Мўътазилийларнинг беш асоси (3)

0

Иккинчи асос: адолат (давоми)

Мўътазилийлар Аллоҳ таоло банда учун манфаатли бўлган ишни қилиши вожиб деб эътиқод қилишади. Уларга кўра, агар Аллоҳ таоло банда учун фойдали бўлган ишни қилмаса, бандаларга зулм қилган бўлади. Бандаларга буюрилган ишларни бажаришда уларга ёрдам бермаса, уларни яратишдан кўзланган мақсадга тескари иш қилган бўлади.

Раддия

Аллоҳ таоло бандаларга ўзлари учун фойдали бўлган ишларни кўрсатиб, шу ишларни қилишга буюрган. Бироқ бу ишни қилиш ёки қилмаслик уларнинг ўзларига боғлиқ. Аллоҳ таолога бандаларнинг қилган гуноҳлари заррача зарар бермаганидек, уларнинг қилган тоат-ибодатлари ҳам фойда бермайди. Аллоҳ таоло бандаларига марҳамат қилади ва бу Унинг фазлу карамидандир. У бандаларига асло зулм қилмайди ва бу Унинг адолатидандир.

Аллоҳ таоло бандалари учун фойдали бўлган ишларни қилади, лекин бу ишни қилиш Аллоҳ таолонинг зиммасидаги вазифаси ёки қилиши шарт бўлган бурчи деб айтиш мумкин эмас. Чунки бандалари Аллоҳ таолога бир ишни қилишни юклашлари тасаввурга ҳам сиғмайди. Аксинча, Аллоҳ таоло бандаларининг зиммасига маълум бир бурчларни юклаши мумкин. Аллоҳ таоло бандалар учун фойдали бўлган ишларни қилишни Ўз зиммасига олгани унинг марҳаматидандир. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: “Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида жуда ҳам озчиликдан ташқари барчангиз шайтонга эргашиб кетган бўлардингиз” – деган (Нисо: 83).

Мўътазилийлар ҳатто пайғамбарларни юбориш ҳам Аллоҳ таолонинг зиммасидаги вожиб ишлардан бири деб эътиқод қилишади. Чунки уларнинг эътиқодига кўра, бандаларнинг тўғри йўлда бўлишлари учун пайғамбарлар келиши шарт экан, пайғамбарларни юбориш Аллоҳ таолога вожиб бўлади. Акс ҳолда, Аллоҳ таоло бандалар учун фойдали бўлган ишни тўкис адо этмаган бўлади.

Раддия

Юқорида айтиб ўтганимиздек, ҳеч ким Аллоҳ таолога бирон ишни вожиб қила олмайди. Чунки У бандаларни яратган ва уларнинг Подшоҳи бўлиб, бандаларга оид ишларда Ўзи хоҳлаганини қилади. Ҳеч ким Аллоҳ таолога бирон вазифани юклаши мумкин эмас. Бироқ Аллоҳ таоло Ўз фазлу марҳаматидан келиб чиқиб, баъзи ишларни Ўз зиммасига олиши мумкин, холос. Аллоҳ таоло бандаларига пайғамбар юбориб, уларда ҳеч қандай узр қолмаслигини истади. Бу Аллоҳ таолонинг ҳикматидан. У ана ўша пайғамбарларга қарши чиққанларнигина азоблайди. Бу унинг адолатидан. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Биз пайғамбар юбормасдан азобламаймиз” – деган. Мазкур оятни ҳамда “Бунинг сабаби шуки, Раббингиз бирон қишлоқни аҳолиси ғафлатда бўла туриб, зулм қилиб ҳалок этмайди” оятини юқоридаги “Агар сизларга Аллоҳнинг фазли ва марҳамати бўлмаганида жуда ҳам озчиликдан ташқари барчангиз шайтонга эргашиб кетган бўлардингиз” оятига қўшиб тушунадиган бўлсак, шу хулоса чиқадики, Аллоҳ таоло бандаларга пайғамбар юбориши У зотнинг фазлу марҳаматидандир. Бандалар пайғамбар юбориб, ҳидоят қилишга лойиқ бўлмасалар-да, Аллоҳ таоло уларга марҳамат қилиб бу ишни қилади.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг