Усмонийлар давлати: Султон Мурод Биринчи

0

Султон Мурод шижоатли, диндор, тақволи мужоҳид эди. У тартиб-интизомни яхши кўрар, унга қаттиқ эътибор қаратар, халқига ҳам, қўшинига ҳам адолат қилар эди. Султон Мурод ҳаёти давомида кўп ғазот қилди, бир неча масжид ва мадрасаларга асос солди. Султоннинг ёнида тақводор ва тажрибали лашкарбоши ҳамда ҳарбийлардан ташкил топган бир гуруҳ инсонлар бўлиб, улар султоннинг маслаҳат кенгаши вазифасини бажаришарди. Султон бир вақтнинг ўзида ҳам Кичик Осиёда, ҳам Европада жиҳод қилди.

Усмонийлар қўшини Европада Византия давлатига қарши ғазот қилиб, ҳижрий 762, милодий 1360 йилда Эдирна шаҳрини фатҳ қилишди. Эдирна Болқон Ярим Оролида стратегик аҳамиятга эга, Византияда Константинополдан кейинги иккинчи  муҳим шаҳар эди. Султон Мурод ҳижрий 768, милодий 1366 йилдан бошлаб Эдирна шаҳрини усмонийлар давлатининг пойтахти деб эълон қилди. Шу тариқа ислом оламининг пойтахти Европага кўчирилди. Султон Эдирнани пойтахт қилишига қуйидаги омиллар сабаб бўлганди:

1) Эдирна қалъаларининг девори жуда ҳам мустаҳкамлиги, душмандан сақланиш учун қулай ҳамда жиҳод майдонига яқин экани билан ажралиб турарди. Султон бу фурсатдан унумли фойдаланишни истади;

2) Султон Мурод Европадаги усмонийлар қўшинининг қадами етиб борган ва мустаҳкам ўрнашган минтақаларни ўз давлатига қўшиб олишни хоҳлади;

3) Султон Мурод янги пойтахтда давлат ривожига хизмат қиладиган барча омилларни яратди. Бинобарин, амалдорлар, ҳарбийлар, қонун органи ходимлари ҳамда уламолар пойтахтга йиғилишди, маҳкама ва қозихоналар ташкил қилинди, илмий ва ҳарбий илм даргоҳлари қурилди.

Усмонийлар ҳижрий 858, милодий 1453 йилда Константинополни фатҳ қилгунларига қадар Эдирна усмонийлар давлатининг пойтахти вазифасини ўтаб келди.

Султон Муродга қарши салбчилар иттифоқи

Султон Мурод Европага жиҳод ҳаракатларини бошлаб юборди. У Македонияни фатҳ қилгани ҳақидаги хабарлар Европанинг турли минтақаларига тарқалди. Бунга чидаб тура олмаган Болқон ва Европа христианлари усмонийларга қарши иттифоқ тузишди. Серб, болгар ва македонлардан тузилган, сони эса олтмиш мингдан ортиқ бўлган бу иттифоқчилар Рим папаси Урбан Бешинчининг “фотиҳа”сини олгандан сўнг Султон Мурод Анадолуда эканидан фойдаланиб, усмонийларга кутилмаган зарба бериш мақсадида Эдирна сари йўл олишади. Уларга Абдулмўийн ўғли Лала[1] Шоҳин Пошо[2] жуда ҳам кам сонли қўшин билан Чирмен (ҳозирги Орменио) яқинида, Марица дарёси бўйида қарши чиқади. Бўлиб ўтган уруш усмонийлар фойдасига ҳал бўлади. Урушдан қочишга ҳаракат қилган серб қўмондонлари Углеша ва Вукашинлар Марица дарёсида чўкиб ўлишган. Македония подшоҳи бу жангда ўлимдан қутулиб қолган. Баъзи манбаларда Лала Шоҳин Пошо бошчилигидаги қўшиннинг сони 800 киши бўлгани айтилади.

Тарихда Чирмен ёхуд Марица жанги номи билан донг таратган бу уруш бўлиб ўтганида Султон Мурод Анадолуда бир қанча шаҳарларни фатҳ қилиш билан машғул эди. Сўнг фатҳ қилган шаҳарларидаги ишларни тартиблаш мақсадида ўз қароргоҳи ва усмонийлар пойтахти бўлмиш Эдирнага қайтиб келди.

Усмонийлар Марица жангида ғалаба қозониши оқибатида қуйидаги муҳим ишлар рўй берди:

1) Усмонийлар учун Тракия (Фракия) ҳамда Македония минтақаларига йўл очилди. Бу йўл орқали улар Болгариянинг жануби ҳамда Сербиянинг шарқигача кириб бордилар;

2) Шу тариқа, Византия, Болгария ҳамда Сербия давлатларининг шаҳар ва мол-мулклари секин-аста усмонийлар қўлига ўта бошлади.

Усмонийлар билан христианлар ўртасида бўлиб ўтган биринчи сулҳ

Усмонийлар давлатининг кучи кун сайин ортиб борар эди. Марица жангидан сўнг бутун олам усмонийларнинг ким эканини яхши билиб олди. Хусусан, яқин-атрофдаги давлатлар усмонийлардан қўрқа бошлашди. Рагуса (Дубровник)[3] республикаси тезда Султон Муродга элчи юбориб, улар билан тинчлик ва савдо битимини тузиш истагида эканларини билдиришди. Шу тариқа икки давлат ўртасида тузилган шартномага кўра, Рагуса республикаси ҳар йили 500 дўка тилла жизя бериб туришга ваъда берди ва шартномага асосан ўн тўққизинчи асрга қадар усмонийлар ҳимояси остида қолди. Мазкур шартнома усмонийлар билан христианлар ўртасида битилган биринчи сулҳ ҳисобланади[4].

Давоми бор

[1] Лала – Усмонли хонадони шаҳзодаларига таълим-тарбия берадиган кишининг унвони бўлган. Шоҳин Пошо Султон Муродга шаҳзодалик даврида устозлик қилгани учун ушбу унвонга сазовор бўлган.

[2]  Пошо ёхуд пошшо –– Усмонли турк империясида фуқаролар ва ҳарбийларга берилган фахрий унвон. Дастлаб бу унвон вазир, бекларбеги ва бошқа юқори мансабдор шахсларга берилган. Пошо идора этган вилоят (эйялет) ёки туман (санжоқ) пошолик деб аталган. 19-асрдаги ислоҳот (Танзимат)дан кейин ва мунтазам армия тузилгач, пошо унвони генерал ва вазирларга ҳам берилган. Туркия Республика деб эълон қилингач (1923), фақат генералларгина пошо унвонига эга бўлган. Кейинчалик Туркиянинг ўзида (1934), сўнгра Мисрда (1952), Ироқда (1958) бекор қилинган (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”).

[3]  ДУБРОВНИК РЕСПУБЛИКАСИ — ўрта асрларда муҳим роль ўйнаган аристократик шаҳар республикаси. Адриатика денгиз соҳилида жойлашган. Дубровник ш. (республика маркази)ни, Далмациянинг соҳил бўйи қисмини, Млет, Ластово о.лари ва б.ни ўз ичига олган. Д. р. Византия (1205 й.гача), Венеция (1358 й.гача), Венгрия (1526 й.гача), Туркия (19-а.бошларигача)нинг вассали бўлсада, амалда 13-а.нинг 2-ярмидан мустақил бўлган. 1806 й.да Д. р.ни Франция босиб олиб, республикани бекор қилган (1808 й.), ҳудудини Иллирии вилоятлари таркибига киритган (“Ўзбекистон миллий энциклопедияси”).

[4] “Тарихуд давлатил алийятил усмонийя”, 132-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг