5/233) ривояти. [8] Араб тилида бу кўринишда эҳром ўрашга “изтибоъ” дейилади. [9] Араб тилида бу тарзда юришга “рамл” ёки “хабб” дейилади. [10] Муслим (1263), Термизий (856), Насоий (5/330), Ибн Можа (2951) ривояти. [11] Бухорий (1603, 1617), Муслим (1261) ривояти. [12] Саҳиҳ: Аҳмад (3/411), Абу Довуд (1892), Ибн Хузайма (2721) ривояти. [13] Каъба атрофидаги қарийб инсон бўйи баландлигидаги ёйсимон шаклдаги бу деворни «Ҳижри Исмоил» дегандан кўра, фақат «Ҳижр» дейиш мақсадга мувофиқ. Чунки у аслида Каъбанинг бир бўлаги бўлган. Қурайш қабиласи Каъбани қайтадан бино қилишган пайтда маблағ етишмовчилиги сабаб бўлиб, унинг бир қисми девордан ташқарида қолиб кетган. Каъбадан ажралиб қолгани учун уни «Ҳижр» деб номлашган. [14] Саҳиҳ: Байҳақий (5/84), Ибн Абу Шайба (3/150) ривояти. [15] Саҳиҳ: Ибн Абу Шайба (3/151), Байҳақий (5/84) ривояти. [16] Саҳиҳ: Аҳмад (3/411), Абу Довуд (1892), Ибн Хузайма (2721) ривояти. [17] Бухорий (1605), Муслим (1270) ривояти. [18] Бухорий (1605), Муслим (1270) ривояти. [19] Бухорий (1607), Муслим (1272), Абу Довуд (1877), Насоий (5/233) ривояти. [20] «Мажмуул фатово» (26/121).