Арафотга йўл олиш

0

(14) Арафотга йўл олиш

Арафа (зулҳижжанинг тўққизинчи) куни қуёш чиққач, ҳожилар талбия ва такбир айтган ҳолда Минодан Арафот сари йўл олишади. Муҳаммад ибн Абу Бакр ибн Авфдан ривоят қилинади. У айтади: “Мен ва Анас розияллоҳу анҳу иккимиз Минодан Арафот сари кетаётиб ундан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида қандай талбия айтишлари тўғрисида сўрадим. У шундай деди: “Талбия айтган талбия айтар, такбир айтган такбир айтар, ҳеч ким маломат қилмас эди[1].

  • Ҳожилар дастлаб Намира деган жойга (Арафотга яқин жой) бориб, у ерда то қуёш заволга кетишига яқин қолгунча туришади.

  • Қуёш заволга оққач, ҳожилар Намирадан Урнага (Арафотга жуда яқин жой) кўчиб ўтадилар (У ерда имом одамларга хутба қилади).

  • Сўнг ҳожилар пешин билан асрни пешин вақтида бир азон ва икки иқомат билан жам қилиб ўқийдилар. Бу икки намоз ўртасида бирон суннат ёки нафл намоз ўқимайдилар.

Юқорида зикр қилинган ишларнинг барчаси Муслим Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда келган. Унда Жобир розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Тарвия куни бўлгач, одамлар Минога йўл олишиб, ҳажга эҳром боғлаб, баланд овозда талбия айта бошладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уловга миниб олдилар. Минода пешин, аср, шом, хуфтон ва бомдодни ўқидилар. Сўнг то қуёш чиққунга қадар Минода қолдилар ва Намирада у зотга атаб кигиздан бир чодир қуришга буюрдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Минодан йўлга отландилар. Қурайш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Машъари ҳаромда (Муздалифада) тўхташларига шубҳа қилмас эди. Зеро, улар жоҳилият даврида (бошқа араб қабилаларидан фарқли ўлароқ) у жойда тўхташар эди. Бироқ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  у ердан ўтиб, Арафотга (яқин жойга) келиб тўхтадилар. Намирада чодир қурилганини кўриб, у жойга келиб жойлашдилар. Қуёш заволга оққач, буюрдилар: (туялари) Қасво эгарланди. Шундан сўнг “Батнул водий” (водийнинг ўртаси Урна)га келиб, одамларга хутба қилиб, шундай дедилар: “Худди мана шу кун (Наҳр куни), мана шу ой (зулҳижжа ойи) ва мана шу шаҳар (Макка)нинг ҳурматидек, сизларнинг қонингиз ва мол-мулкингиз бир-бирингизга ҳаромдир[2].

Эслатиб ўтиш лозимки, Арафотгача мазкур тартибда бориш: дастлаб Намирада, сўнг Урнада тўхтаб ўтиш ҳаж мавсумида одамлар тирбанд бўлгани боис ҳаммага ҳам насиб қилавермайди.

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бу ерда (Намирада), шунингдек, ундан кейинги бекат (Урна)да  тўхташ бугунги кунда одамлар тирбандлиги сабаб имконсиз бўлиши мумкин. Шу боис ҳожилар тўғридан-тўғри Арафотга ўтиб кетсалар, иншааллоҳ, зиёни йўқ[3].

[1] Бухорий (970, 1659), Муслим (1285), Насоий (5/250), Ибн Можа (3008) ривояти.
[2] Муслим (1218) ривояти.
[3] Қаранг: «Маносикул ҳажжи вал умра».

Изоҳ қолдиринг