Қадимги хаворижлар ва бугунги ИШИД: ўртадаги боғлиқлик (3)

0

3) Мусулмонлардан ажралиб чиқиш

Тарихдан:

Зайд ибн Ҳусойн Тоий хаворижларга шундай деган: “Мадоин[1]га кира олмайсизлар. Чунки у ердаги қўшинга қарши жанг қилишга кўчингиз етмайди. Улар Мадоинга киришингизга тўсқинлик қилишади. Шунинг учун биродарларингиз билан Жухо[2] дарёсининг кўпригида тўпланишга келишиб олинглар. Кўфадан тўпланмасдан якка-якка ҳолда чиқинглар. Токи улар сизларнинг йиғилишингизни сезмасинлар” (Зайд бундай дейишининг сабаби хаворижлар Басрадан чиқиб, Мадоин шаҳрини эгаллаб олмоқчи бўлишган. Уларнинг режаларига кўра, Мадоин шаҳрини эгаллаб олишганидан сўнг барча хаворижларга мактуб йўлланиши, ҳаммалари Мадоинда йиғилиб, у ерни ўзларига қароргоҳ қилиб олишлари керак бўлган). Сўнг улар мазкур кўприкда тўпланиш учун Басра ва бошқа ердаги ўз ҳамфикрларига мактуб йўллашган. Уларнинг мақсадлари инсонларга қарши бирлашиш эди. Шундан сўнг улар ҳеч ким сезмаслиги учун якка-якка бўлиб, Басрадан чиқиб кетишди. Чунки бу хабар тарқалгудай бўлса, мусулмонлар уларни Басрадан чиқармай қўйишарди[3].

Бугунги кундан:

Бағдодий шундай дейди: “Исломий давлатга ҳижрат қилишга куч-қудрати етадиган ёки турган жойида қурол кўтаришга қодир бўлган ҳеч бир мусулмонга узр қолмади… биз бутун дунёдаги барча мусулмонларни исломий давлатга ҳижрат қилишга ёки турган жойларида жанг қилишга чақирамиз”[4].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар издошларини мусулмонлардан ажралиб чиқиб, ҳижрат қилишга буюришган бўлса, ИШИД ҳам инсонларни мусулмонлардан ажралиб чиқиб, ўз ёнларига ҳижрат қилишга чорлашади.

4) Мусулмонлардан бемаслаҳат ўзларидан бирини халифа этиб тайинлаш

Тарихдан:

Хаворижлар Зайд ибн Ҳусойн Тоийнинг уйида йиғилиб, Абдуллоҳ ибн Ваҳб Росибийни халифа этиб тайинлашган. Сўнг Зайд: “Эй Довуд, Биз сени ер юзига халифа этдик. Шундай экан, инсонлар орасида ҳақ билан ҳукм қил ва ҳавойи нафсга эргашма. Акс ҳолда, ҳафойи нафс сени Аллоҳнинг йўлидан оздиргай” [Сод: 26] оятини тиловат қилган[5].

Бугунги кундан:

Адноний шундай дейди: “Исломий давлат (ўз маслаҳат кенгашининг қарори билан) исломий хилофат тикланганини эълон қилишга ва мусулмонларга халифа тайинлаб, Аллоҳнинг бандаси Иброҳим ибн Авводга байъат беришга қарор қилди. Иброҳим байъатни қабул қилиб, бутун дунёдаги мусулмонларга халифа бўлди”[6].

 Ўхшаш тарафи:

Қадимги хаворижлар ўзаро йиғилиб, барча мусулмонларга халифа сайлаб, қолганларни шу халифага байъат беришга мажбурлашган. Худди шундай бугунги кунимизда ИШИД ҳам ўзаро мажлис ўтказиб, ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан ўзларига халифа тайинлашди ва қолганларни ҳам шу халифага байъат беришга мажбурлашмоқда.

Давоми бор

[1] Араблар ўртасида Мадоин номи билан танилган тарихий шаҳарнинг қадимий номи  Ктесифон бўлиб, у Фурот дарёсининг чап қирғоғида (ҳозирги Бағдод яқинида) жойлашган. Ктесифон Парфиянинг ҳарбий таянч пункти (мил. ав. 3-а.дан), кейинчалик парфян шоҳларининг қароргоҳи бўлган. Рим императори Траяндан бошлаб римликлар бир неча марта Ктесифонни эгаллашган.  Ктесифон 266  йилда Сосонийлар пойтахти бўлиб,  сўнгги антик даврнинг энг катта ва бой шаҳарларидан бири сифатида шуҳрат қозонган.  Сосонийларнинг ҳашаматли сарой харобалари сақланган (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”). Мадоин ҳижрий 16 йил сафар ойи, Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида мусулмонлар томонидан фатҳ қилинган.
[2] Бағдоднинг шимолий томонидаги дарёнинг номи.
[3] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (10\581).
[4] “Инфируу хифаафан ва сиқоолан” номли ёзма баёнотидан.
[5] “Ал-бидоя ван-ниҳоя” (8\258).
[6] “Ҳаазаа ваъдуллоҳ” номли ёзма баёнотидан.

Изоҳ қолдиринг