Тавофнинг шартлари, суннатлари ва тавофдаги бидъатлар

0

Тавофнинг шартлари

(1) Таҳорат билан тавоф қилиш

Рожиҳ фикрга кўра, тавоф дуруст бўлиши учун таҳорат шарт эмас. Бироқ жумҳур уламолар фикрича, таҳоратсизлик, жунублик ва нажосатдан пок бўлиш тавофнинг шартидир. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Каъбани тавоф қилиш намоздир[1], деганлар. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг олдига кирганларида йиғлаб ўтирган бўлади. Шунда у зот: “Нима, ҳайз кўрдингми?”, дейдилар. “Ҳа”, дейди Ойша розияллоҳу анҳо. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Бу – Аллоҳ Одамнинг қизларига битган нарса. Ҳожилар қилган барча ибодатларни қилавер. Бироқ то (ҳайздан покланиб) ғусл қилмагунингча  Каъбани тавоф қилма[2].

Истиҳоза кўрадиган аёл ва пешобни ушлаб туролмаслик ёки ел чиқариб юбориш каби касалликга чалинган узрли кишиларнинг тавофи дуруст бўлаверади.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг фикрича, тавоф учун таҳорат шарт эмас. У кишининг айтишича, “Каъбани тавоф қилиш намоздир” деган ҳадис саҳобанинг сўзи бўлиб, тавофда таҳорат шартлигини ифода қиладиган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан биронта ҳадис келмаган, фақат ҳайз кўрган аёлгина ҳайз асносида тавоф қилишдан қайтарилган.

Мазкур ҳадис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ тарзда ривоят қилинган деб фараз қилинганда ҳам, бу ҳадисдан тавоф ҳар томонлама намозга ўхшашлиги келиб чиқмайди. Зеро, Аллоҳ таоло тавоф билан намоз моҳиятини бир-биридан фарқлаган. Шайхулислом тавоф билан намоз ўртасидаги фарқни баён қилиш учун кўплаб мисоллар келтирган[3].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Кўнгил таскин топадиган рожиҳ фикрга кўра, тавоф учун таҳорат шарт қилинмайди. Бироқ, шак-шубҳа йўқки, энг афзал ва энг мукаммал тавоф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб, таҳорат билан қилинган тавофдир. Бинобарин, жумҳур уламолар фикрига хилоф иш бўлгани боис, инсон таҳоратсиз тавоф қилмаслиги лозим. Шундай бўлса-да, инсон гоҳида, айтайлик, Масжиди Ҳаром одамлар билан тирбанд бўлган бир пайтда тавоф асносида таҳорати бузилиб қолса, оломон ичидан чиқиб, таҳорат олиб, қайтиб келиш машаққатли бўлгани учун шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳнинг фикрини олишга ҳам мажбур бўлиб қолади[4].

(2) Авратни тўсиш

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Каъбани яланғоч одам тавоф қилмайди[5].

(3) Етти марта тавоф қилиш

Каъбани тавоф қилганда уни етти марта айланиш шарт. Агар етти мартадан бир қадам кам бўлса ҳам тавоф дуруст бўлмайди. Агар тавоф асносида неча бор тавоф қилгани тўғрисида иккиланиб қолса, эҳтиёт юзасидан камроғини ёки қай бирига кўпроқ гумон қилса, ўшани ҳисоблаб, қолганини тўлдириб қўяди.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон тавоф қилиб бўлиб, Каъбадан узоқлашгач, тўлиқ етти бор тавоф қилганида шак қилса, модомики тавофи ноқис бўлганига аниқ ишонч ҳосил қилмагунча шакнинг тавофга таъсири бўлмайди[6].

(4) Тавофни Ҳажари асваддан бошлаб Ҳажари асвадда тугатиш

(5) Тавофда Каъба инсоннинг чап томонида қолиши (яъни соат йўналишига тескари равишда ҳаракатланиш).

(6) Тавофда Каъбадан ташқарида, унинг атрофида айланиш

Тавофдаги суннатлар

  1. Ҳажари асвадга юзланиш ва уни ўпиш, силаш ёки узоқдан унга қўл кўтариш.

  2. “Тавофул қудум”да изтибоъ қилиш, яъни эркаклар ўнг елкаларини очиб, матонинг бир учини чап елкаларига ташлаб олиши.

  3. Дастлабки уч бор айланишда рамл қилиш, яъни қисқа ва тез қадам ташлаган ҳолда йўрғалаб юриш.

  4. Рукни ямонийни силаш.

Тавофдаги бидъатлар[7]

(1) Баъзи одамларнинг “Ушбу тавофим билан фалон-фалон ишларни ният қилдим” дей айтиши.

(2) Ҳажари асвадни ўпиш пайтида овоз чиқариш ва уни табаррук қилиш (яъни ундан бирон хайр-барака умид қилиш).

(3) Ҳажари асвадни ўпиш илинжида намозда имомдан олдин салом бериш.

(4) Тавоф асносида каптарларнинг ахлатини босиб олмаслик учун баъзи инсонларнинг пайпоқ кийиб олиши.

(5) Баъзи инсонларнинг Ҳажари асвадни ўпиш ёки силаш пайтида, шунингдек, тавоф асносида ҳар бир айланиш учун махсус дуоларни ўқиш ёки бир жамоат мазкур дуоларни бир бошчининг орқасидан жўр бўлиб қайтариш.

(6) Рукни ямонийни ўпиш, шунингдек, Каъбанинг қолган икки бурчагини ҳам ўпиш ёки силаш.

(7) Узоқдан Ҳажари асвадга ишора қилган пайтда худди намозда икки қўлни кўтаргандек (“рафъул ядайн”дагидек) икки қўлни кўтариш. Юқорида айтиб ўтганимиздек, бу ўриндаги суннат шунчаки Ҳажари асвадга қўл билан ишора қилишдир.

(8) Тавоф асносида худди намоздагидек, ўнг қўлни чап қўл устига қўйиш. Зеро, бундай қилишга далолат қиладиган бирон далил йўқ.

(9) Каъба тарнови остида махсус дуо қилиш. Бу ўринда дуо қилиш тўғрисида бирон далил келмаган.

(10) “Урватул вусқо”ни табаррук қилиш. “Урватул вусқо” – Каъба эшигининг орқа томонидаги девордаги баланд жой. Баъзи авом инсонлар эътиқод қилишича, ким мазкур жойга қўлини тегизса, “урватул вусқо”[8] – мустаҳкам ҳалқани маҳкам тутган бўлармиш.

(11) Ёмғир ёғаётган пайтда тавоф қилиш ўтган гуноҳларга каффорат бўлади деган эътиқод билан бу пайтда тавоф қилишга ошиқиш.

(12) Баъзи авом инсонларнинг юзи билан Каъбага юзланган ҳолда ёки аксинча, унга орқасини ўгирган ҳолда, шунингдек, баъзиларнинг кексаларни тиқилинчдан ҳимоя қилиш мақсадида уларнинг атрофида ҳалқа бўлиб тавоф қилишлари. Зеро, бу ҳолатда ҳалқадаги баъзи инсонлар Каъбага юзини ёки орқасини қаратган бўлиб қолишади. Маълумки, бунинг ҳар иккиси хатодир. Чунки инсон тавофда чап елкасини Каъбага қаратган ҳолда тавоф қилиши лозим.

[1] Насоий (5/222), Аҳмад (3/414, 4/64) ривояти. Бироқ тўғри фикрга кўра, бу Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг сўзи бўлмиш мавқуф ҳадисдир. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ «Мажмуул фатово»да (26/198) мазкур ҳадис аслида саҳобийнинг сўзи (мавқуф ҳадис) эканини рожиҳ деган. Шунингдек, буни шайх Мустафо Адавий ҳафизаҳуллоҳ ўзининг «Ал-жомеъ ли аҳкомин нисо» (2/515) китобида батафсил ва қониқарли тарзда баён қилган. Ҳадисни шайх Албоний «Ал-ирво»да (1102) ва «Саҳиҳул жомеъ»да (3954) саҳиҳ деган.
[2] Бухорий (294, 5548), Муслим (1211), Абу Довуд (1782), Ибн Можа (2963) ривояти.
[3] Қаранг: «Мажмуул фатово» (26/198).
[4] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/300).
[5] Бухорий (369, 1622), Муслим (1347), Абу Довуд (1946), Насоий (5/134) ривояти.
[6] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/276).
[7] Қаранг: Албонийнинг «Маносикул ҳажжи вал умра» китоби (48-50-бетлар) китоби.
[8] Арабча “урватул вусқо” ибораси ўзбек тилида “ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқа” маъносини англатади. Бу ибора Қуръони Каримнинг икки жойида (Бақара:256, Луқмон: 22) зикр қилинган. Жумладан, Бақара сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ким шайтондан юз ўгириб, Аллоҳга иймон келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди”.  Уламолар бу иборани “ислом”, “иймон”, “Қуръон”, “тавҳид калимаси – Ла илаҳа иллаллоҳ”, дея турлича тафсир қилганлар. Кўриб турганингиздек, мазкур маъноларнинг барчаси бир-бирига яқин, бир-бирини тўлдирувчи маънолардир. Зеро, бу маъноларнинг барчаси уларга чинакам эътиқод қилиб, амал қилган инсонни жаннатга элтгани учун “урватул вусқо” деб номланган.

Изоҳ қолдиринг