Ярим ойни мусулмончилик рамзи қилиб олиш тўғрими?

0

Савол:

Нима сабабли масжид гумбазларига ва минораларига, исломий иншоотлар устига, шунингдек, байроқларга ярим ой рамзи қўйилади? Бу иш аслида жоизми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Дарҳақиқат, бир қанча асрлардан бери мусулмонлар ярим ойни ўзларига рамз сифатида қўллаб келишади. Шу сабабли ҳозирги кунимиздаги Ўзбекистон, Покистон, Туркия, Малайзия каби аксар мусулмон давлатлар байроғида ярим ой рамзини кўрасиз.

Аслини олганда масжид гумбазлари, миноралари ёки шу каби исломий иншоотлар устига ярим ой рамзини қўйиш кераклигини англатадиган бирон далил борлигини билмаймиз. Аммо бу – мусулмонлар бирон манфаатни кўзлаб, ярим ойни ўзларига рамз қилиб олишлари жоиз эмас, деган ҳукмни англатмайди. Зеро, мусулмонлар масжидлар бошқа иншоотлардан ажралиб туриши учун масжидларга миноралар қуриб келишган ва бунга ҳеч бир олим эътироз билдирмаган. Ваҳоланки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврида масжидларнинг минораси бўлмаган.

Шунингдек, мусулмонлар исломий иншоот ва ташкилотлар бошқа кофир дин вакилларининг иншоот ва ташкилотларидан ажралиб туриши учун ўзларига ярим ойни рамз қилиб олишган. Масалан, масжидлар черков ёки шу каби бошқа диний ибодатхоналардан, Қизил ярим ой жамияти каби исломий хайрия ташкилотлари эса бошқа дин вакиллари томонидан ташкил этилган хайрия ташкилотларидан ажралиб туриши учун ярим ойни рамз қилиб олишган. Шу боис ҳозирда ярим ой рамзи орқали мусулмонларга тегишли идора ва ташкилотларни бошқа динга мансуб идора ва ташкилотлардан ажратиб оламиз.

Қолаверса, Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ ўзининг “Ал-исоба фи тамйизи саҳоба” китобида зикр қилишича, Саъд ибн Молик Аздий розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келганида унга қабиласи учун қора байроқ тутқазганлар. Байроққа оқ рангли ярим ой рамзи туширилган эди.

Аллома Муҳаммад ибн Абдулҳай Каттоний Моликий айтади: “Ушбу ривоятдан исломий байроқларга ярим ой рамзини тушириш шариатимизда асли борлиги келиб чиқади” [“Ат-таротибул идорийя”, 1/265].

Дастлаб масжид гумбазларига ярим ой рамзини ўрнатган мусулмонлар усмоний турклар ҳисобланади. Усмонийлар давлати даврида ярим ой мусулмонлар рамзи сифатида қабул қилинади[1]. Бунинг боиси ўша даврда насоролар насронийлик рамзи сифатида қизил хочни кўтариб чиқишган ва байроқларига ҳам бу рамзни тушуришганидир. Эҳтимол, бошқа умматлардан фарқли ўлароқ, исломий ҳукмлар ва уларнинг саналари ойга боғлиқлигини кўрган усмонийлар давлати айнан ярим ойни ўзига рамз қилиб олгандир.

Хулоса қиладиган бўлсак, масжид гумбазларига ва минораларига, исломий иншоотлар устига, шунингдек, байроқларга ярим ой рамзини қўйиш жоиз ва у бир неча асрлардан бери мусулмончилик рамзи ҳисобланиб келади.

Валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда Islamweb веб саҳифасидан фойдаланилди.

[1] Зикр қилинишича, дастлаб масжид минораларига ярим ой рамзини қўйишга амр этган киши усмонийлар султони Салим Биринчидир. Лекин бу маълумотни тасдиқлайдиган ишончли манбани учратмадик.

Изоҳ қолдиринг