Пайғамбаримиз намозларининг кўриниши (13)

0

Тўқсон иккинчи ҳадис

 

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ – رضي الله عنه – عَنْ النَّبِيِّ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((اعْتَدِلُوا فِي السُّجُودِ وَلا يَبْسُطْ أَحَدُكُمْ ذِرَاعَيْهِ انْبِسَاطَ الْكَلْبِ)) .

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Саждада ўртача туринглар. Биронтангиз тирсакларини ит каби ерга тўшаб олмасин[Бухорий: 822 ва Муслим: 493].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўртача, яъни энг чиройли кўринишда сажда қилишга буюрдилар. Унга кўра, намозхон саждада кафтларини ерга қўйиб, тирсакларини биқинларидан узоқлаштирган ҳолда кўтариб туради. Зеро, бу ҳайъат намозда талаб қилинган тетиклик ва рағбат белгисидир. Шунингдек, бундай гўзал ҳайъатда сажда қилиш ҳар бир аъзонинг ибодатда иштирок этишини таъминлайди.

Ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам тирсакларни ерга қўйиб сажда қилишдан қайтармоқдалар. Негаки, бу тарзда сажда қилиш ялқовлик ва малолланиш нишонасидир. Қолаверса, бу кўринишда сажда қилишдан намоздаги энг афзал ҳолатни энг қабиҳ ва ифлос ҳайвоннинг ҳолатига ўхшатиш келиб чиқади. Ваҳоланки, намознинг бирон амалини бажариш асносида ҳайвонларга ўхшаб қолиш нолойиқ ишдир.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Шариатимизда буюрилганидек сажда қилиш лозим.

2 – Тирсакларни ерга тегизиб сажда қилишдан қайтарилган. Негаки, бу иш дангасалик аломати саналиб, шу билан бир қаторда итларнинг ўтиришига ҳам ўхшайди. Зеро, муайян амални бирон қабиҳ амалга ўхшатиш уни намозда тарк қилишга ундайди.

3 – Инсон умуман олганда ва айниқса ибодатларни бажариш асносида ўзини ҳайвонларга ўхшатиши макруҳ.

Қимматли фойда:

Шариатимиз намозда ҳайвонларга хос (яхши ёки ёмон бўлишидан қатъий назар) хатти-ҳаракатлар қилишдан қайтарган. Тулки каби ҳар томонга аланглаш, йиртқич ҳайвонлар каби билакни ерга тўшаш, итлар каби ўтириш, қарға дон чўқигандек (тез-тез) сажда қилиш, безовта (серҳаракат) отнинг думи каби қўллар билан ишора қилиб салом бериш, саждага боришда туялар каби чўкишдан қайтарилгани шулар жумласидан. Бунинг боиси намоз Аллоҳ таолога муножат қилиш саналади. Бинобарин, намозда энг яхши ҳолат ва энг яхши кўринишда бўлмоқ лозим.

Изоҳ қолдиринг