Масжидга берилган қўй-эчкиларни сотиш мумкинми?

0

Савол:

Домла, бизда баъзи одамлар масжидга қўй ва эчки эҳсон қилишади. Масжиддагилар эса уларни сўйиш ўрнига сотиб юборишади. Пулини масжидга ишлатишса керак. Сотиб олганлар эса уларни бошқа мақсадда сўйишади. Энди шу имом ва мутаваллиларнинг қилаётган ишлари тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Одатда қўй ва эчкилар зиёратгоҳларга атаб қон чиқариш мақсадида шу зиёратгоҳ масъуллари ёхуд зиёратгоҳ қошидаги масжид идорасига садақа қилинади. Оддий масжидга шунчаки садақа сифатида қўй ёки эчки бериш бизнинг урфимизда кенг тус олмаган. Саволда айнан қандай масжид назарда тутилганини аниқ билмаганимиз учун жавобимиз икки турли бўлади:

1) Агар саволда зиёратгоҳларга атаб қон чиқариш мақсадида берилган қўй ва эчкилар масжид томонидан сотиб юборилиши ва уларнинг пули масжид сарф-харажатларига ишлатилиши назарда тутилаётган бўлса, жавоб қуйидагича бўлади: Бундай зиёратгоҳларга атаб қон чиқариш шу ишни қилувчи кишининг ниятига қараб ё бидъат, ё ширк бўлади. Агар Аллоҳ учун деб сўйилса, қабр олдида сўйиш бидъат ва ширкка элтувчи восита бўлгани учун ҳаром бўлади. Агар ўликларнинг шафоатидан умид қилиб ёки улардан шифо сўраб қилишса, унда ширк бўлади ва бу ишни қилган инсон диндан чиқади, Аллоҳ сақласин! Сабаби, Аллоҳ таолодан бошқанинг номига жонлиқ сўйиш унга ибодат қилиш демакдир. Жонлиқ фақат Аллоҳ таолога атаб сўйилиши мумкинлиги ҳақида Парвардигори олам шундай деган: “Айтинг, менинг намозим, қурбонлигим, ҳаётим ва ўлимим фақат Аллоҳ учундир” (Анъом: 162). Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйган инсонга Аллоҳнинг лаънати бўлсин!” – деган сўзлари ҳам бу иш нақадар оғир гуноҳ эканининг яна бир исботидир (Имом Муслим (1978) ривояти). Шунга биноан, масжид идораси ёки зиёратгоҳ масъуллари бу каби садақаларни олишлари мумкин эмас ва шу ишни қилаётган инсонларга уларнинг бу ишлари шариатга зид эканини тушунтиришлари шарт.

2) Агар саволда масжидга ёрдам сифатида қўй ёки эчки садақа қилиниши назарда тутилган бўлса, унда модомики садақа соҳиби бирон шарт қўймас экан, масжид идораси бу қўй ва эчкиларни сотиб, пулини масжид сарф-харажатлари учун ишлатиши мумкин ва бу ишни қилган имом ёки мутавалли гуноҳкор бўлмайди. Чунки масжид учун қилинган садақа масжид идорасининг ихтиёрига ўтиб, ундан ўзлари хоҳлагандек фойдаланишлари мумкин, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг