Минога бориб, Жамрати куброда тош отиш

0

(18) Минога бориш

Зулҳижжанинг ўнинчи куни бўлмиш Наҳр (ҳайит) куни тонг ёришгач (қуёш чиқишидан олдин), ҳожилар Жамрати куброга бориш учун Минога йўл оладилар. Ҳожилар Минога йўл олар эканлар, шошмасдан виқор ва сукунат билан борадилар, талбияни канда қилмайдилар. “Батни муҳассир”[1]га етиб келишгач, бироз тезроқ юрадилар. Сўнг шайтонга тош отиш учун Жамрати куброга борадилар. Йўл асносида Жамрага отиладиган тошчаларни териб оладилар. Рожиҳ фикрга кўра, бу тошчаларни Муздалифадан териб олиш мустаҳаб бўлмай, балки улар Жамрати куброга кетаётиб, Минодан териб олинади[2].

 (19) Жамрати куброда тош отиш

Наҳр кунида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб фақат Жамрати куброда (“Жамрати ақаба” ҳам дейилади) еттита тошчалар отилади.

  • Жамрати куброда тош отиш ҳукми

Уламоларнинг бу хусусда билдирган фикрлари ичидаги рожиҳ фикрга кўра, Жамрати куброда тош отиш вожибдир. Баъзи уламоларнинг фикрича, мазкур амал суннат бўлса, баъзи уламоларнинг фикрича, рукндир.

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳақиқат шуки, жамрати ақабада тош отиш вожиб. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажда қилган амаллари билан Аллоҳ таолонинг мужмал бўлган вожиб буйруғини баён қилиб берганлар. (Маълумки, вожибнинг баёни ҳам вожибдир). Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар зиммасида Аллоҳ учун Каъбани (ҳаж қилиш мақсадида) зиёрат қилиш мажбурияти бор» [Оли Имрон: 97]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Мендан ҳаж ибодатларини ўрганинглар»[3].

  • Тош отиш тартиби

Тош отиш учун ҳожилар Жамрага юзланиб, имкони бўлса Маккани чап тарафларида, Минони эса ўнг тарафларида қолдирадилар[4]. Тош отишни бошлашлари билан талбияни тўхтатадилар. Жамрага еттита тошча отар эканлар, ҳар тош отганда такбир айтадилар.

Аллома Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Уламолар ижмо қилишича, тош отганда такбир айтмаслик бирон жаримага сабаб бўлмайди».

Шуни яхши билиб олиш лозимки, Жамра атрофи девор билан ўралган ҳовузга ўхшаш бўш жойнинг қоқ ўртасида жойлашган бир устундан иборат. Жамрага отилган тошчалар «ҳовуз»га тушса кифоя, устунга тегиши шарт эмас.

  • Отилажак тошчалар таърифи

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамрати ақаба тонгида туяларига миниб турган ҳолларида: «Менга тошчалар териб кел», дедилар. Мен у зотга еттита тошча териб келдим. Улар бош бармоқ билан кўрсаткич бармоқ орасида ёхуд рогаткага солиб отиладиган тошчалар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тошларни кафтларига солиб чангини кетказар эканлар: «Мана шунга ўхшаш тошларни отинглар», дедилар. Сўнг ортидан шундай дедилар: «Эй одамлар, динда чуқур кетишдан сақланинглар. Зеро, сизлардан олдинги умматларни динда чуқур кетиш ҳалок қилган эди»[5].

  • Тош отиш вақти

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Болаларим, то қуёш чиқмагунча Жамрага тош отманглар[6].

Асмо розияллоҳу анҳонинг мавлоси Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Асмо розияллоҳу анҳо Жам кечасида (зулҳижжанинг ўнинчи кечасида) Муздалифага тушиб, намоз ўқий бошлади. Бир муддат намоз ўқигач, мендан сўради: “Ўғлим, ой ғойиб бўлдими?”. Мен: “Йўқ”, дедим. У яна бир муддат намоз ўқигач: “Ўғлим, ой ғойиб бўлдими?”, деб сўради. Мен: “Йўқ”, дедим. Сўнг яна бир муддат намоз ўқигач: “Ўғлим, ой ғойиб бўлдими?”, деди. Мен “Ҳа”, дедим. “Ундай бўлса, кетдик”, деди. Биз дарров йўлга отландик. (Минога етиб келгач), Асмо Жамрага тош отди, сўнг (Минодаги) тушган жойига қайтиб келди ва бомдодни Минода ўқиди. Мен унга айтдим: “Эй фалончи, менимча, биз (буюрилган вақтдан эртароқ) қоронғуда тош отиб қўйдик!”. Асмо деди: “Эй ўғлим, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар, (ёш болалар ва кексалар каби заифҳол кимсалар)га (эртароқ тош отиш учун) рухсат берганлар[7].

Шавконий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Далиллар шуни кўрсатадики, (Муздалифадан Минога эртароқ қайтишга) рухсат берилмаган кишилар учун тош отиш вақти (ҳайит куни) қуёш чиққандан кейин бошланса, аёллар ва улардан бошқа заифҳол кишилар учун ундан олдин ҳам тош отиш жоиздир. Бироқ Наҳр (ҳайит) кечасининг аввалида тош отиш жоиз эмаслигига ижмо қилинган[8].

Яъни, заифҳол кимсалар учун Жамрати ақабага тош отиш вақти уларнинг Муздалифадан Минога кетишларига рухсат берилган вақт – кўкда ой ғойиб бўлгандан кейин бошланади. Улардан бошқалар эса ҳайит куни қуёш чиққандан кейин тош отишлари мумкин.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ айтади: “Сўнг ўйлаб кўрсак, бу ҳадислар ўртасида ҳеч қандай қарама-қаршилик йўқ экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болаларни то қуёш чиқмагунча тош отмасликка буюрдилар. Чунки уларда бундан олдин тош отиш учун бирон узр йўқ эди. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Муздалифадан Минога) олдинроқ юборган аёллар эркакларга аралашиб, одамлар оёғи остида қолиш хавфи бўлгани учун узрли саналдилар ва шу сабаб қуёш чиқишидан олдин тош отдилар. Суннат шунга далолат қилди; бирон касаллик сабабли узрли кимсалар ёки касаллик туфайли тиқилинчда юриши оғир бўлган кимсалар учун қуёш чиқишидан олдин тош отиш жоиз. Бироқ соғлом ва қодир кишиларга бундай қилиш жоиз эмас[9].

Шуни билиш лозимки, тош отиш вақти Наҳр кунининг охирига қадар давом этади. Ким ҳайит куни қуёш ботишидан олдин тош отишга улгурса, бу амални ўз вақтида бажарган саналади. Аммо уламолар то қуёш ботгунга қадар тош отмаган киши хусусида турлича фикрлар билдиришган. Бу борадаги рожиҳ фикрга кўра, бундай киши кечаси бўлса ҳам тош отиши жоиз. Бунга далил, Бухорий ривоятида келишича, бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан “Кеч киргандан сўнг тош отдим, (энди нима бўлади?)”, деб сўраганида, у зот: “Ҳечқиси йўқ[10], деб жавоб берадилар. Уламоларнинг айтишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечқурун тош отишнинг зиёни йўқлигини очиқчасига баён қилганлар. Маълумки, кечқурун кечанинг маълум бир қисмини ўз ичига олади.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Юқорида айтиб ўтганимиздек, тошчаларни Муздалифадан териш шарт эмас. Шунингдек, отилажак барча тошчаларни Мино (11, 12, 13 зулҳижжа) кунларида териш шартлиги хусусида ҳам бирон далил келмаган. Балки ҳар куни ўша кунда отилажак тошларни териш кифоя.

(2) Тошчаларни ювиш, уларни хушбўйлаш суннатга хилоф бўлган бидъат амалдир.

(3) Тошчаларни бирма-бир отиш лозим. Борди-ю, уларнинг барчасини бирданига отса, фақат битта тошча отган саналади.

(4) Олдин отилган тошчаларни ҳам отиш жоиз. Зеро, буни тақиқловчи бирон далил йўқ.

(5) Отилган тошлар устун атрофидаги «ҳовуз»га тушиши муҳим. Тошчаларнинг устунга тегиши ёки тегмаслиги, шунингдек, пастдан ёки сўнгги пайтларда махсус барпо этилган кўприк устидан отилишининг аҳамияти йўқ.

(6) Тош отиш асносида қўлларни муайян тартибда кўтариш шарт бўлмай, балки қандай имкони бўлса, шундай отилаверади.

(7) Гарчи қимматбаҳо нарса бўлса ҳам тошчалардан бошқасини отиш жоиз эмас.

(8) Баъзи авом инсонлар шайтонни сўкиб, устунга пойабзал ва ҳоказо нарсаларни отадилар. Бундай қилиш бидъат амалдир.

(9) Тош отиш асносида такбир (Аллоҳу акбар)дан ўзга дуо ва зикрлар айтилмайди. Баъзилар томонидан айтиладиган «Бисмиллааҳи, валлоҳу акбар ва содақоллоҳу ваъдаҳ..», деб бошланадиган ва ҳоказо зикрларни айтиш жоиз эмас.

(10) Ҳожилар Наҳр куни Жамрада тош отиб бўлгач, ортга қайтадилар, дуо қилиш учун у ерда туриб қолмайдилар. Зеро, Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисида келганидек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Жамрати куброда тош отиб бўлгач, дуо қилиш учун у ерда тўхтаб турмаганлар.

[1] «Батни Муҳассир» – Муздалифа ва Мино ўртасидаги водий номи. «Батни Урана» эса Арафот билан Муздалифа ўртасидаги водий номи. «Батни муҳассир» Аллоҳ таоло Каъбани бузиш учун қўшин тортиб келган Ҳабашистонлик Абраҳа ва унинг қўшинини ҳалок қилган жой. Шу боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу водийдан ўтганларида тезроқ юрганлар.
[2] Қаранг: шайх Ибн Усайминнинг «Аш-шарҳул мумтеъ» китоби (7/356).
[3] «Найлул автор» (5/125).
[4] Кўпинча одамлар тирбандлиги сабаб бу ҳолатда тош отиш имкони топилмайди. Борди-ю, мазкур ҳолатда тош отмаса зиёни йўқ.
[5] Саҳиҳ: Насоий (5/268), Ибн Можа (3029), Аҳмад (1/215), Ибн Хузайма (2867) ривояти.
[6] Ҳасан лиғайриҳи: Абу Довуд (1940), Термизий (893), Насоий (5/270), Ибн Можа (3025) ривояти. Аллома Ибн Ҳажар «Фатҳул Борий»да (3/617) айтишича, мазкур ҳадис санадини қўллаб-қувватлайдиган бир неча ривоятлар бор.
[7] Бухорий (1679), Муслим (1291) ривояти.
[8] «Найлул автор» (5/124).
[9] «Зодул маод» (2/252).
[10] Бухорий (1735) ривояти.

Изоҳ қолдиринг