Табарий – муфассирлар имоми (давоми)

0

Илмий асарлари

Табарий роҳимаҳуллоҳнинг бизга қолдирган илмий мероси унинг қанчалар чуқур илм ва кенг дунёқарашга эгалигини, қалами нақадар ўткир ва илмий изланишда нечоғли сабр-тоқатли эканини кўрсатади. Аллоҳ таоло унга беназир ақл-заковат ато этган эди. Табарий роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ томонидан берилган бу иқтидори билан турли соҳаларда кўплаб илмий асарлар қолдирди. Жумладан:

1) “Тафсири Табарий” номи билан танилган “Жомеул баён фий улуумил Қуръон” номли тафсир;
2) “Тарихи Табарий” номи билан машҳур бўлган “Тарийхул мулууки вал умам” номли тарих китоби;
3) “Зайлул музийл” китоби;
4) “Ихтилофу уламоил амсор фий аҳкоми шароиил ислом” китоби, бу китоб ихтилоф мавзусига оид бўлиб, “Ихтилофул фуқаҳо” номи билан танилган;
5) “Латийфул қавл фий аҳкоми шароиил ислом” китоби, бу китоб Табарий роҳимаҳуллоҳнинг фиқҳдаги мазҳабини ифодалайди;
6) “Ал-хафийфу фий аҳкоми шароиил ислом” китоби, фиқҳ тарихи тўғрисида;
7) “Бастул қавл фий аҳкоми шароиил ислом” китоби ҳам фиқҳ тарихи ҳақида бўлиб, бу китобда фиқҳ боблари ва фуқаҳолар ҳақида сўз юритилган;
8) “Таҳзийбул осор ва тафсийлус собити ан Росулиллаҳи минал ахбор” китоби. Бу китобни Қифтий роҳимаҳуллоҳ “Шарҳул осор” деб атаган. Бу китоби ҳадис илмига оид бўлиб, бизга тўлиқлигича етиб келмаган. Сақланиб қолган қисми тўрт жилд китоб шаклида чоп этилган.
9) “Одобул қузот” – бу китоб қозилар ва қозиликка доир ҳукмлар тўғрисида;
10) “Адабун нуфуусил жаййида вал ахлоқил ҳамийда”;
11) “Ал-муснадул мужаррад”;
12) “Ар-радду алаа зил асфор” китоби. Бу китобда Табарий роҳимаҳуллоҳ зоҳирийлик мазҳабининг асосчиси Довуд ибн Али Зоҳирий роҳимаҳуллоҳга раддия ёзган;
13) “Ал-қироот ва танзийлул Қуръон” китоби. “Ал-азҳар” кутубхонасида бу китобнинг қўлёзмаси бор;
14) Эътиқодга оид “Сарийҳус суннат” номли, бир неча бетлик рисола;
15) “Ал-басийр фий маолимид дин” номли рисола. Табарий роҳимаҳуллоҳ бу рисолани Табаристон аҳолисига эътиқод борасидаги ихтилоф ва бидъатларни ёритиш мақсадида ёзган;
16) “Фазоилу Али ибн Аби Толиб” китоби ҳам ҳадис ва ровийларнинг таржимаи ҳоли тўғрисида ёзилган. Бироқ бу китоб охирига етмай қолган;
17-19) “Фазоилу Аби Бакр ва Умар”, “Фазоилу Аббос” ҳамда “Китоб фий иборатир руъё фил ҳадис” китоблари ҳам ниҳоясига етмаган;
20) “Мухтасару маносикил ҳаж”;
21) “Мухтасарул фароиз”;
22) “Ар-радду ало Ибн Абдулҳакам” – бу китоб ихтилоф ва фиқҳи муқорин (мазҳаблараро қиёсий фиқҳ) борасида;
23) “Ал-мўжаз фил усуул” китоби, бу китобни Табарий роҳимаҳуллоҳ одоб-ахлоқ ҳақидаги рисола билан бошлаган, лекин китоб ниҳоясига етмаган;
24) “Ар-рамю бин нушшоб” ёки “Рамюл қавс” – бу китоб кичик ҳажмда бўлиб, унинг Табарий роҳимаҳуллоҳга мансублигида шубҳа бор;
25) “Ар-рисола фий усулил фиқҳ” номли китоби бор эканини Табарий роҳимаҳуллоҳ баъзи китобларида айтиб ўтган. Афтидан бу китоб ижтиҳод масалаларига оид бўлиб, имом Шофеий роҳимаҳуллоҳнинг “Ар-рисола” китоблари кўринишида бўлган;
26) “Ал-ададу ват танзийл”;
27) “Муснаду Ибн Аббос” – бу китоб “Таҳзийбул осор” китобининг бир бўлаги бўлса ажаб эмас. Мазкур китобнинг бизга етиб келган қисми икки жилд шаклида чоп этилган;
28) “Китобул мустаршид”;
29) “Ихтиёр мин ақовийлил фуқаҳо”[1].

Тафсири Табарийни ёзишдаги услуби

Табарий роҳимаҳуллоҳнинг тафсирини ёзишдаги тутган йўли ва услуби ҳақида устоз Муҳаммад Маҳмуд Ҳалабий ҳазратлари шундай дейди:

“Бу тафсир ўзига хос услубда ёзилган. Муаллиф бир ёки бир неча оятларни зикр қилганидан сўнг саҳоба ва тобеинлар каби салафи солиҳларнинг шу оятларнинг тафсирига доир сўзларини келтиради. Сўнг оятнинг ўқилиши ёки тафсиридаги ихтилофга биноан шу оятга ёки унинг бир қисмига тегишли турли хил ривоятларни айтиб ўтади. Бу ривоятларнинг саҳиҳлик даражаси турли хил бўлиши мумкин. Буларнинг ортидан қайси ривоят тўғрироқ ва қабул қилишга лойиқроқ эканини айтади-да, сўнг кейинги оятнинг тафсирига киришиб, худди шу услубда давом этади…

Муаллиф баъзи ривоятларни танқид қилганида ёки тўғрироқ эканини баён қилишда қуйидаги ўлчовларга таянади:
1) тарихий ўлчовларга, яъни ровийларнинг ишончли ёки заиф эканига;
2) илмий ўлчовларга, яъни Қуръон тили бўлмиш араб тилига, араб шоирларининг сўзларига қанчалик тўғри келишига;
3) оятнинг ўқилишига, мазкур кўринишдаги қироат саҳиҳ ёки заиф эканига;
4) уламолар ўртасида маълум бўлган эътиқод ва аҳком асосларига;
5) шунингдек, бундан бошқа илмларга таянган. Зеро, Ибн Жарир Табарий роҳимаҳуллоҳга унга замондош бўлган бир қанча улуғ уламоларга берилмаган илм ато этилган эди”[2].

Уламоларнинг Табарий ҳақидаги фикрлари

Абу Жаъфар Табарий маълум ва машҳур муҳаддис, фақиҳ, қироат илмининг устози ва тарихчи эди” (Ёқут Ҳамавий)[3].

Табарий уламоларнинг имомларидан бири. Унинг гапига таянилади, илми ва таниқлилиги сабабли унинг фикрига мурожаат қилинади. Унга ато этилган илм ҳеч қайси замондошида бўлмаган. У Аллоҳнинг китобини ёдлаган, қироат илмларини тўлиқ билган, тафсирларни чуқур ўрганган, Қуръондаги ҳукмларни тушуниб етган, ҳадис ва санадларнинг саҳиҳ ёки заифларини билган, саҳобалар, тобеинлар ва улардан кейинги уламоларнинг сўзларини ҳамда тарих илмини яхши билган” (Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ)[4].

Табарий фақиҳ, қироат илмининг устози, наҳвшунос, луғатшунос, муҳаддис, тарихшунос ва барча илмларни пухта эгаллаган етук олим эди. Илмда беназир эди. Жуда катта ҳажмда китоблар ёзган” (Қифтий)[5].

Мен ер юзида Муҳаммад ибн Жарирдан олимроқ инсонни билмайман” (Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма)[6].

У илмда, Аллоҳнинг китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилишда энг пешқадам зотлардан эди” (Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ)[7].

Абу Жаъфар улуғ имом, муфассир бебаҳо асарлар муаллифи… исломнинг ишончли имомларининг улуғларидан бўлган” (Заҳабий роҳимаҳуллоҳ)[8].

У ишончли, ростгўй, тафсир илмида пешво, фиқҳ, ижмо ва ихтилоф илмларида имом, тарих соҳасида аллома, қироат, луғат ва бошқа соҳаларда олим эди” (Заҳабий роҳимаҳуллоҳ)[9].

Уламоларнинг Тафсири Табарий ҳақидаги фикрлари

Табарий роҳимаҳуллоҳнинг тафсири асрлар оша уламолар қалблари тўридан ўрин олиб келади. Имом ва уламолар, муаррих ва муфассирларнинг бу китоб ҳақида айтган сўзлари асрлар давомида тафсир учун фахрий ёрлиқ бўлиб келган. Қуйида уламоларимизнинг “Тафсири Табарий” китоби ҳақида билдирган фикрларини келтириб ўтамиз.

Ҳеч ким бу каби китоб ёза олмаган” (Имом Нававий)[10].

Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг тафсири энг улуғ ва энг етук тафсирлардандир…

Одамлар қўлидаги тафсирлар ичида энг саҳиҳи Муҳаммад ибн Жарир Табарийнинг тафсиридир. У ўз тафсирида салафи солиҳларнинг тафсирларини собит санадлар билан келтиради. Китоб ҳар қандай бидъат гаплардан холи бўлиб, муаллиф Муқотил ибн Букайр ҳамда Калбий каби айбланган кишилардан ривоят қилмайди” (Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ)[11].

Унинг тафсир китоби бор. Ҳеч ким унга ўхшашини ёза олмаган” (Заҳабий роҳимаҳуллоҳ)[12].

У катта илмий асарлар ёзган. Тафсир китоби ҳам шулар жумласидан. Ҳануз бу китобдан кўра каттароқ ва фойдалироғи кўрилмаган” (Қифтий)[13].

Унинг китоби энг улуғ тафсирлардан бири… чунки у тафсирларни келтириб, қай бири тўғрироқ эканини ёритади, оятнинг эъроби ҳамда ундан олинадиган ҳукмларни ҳам айтиб ўтади. У мана шу услуби билан бошқа тафсирлардан устун туради” (Суютий роҳимаҳуллоҳ)[14].

Одамлар Ибн Жарирнинг тафсирини қўлга киритиш учун Хитойга сафар қилсалар ҳам кам” (Абу Ҳомид Исфироиний)[15].

Вафоти

Абу Жаъфар роҳимаҳуллоҳ ҳаётининг сўнгги кунларига қадар илм ва амал майдонида яшади. У аббосий халифа Муқтадир Биллоҳ даврида ҳижрий 310 йил, шаввол ойининг 26 куни вафот этди ва Бағдоднинг Руҳбату Ёқуб минтақасидаги ҳовлисига дафн этилди. Унинг жанозасига қанча одам келгани ёлғиз Аллоҳга аён. Бир неча ой мобайнида кечаю кундуз жаноза ўқиш учун унинг қабрига келувчилар кети узилмади[16]. Аллоҳ таоло уни ўз раҳматига олсин!

Мақола IslamStory саҳифасидаги “Имом Табарий” номли мақола асосида ёзилди.

[1] Доктор Муҳаммад Зуҳайлийнинг “Имом Табарий” китоби, 51-53-бетлар.
[2] “Тафсири Табарий” (1\4).
[3] “Мўъжамул удамо” (18\40).
[4] “Тарихи Бағдод” (2\550).
[5] “Инбоҳур рувот” (3\89).
[6] “Ал-ибар” (1\460).
[7] “Ал-бидоя ван ниҳоя” (11\146).
[8] “Мийзонул эътидол” (3\498-499).
[9] “Сияру аъломин нубало” (14\270).
[10] “Таҳзийбул асмо” (1\78).
[11] “Мажмуул фатово” (13\361).
[12] “Сияру аъломин нубало” (14\270).
[13] “Инбоҳур рувот” (3\89).
[14] “Ал-итқон” (2\190).
[15] “Ал-ибар” (1\460).
[16] “Тарихи Бағдод” (2\554).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг