Муздалифада тунаш

0

(17) Муздалифада тунаш

Ҳожиларнинг Муздалифада тунашлари вожиб. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то бомдод вақтига қадар Муздалифада тунаганлар. Бомдод вақти киргач, намоз дастлабки вақтида азон ва иқомат айтиб ўқилади. Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида шундай дейилади: “Сўнг то субҳи содиқ чиққунга қадар ёнбошлаб ёт(иб ухла)дилар. Субҳи содиқ аниқ кўрингач, азон ва иқомат айтиб бомдодни ўқидилар. Сўнг Қасвога миниб, Машъари ҳаромга (Муздалифадаги кичик бир тоққа) келдилар. Сўнг қиблага юзланиб, Аллоҳга дуо қилдилар, такбир ва таҳлил айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу алфозда дуо-илтижо қилиб турдилар. Сўнг қуёш чиқишидан олдин (Минога) йўл олдилар…[1].

Қуйида Муздалифага тааллуқли масалаларни зикр қиламиз.

  • Муздалифада туриш ва у ерда тунаш ҳукми

Муздалифада тунаш деганда ҳожиларнинг у ерга келиб, хоҳ ухлаб, хоҳ уйғоқ бўлсин, тунни у ерда ўтказишлари назарда тутилади. Уламолар Муздалифада тунаш ҳукми тўғрисида ихтилоф қилганлар.

Баъзи уламоларнинг фикрича, Муздалифада тунаш суннат бўлса, бошқа бир гуруҳ уламоларнинг айтишича, Муздалифада тунаш вожиб бўлиб, бу амални тарк қилган ҳожилар қўй сўйиб, Маккадаги фақир кишиларга тарқатиши лозим. Мазкур охирги фикрни шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ маъқуллаб, уни ўртача фикр деб санаган[2]. Бу гуруҳ уламолар Муздалифада тунаш рукн эмас, балки вожиб эканини исботлаш учун Урва ибн Музаррис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисни далил қилишган. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким биз билан шу намозимизда (яъни Муздалифадаги бомдод намозида) қатнашиб, то (Минога) кетгунимизга қадар биз билан бирга (Муздалифада) турса, шунингдек, бундан илгари кечасими ёки кундузими Арафотда турган бўлса, ўшанда ҳажжи комил бўлган ва (ҳаж ибодатларини тўлиқ бажариб, эҳромдан чиқиши билан) баданидаги кир-чирларни кетказган бўлади[3]. Маълумки, кеча бомдод вақтига келиб ниҳоясига етади. Яна маълумки, инсон бомдоддан олдин Арафотда турган бўлса, унинг Муздалифада тунаши имконсиз бўлиб қолади.

Уламолар билдирган учинчи фикрга кўра, Муздалифада тунаш худди Арафотда туриш каби ҳаж рукнларидан саналади. Бу фикр Ибн Ҳазмнинг мазҳаби бўлиб, уни Ибн Жарир Табарий ва Ибн Хузайма ихтиёр қилишган. Шунингдек, бу фикр шофеий мазҳабига оид фикрлардан биридир. Улар ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун учта далил зикр қилишган бўлиб, уларни Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ “Зодул маод”да баён қилган. Улар қуйидагилар:

  • Юқорида зикр қилинган Урва ибн Музаррис розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис. Ҳадисдан олинадиган далил – “то (Минога) кетгунимизга қадар биз билан бирга (Муздалифада) турса», деган жойи.

  • Аллоҳ таоло айтади: «Машъари ҳаромда (яъни Муздалифада) Аллоҳни зикр қилинглар» [Бақара: 198].

  • Мазкур оятдаги зикрнинг амалий баёни сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифада турганлар ва ҳаж қилиш тартибини кўрсатиб берар эканлар: «Мендан «маносиклар»ингизни (яъни ҳажда қилажак ибодатларингизни) олинглар (яъни уларни кўриб, ўрганиб олинглар», деганлар.

  • Муздалифада туриш жойи

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнг Арафотдан тушганингиздан кейин Машъари ҳаромда Аллоҳни зикр қилинг» [Бақара: 198]. Машъари ҳаром – Муздалифадаги кичик бир тоғ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифанинг ўша ерида турганлар. Бироқ ҳожилар Муздалифанинг айнан ўша жойида туришлари шарт эмас. Балки улар Муздалифанинг қайси жойида турсалар ҳам бўлаверади. Зеро, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен бу ерда турдим. Аслида Жам (яъни Муздалифа)нинг барча жойи туришга яроқлидир»[4], деганлар.

  • Муздалифада дуо қилиш мустаҳаблиги

Бунга юқорида зикр қилинган Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадиси далолат қилади: «Сўнг қиблага юзланиб, Аллоҳга дуо қилдилар, такбир ва таҳлил айтдилар. Тонг жуда ҳам ёришгунча шу алфозда дуо-илтижо қилиб турдилар».

  • Муздалифада бомдодни ўқиш вожиблиги

Мазкур ҳукм ёш болалар, кексалар ва аёллардан иборат заифҳол кишилардан ташқари барча ҳожиларга тегишлидир. Заифҳол кишилар эса мазкур кечада ой кўздан ғойиб бўлгач, Жамрати ақабада тош отиш учун Муздалифадан Минога кетаверишлари жоиз. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муздалифа кечасида аёллар ва ёш болаларга қўшиб эртароқ (Минога) юборган кишилар қаторида бўлган эдим»[5].

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (аёллар, ёш болалар ва кексалардан иборат) заифҳол кимсаларга кечаси Муздалифадан (Минога) кетишга рухсат бердилар»[6].

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: «Суннатга кўра, шошилган (заифҳол) кимсалар кечанинг ярмидан эмас, балки ой кўкдан ғойиб бўлгач, Минога кетиши мумкин. Ярим кечадан сўнг кетаверса бўлади, деганларнинг бирон далили йўқ!»[7].

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Муздалифага боргач айтиладиган муайян дуолар йўқ.

(2) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу кечада ухламасдан тоат-ибодат билан ўтказганликлари келмаган.

(3) Муздалифада бир муддат туриб, сўнг у ердан кетиш ёки кечанинг ярмидан сўнг эркакларнинг заифҳол одамларга қўшилиб Минога кетиши хатодир.

(4) Шайтонга отиладиган тошчалар фақат Муздалифадан терилиши лозимлигини кўрсатадиган бирон далил йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тошчаларни Муздалифадан Минога кетаётиб йўлда терганлар.

[1] Муслим (1218) ривояти.
[2] «Аш-шарҳул мумтеъ» (7/339).
[3] Саҳиҳ: Аҳмад (4/261), Абу Довуд (1950), Термизий (891), Насоий (5/263), Ибн Можа (3016) ривояти. Ҳадисни Термизий ҳасан ва шайх Албоний «Ал-ирво»да (1066) саҳиҳ деган.
[4] Муслим (1297), Абу Довуд (1970), Насоий (5/270) ривояти.
[5] Бухорий (1678), Муслим (1293), Абу Довуд (1939), Термизий (892), Насоий (5/261), Ибн Можа (3025) ривояти.
[6] Аҳмад (2/33) ривояти. Қаранг: Бухорий (1676), Муслим (1290).
[7] «Зодул маод» (2/252).

Изоҳ қолдиринг