Умавийлар давлати: Абу Зар ва Муовия ўртасидаги келишмовчилик ва Усмоннинг бунга муносабати

0

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳуни ёмон кўрувчилар уни Абу Зар розияллоҳу анҳуни Рабзага сургун қилган, деб айблашади. Айрим муаррихлар даъвосича, Ибнус Савдо (қора хотиннинг боласи) деб танилган Абдуллоҳ ибн Сабаъ Шомда Абу Зар билан учрашган ва унга қаноат, зоҳидлик, камбағалларни дўст тутишни ва ҳожатдан зиёда молни садақа қилиб юборишни вожиб санайдиган мазҳабни сингдирган, Муовияни айблаб, унга ёмон кўрсатиб қўйган, шундан сўнг у Муовия розияллоҳу анҳунинг айбларини айтадиган бўлган, кейин шу сабабли Муовия Абу Зарни Шомдан чиқариб юборган экан[1].

Аҳмад Амин Абу Зар розияллоҳу анҳунинг қарашлари билан форслик Маздакнинг қарашлари ўртасида ўхшашлик борлигини исботлашга уриниб шундай дейди: “Уларнинг фикрлари ўртасида ўхшашлик борлигига сабаб, Ибн Сабаъ Яманда бўлган ва Ироқни айланиб чиққан эди. Маълумки, Яман ва Ироқда исломдан илгари форслар яшарди. Ибн Сабаъ ўзининг бу қарашини Ироқдаги маздакийлардан олган бўлиши ва кейин Абу Зар унинг эътиқоди ҳақида яхши гумон билан фикрларини қабул қилган бўлиши эҳтимоли кучли”[2].

Абу Зар розияллоҳу анҳу воқеасида Усмон розияллоҳу анҳуни қоралаш учун айтилган гапларнинг бари саҳиҳ ривоят асосига қурилмаган нотўғри ва заиф гаплардир. Абу Зарнинг Ибн Сабаъ билан учрашгани ҳақидаги гап ҳам тўғри эмас. Бу воқеа борасидаги тўғри гап шуки, Абу Зар розияллоҳу анҳу Рабзага ўз ихтиёри билан кетган. Бунга сабаб эса Абу Зарнинг Қуръондаги бир оятни тушунишдаги ижтиҳоди бошқа саҳобалар тушунчасидан фарқли бўлгани ва у бу фикрида маҳкам туриб олгани, бошқалар унинг фикрига мувофиқ бўлмагани эди. Шу сабабли у халифа Усмондан ўзи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларида боришга одатланган Рабзага[3] кетишга изн сўради. Унинг Рабзага кетиши мажбурий сургун бўлмаганди. Халифа уни ўз фикридан қайтишга ҳам буюрмаганди, чунки бу фикрнинг ўзига яраша мақбул важҳи бор эди. Лекин шу билан бирга бошқа мусулмонлар унинг фикрини олишлари ҳам вожиб эмасди[4].

Абу Зар воқеасида ривоят қилинган энг саҳиҳ қавл Имом Бухорий ўз “Саҳиҳ”ида Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилган хабардир. У айтади: “Рабзадан ўтиб қолдим, қарасам Абу Зар розияллоҳу анҳу ўша ерда экан. Мен ундан: “Нима сабабдан бу ерга келиб ўрнашдингиз?”, деб сўрадим. У деди: “Шомда турар эдим, мана бу оят ҳақида Муовия билан ихтилофлашиб қолдик: Эй мўминлар, аҳли китобнинг олимлари ва роҳибларидан кўплари одамларнинг молларини ноҳақ йўл билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб ётадиган, уларни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб хабарини беринг!”[Тавба: 34]. Муовия уни аҳли китоблар ҳақида тушган деди, мен эса улар ҳақида ҳам, биз ҳақимизда ҳам тушган дедим, ўртамизда гап қочди. Сўнг у менинг устимдан шикоят қилиб Усмонга хат ёзиб юборди. Усмон менга хат йўллаб, Мадинага келишимни сўради. Мадинага келганимдан сўнг мен билан шу ҳақда савол-жавоб қилишга келадиган одамлар кўпайиб кетди. Мен буни Усмонга айтган эдим, у менга: “Истасангиз, Мадинадан четга чиқиб, яқинроқ бир жойда туринг”, деди. Менинг бу ерга келиб ўрнашишимга сабаб шу бўлди. Агар менга бир ҳабашни амир қилиб қўйганларида ҳам унга қулоқ солиб, итоат қилган бўлардим”[5].

Ушбу ривоят мазкур воқеага тегишли бир неча муҳим нуқталарни очиб беради. Жумладан:

а) Зайд ибн Ваҳб Абу Зар розияллоҳу анҳудан Усмон розияллоҳу анҳуни ёмон кўрувчилар тарқатиб юрган гапнинг ҳақиқатини аниқлаштириб олиш мақсадида, сизни Усмон сурган қилдими ё ўзингиз бу маконни ихтиёр этдингизми, деган мазмунда сўради. Абу Зарнинг жавобидан маълум бўлдики, у одамлар ундан нима сабабдан Шомдан чиқиб кетгани ҳақида ҳадеб сўрайверишганидан зерикиб, Мадинадан чиқиб кетибди. Ҳадиснинг матнида “Усмон уни Рабзага кетишга буюрди” деган гап йўқ, аксинча, Рабзани унинг ўзи ихтиёр этган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ Абдуллоҳ ибн Сомитдан ривоят қилган сўзлар ҳам буни қўллаб қувватлайдики, у деди: “Усмон ҳузурига кирсам, Абу Зар ўша ерда экан. У бошини яланғочлаб: “Мен улардан – яъни хаворижлардан – эмасман”, деди.  (Усмон) унга: “Биз сизни ёнимизда туришингиз учун Мадинага чорладик”, деди. Абу Зар: “Менинг бунга ҳожатим йўқ, менга Рабзага кетишимга изн беринг”, деди. Усмон: “Хўп” деди[6].

б) “Шомда турар эдим”. Абу Яъло Зайд ибн Ваҳбдан келтирган ривоятда Абу Зар розияллоҳу анҳу Шомга кўчиб кетиши сабаби ҳақида сўзлаб, шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам менга: “Мадина шаҳри уйлари Салъга етганида Шомга кўчиб кет”, деган эдилар. Шаҳар Салъга етиб боргач, мен Шомга кетиб, ўша ерда яшадим”[7].

в) Абу Зар розияллоҳу анҳунинг мол-дунё ва бойликлар ҳақидаги қараши қуйидаги ояти каримани тушунишдаги ижтиҳодидан келган эди: “Эй мўминлар, аҳли китобнинг олимлари ва роҳибларидан кўплари одамларнинг молларини ноҳақ йўл билан ейдилар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсадилар. Олтин-кумушни босиб ётадиган, уларни Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилмайдиган кимсаларга аламли азоб хабарини беринг! Қиёмат куни олтин ва кумуш бўлакларини дўзах ўтида қаттиқ қиздирилиб, улар билан ўз эгаларининг пешоналари, ёнлари ва ортларига тамға босилгай ва уларга дашном берилиб: ”Сизларнинг босиб ётган хазиналарингиз шудир. Тўплаб, босиб ётганингиз сабабли энди аламли азобни тотинглар”, дейилади”[Тавба: 34-35].

Имом Бухорий “Саҳиҳ”да Абу Зар розияллоҳу анҳунинг мазкур “Қиёмат куни олтин ва кумуш бўлакларини дўзах ўтида қаттиқ қиздирилади” оятини тафсир қилганига ва шу билан одамларни қўрқитганига далолат қилувчи ривоятни келтиради: Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади, у шундай деди: “Мадина масжидида бир неча қурайшлик кишилар билан ўтирган эдим. Сочлари, кийимлари ва ташқи кўриниши дағал бир киши кириб келиб, одамлар устига келиб тўхтади ва уларга салом бергач, шундай деди: “Бойлик йиғувчиларга жаҳаннам ўтида қиздирилган тош “хушхабар”ини бер. Бу тош улардан бирининг кўкраги учига қўйилса унинг курак суягидан чиқиб кетади. Кураги устига қўйилса ҳаракатланган ҳолда кўкрагининг учидан чиқиб кетади”. Кейин бориб, устун тагида ўтирди. Мен уни танимас эдим, (у Абу Зар экан). Ортидан бориб, ёнига ўтирдим ва: “Одамлар сизнинг гапларингизни ёқтирмаганини кўрдим”, дедим. “Улар ҳеч нарсани англамайдилар”, деди. Сўнг Абу Зар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу ҳадисларини айтиб берди: “Агар менда Уҳуд тоғича тилла бўлса, ундан бор-йўғи уч динорни қолдириб, қолган ҳаммасини инфоқ-эҳсон қилиб юборган бўлишим мени хурсанд қиларди”[8].

г) Жумҳур саҳобалар Абу Зарга хилоф қилганлар ва мазкур оятдаги таҳдидни закот бермайдиган шахсларга деб изоҳлаганлар. Бу фикрларига Абу Саид Худрий ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қилганлар: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Беш васақдан[9] оз (экин ва мева маҳсулотлар)ида, беш уқиядан[10] кам (кумуш)да ва бештадан оз туяда закот йўқ”, дедилар[11]”.

Ҳофиз Ибн Ҳажар айтади: “Ҳадиснинг маъноси шуки, шу айтилган бештадан ортиғига закот вожиб бўлади. Яъни, закоти берилган ҳар бир молнинг эгасига азоб таҳдиди йўқдир ва закоти чиқарилганидан қолган молни хазина дейилмайди”[12].

[1] “Ал-мадинатул мунаввара фажрул ислом” (2/216).
[2] “Фажрул ислом” (110-бет).
[3] Рабза – Ироқ ва Макка ўртасидаги жой номи.
[4] “Ал-мадинатул мунаввара фажрул ислом” (2/217).
[5] Бухорий (1406).
[6] Фатҳул Борий (3/274).
[7] “Ал-мадинатул мунаввара фажрул ислом” (2/219).
[8] Бухорий (1407).
[9] Бир васақ 60 соъга тенг бўлиб, бир соъ ўрта ёшли одамнинг ўртача ҳовучи билан тўрт ҳовучга тенг. Шунда беш васақ тақрибан 653 килограмга тенг келади.
[10] Беш уқия тақрибан 595 граммга тенг.
[11] Бухорий (1405).
[12] Фатҳул Борий (3/272).

Изоҳ қолдиринг