Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни синдириши ва уларга сиғинувчилар билан баҳс-мунозараси (6)

0

Иброҳим алайҳиссаломнинг бутларни синдириши ва уларга сиғинувчилар билан баҳс-мунозараси

Бобил аҳлига келсак, улар бутларга ибодат қилишар эди. Иброҳим алайҳиссалом ана ўшалар билан бутларга ибодат қилиш борасида баҳс-мунозара қилган, уларнинг бутларини синдирган ва уларга ўзлари сиғинаётган бутларнинг ботил эканини баён қилиб, исботлаган эди. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Иброҳим айтди: «Сизлар фақат ҳаёти дунёдаги ўзаро ошна-оғайнигарчилигингизни кўзлаб, Аллоҳни қўйиб, бутларга сиғиндингиз. Ҳали қиёмат кунида айримларингиз (яъни пешволарингиз) айримларингиздан (эргашувчилардан) тонур, айримларингиз айримларингизни лаънатлар. Сизларнинг борар жойингиз дўзах бўлиб, (у жойда) сизлар учун ёрдамчилар йўқдир»” [Анкабут: 25].

Анбиё сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Дарҳақиқат, Биз (Мусодан) илгари Иброҳимга ҳақ йўлини ато этдик. Биз унинг (ҳақ йўлга лойиқ эканини) билган эдик. Ўшанда (Иброҳим) отаси ва қавмига: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир (яъни нега жонсиз ҳайкалларга сиғиняпсизлар?!)», деганида, улар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз», дейишди. У деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар». Улар айтдилар: «Айтган (бу сўзлар)инг ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?». У деди: «Йўқ! Сизларнинг Раббингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва ернинг Раббидирки, У зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман. Аллоҳга қасамки, сизлар (сайилгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин бутларингизга бир ҳийла ишлатиб зарар берурман».

Шундай қилиб, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат «шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар», деб, ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб қўйди). Улар (қайтиб келганларидан сўнг): «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир», дедилар. Улар(нинг айримлари) айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик». (Шунда уларнинг катталари): «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди. (Уни келтиришгач): «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?», деб (сўрашди).  (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу «ҳайкал» қилди. Қани, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира олсалар (айтиб берсинлар)». Шунда (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар. Сўнгра эса яна бошлари айланиб: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!», дейишди. (Иброҳим) айтди: «Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е! Ахир ақл юргизмайсизларми?!». (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». 

Биз айтдик:  «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!». Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик» [Анбиё: 51-70].

Шуаро сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: «(Эй Муҳаммад), уларга Иброҳим хабарини тиловат қилинг! Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?», деганида, улар: «Бут-санамларга ибодат қилмоқдамиз ва уларга содиқлигимизча қолурмиз», дедилар. (Иброҳим) айтди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!». Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам уларга ибодат қиламиз). (Иброҳим) айтди: «Сизлар ўзингиз ҳам, қадим ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз хақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир (шунинг учун мен уларга ибодат қилмайман), балки фақат барча оламлар Раббигагина (ибодат қилурман). У мени яратгандир. Шундай экан, Ўзи мени ҳидоят қилур. Унинг Ўзигина мени тўйдирур ва қондирур. Касал бўлган вақтимда Унинг Ўзи менга шифо берур. У мени ўлдирур, сўнгра (қиёмат кунида қайта) тирилтирур. У жазо (қиёмат) кунида менинг хато-гуноҳларимни мағфират этишини умид қилурман. Раббим, менга ҳикмат-илм ато этгин ва мени солиҳ (бандаларинг) қаторига қўшгин» [Шуаро: 69-83].

Соффат сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир. Эсланг, у Раббига соғлом қалб билан келди. Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?! Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»га (сиғинишни) истайсизларми?! У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни У зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) не гумонингиз бор?!». Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Албатта, мен (вабо) касалига йўлиқувчидирман», деди. Дарҳол ундан юз ўгирган ҳолларида кетдилар. Шунда (Иброҳим) аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми? Нега гапирмаяпсизлар?!», деди. Сўнг уларга яқин келиб, ўнг қўли(даги болта) билан урди. (Қавми) унинг олдига шоша-пиша келишгач, Иброҳим деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?! Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни (ёхуд хатти-ҳаракатларингизни) ҳам Аллоҳ яратган-ку?!»

Улар (бир-бирларига) дедилар: «Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб, уни ўша оловга ташланглар». Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик» [Соффат: 83-98].

Аллоҳ таоло Халили Иброҳим алайҳиссалом тўғрисида хабар бериб, у қавмининг бутларга сиғинганини инкор этгани, уларни ҳузурида бутларни таҳқирлагани, хорлагани ва камситгани ҳақида маълумот бериб, шундай деди: «Сизлар доимо чўқинадиган бу ҳайкаллар нимадир”; Яъни “сизлар уларнинг ҳузурида ўтириб олиб, уларга бўйсунадиган бу ҳайкаллар нимаси?». «Улар айтдилар: «Бизлар ота-боболаримизни ҳам уларга сиғинган ҳолда топганмиз». Яъни, улар ота-боболарининг қилмиши ва уларнинг бутларга сиғиниб келганидан бошқа ҳужжат топа олмадилар. «У деди: «Дарҳақиқат, сизлар ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ залолатда экансизлар» [Анбиё: 54].

 Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ўшанда у отаси ва қавмига деган эди: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?! Аллоҳни қўйиб, сохта «худолар»га (сиғинишни) истайсизларми?! У ҳолда барча оламларнинг Парвардигори ҳақида (яъни У зот сизларнинг мушриклигингиз учун берадиган жазоси ҳақида) не гумонингиз бор?!» [Соффат: 85-87]; Қатода роҳимаҳуллоҳ ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Хўш, сиз ўзингиз Парвардигордан бошқасига ибодат қилиб қўйиб, кейин охиратда Унга йўлиққан чоғингизда Парвардигор сизларга нима қилади, деб ўйлайсиз?!».

Иброҳим алайҳиссалом уларга деди: «Илтижо қилган пайтларингизда (бутларингиз) сизларни(нг илтижоларингизни) эшитадиларми ёки сизларга фойда ё зиён етказа оладиларми?!». Улар дедилар: «Йўқ, бизлар ота-боболаримизнинг мана шундай (бутларга ибодат) қилишларини кўрганмиз (шунинг учун бизлар ҳам уларга ибодат қиламиз) [Шуаро: 72-74]; Улар Иброҳим алайҳиссаломга бутларнинг уларга дуо қилган кишини эшитмаслиги, бирон фойда ва зиён келтирмаслигини, балки уларни бу ишга ундаган нарса ўзларининг ўтган аждодларига ва уларга ўхшаш адашган нодон оталарига эргашиш эканини тан олдилар. Шу боис, Иброҳим алайҳиссалом уларга қарата шундай деди: «Сизлар ўзингиз ҳам, ўтган ота-боболарингиз ҳам ибодат қилгувчи бўлган бутларингиз хақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми? Шак-шубҳасиз, улар мен учун душмандир (шунинг учун мен уларга ибодат қилмайман), балки фақат барча оламлар Раббигагина (ибодат қилурман)» [Шуаро: 75-77].

Бу Иброҳим алайҳиссалом қавми даъво қилган эътиқод: бутлар илоҳ деган эътиқоднинг ботиллигига қатъий ҳужжатдир. Чунки Иброҳим алайҳиссалом бу бутлардан воз кечди, уларни камситди. Агар улар зарар беришга ёки таъсир қилишга қодир бўлганида Иброҳимга зарар берган, унга таъсир қилган бўлур эди.

«Улар айтдилар: «Айтган (бу сўзлар)инг ростми ёки сен ҳазил қилгувчиларданмисан?» [Анбиё: 55]. Иброҳим алайҳиссалом қавми айтдилар: «Сен бизга айтаётган, унинг билан худоларимизни камситаётган ва ота-боболаримизга тил теккизаётган бу сўзларингни чинакамига, жиддий айтаяпсанми, йўқса, ҳазилакамига, ўйнаб гапираяпсанми?!».

«У деди: «Йўқ! Сизларнинг Раббингиз (мана бу ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бутлар эмас, балки) осмонлар ва ернинг Раббидирки, У зот уларни Ўзи яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчилардандирман» [Анбиё: 56]; Яъни, “аксинча, мен бу сўзларни сизларга чинакамига ва жиддий айтаяпман. Аслида, сизларнинг ҳақиқий илоҳингиз Ундан ўзга илоҳ мавжуд бўлмаган Аллоҳдир. У сизларнинг ва барча нарсаларнинг Парвардигори, осмонлар ва ерни илк яратган ва улар иккисини олдин ўхшаши бўлмаган бир тарзда яратган зотдир. Унинг якка ўзигина ибодатга ҳақли, ёлғиз ва шериги бўлмаган зотдир. Мен бунга гувоҳлик берувчиларданман».

«Аллоҳга қасамки, сизлар (сайилгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин бутларингизга бир ҳийла ишлатиб зарар берурман» [Анбиё: 57]. Иброҳим алайҳиссалом қавми байрамларига кетгач, у улар ибодат қиладиган бутларга бир ҳийла-найранг ишлатишига қасам ичди.

Иброҳим алайҳиссалом қавмининг йилда бир бор шаҳар ташқарисида тўпланишадиган байрамлари бор эди. Отаси уни ҳам бу байрамга боришга даъват қилди. Иброҳим алайҳиссалом  отасига “мен бетобман”, деб баҳона қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Сўнг у юлдузларга тикилиб туриб: «Албатта, мен (вабо) касалига йўлиқувчидирман», деди» [Соффат: 88-89]. Иброҳим алайҳиссалом қавмига қочирим гап қилди. Шу тариқа ўз мақсадини амалга оширишга: қавмининг бутларини таҳқирлаш, Аллоҳнинг ҳақ динига ёрдам бериш, қавмининг синдириш ва буткул оёқ ости қилишга арзийдиган бутларини йўқ қилишга баҳона топди.

Қавми байрамга кетиб, Иброҳимнинг ёлғиз ўзи шаҳарда қолгач, «аста уларнинг бутлари олдига келиб: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми?», деди» [Соффат: 91]. Яъни, у бутларнинг олдига махфиёна шошилиб борди. Иброҳим алайҳиссалом бутларни улкан бир залда, уларга аталган қурбонлик тарзида қўлларига турли ноз-неъматлар тутқазилган ҳолда кўрди. У бутларни таҳқирлаб ва масхаралаб уларга шундай деди: «(Олдиларингиздаги) таомларни емайсизларми? Нега гапирмаяпсизлар?!». Сўнг уларга яқин келиб, ўнг қўли(даги болта) билан урди» [Соффат: 91-93]. Иброҳим алайҳиссалом одатда ўнг қўл кучли, ҳаракатчан, тез ва қаҳрли бўлгани учун ҳам уларни ўнг қўли билан урди. Қўлидаги болта билан бутларни синдириб ташлади. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Шундай қилиб, у (бутларни) парча-парча қилди. Фақат «шояд (мушриклар у бутларнинг) каттасига қайтсалар» деб, ўшанигина (қолдирди ва унинг бўйнига бир болтани илиб қўйди)» [Анбиё: 58]. Айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом катта бут кичкина бутларнинг унга қўшиб ибодат қилинишидан ғазаби келганига ишора бўлсин, дея болтани унинг қўлига тутқазиб қўйган.

Қавм байрамдан қайтиб, худоларининг бошига тушган бу савдони кўришгач: «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир», дедилар» [Анбиё: 59].

Агар уларда ақл бўлганида ўзлари ибодат қилиб турган худоларининг бошига тушган бу ишда улар учун очиқ далил бор эди. Ахир бу бутлар ҳақ илоҳ бўлганида эди, уларга ёвузлик истаган кишидан ўзини ҳимоя қилган бўлур эди. Бироқ Иброҳим алайҳиссалом қавмининг нодонлиги, ақлсизлиги, ҳаддан ортиқ адашганлиги ва аҳмоқлиги туфайли шундай дедилар: «Бизнинг худоларимизни ким бундай қилди? Шубҳасиз, у золим кимсалардандир». Улар(нинг айримлари) айтишди: «(Худоларимизни) айблаб юрадиган Иброҳим деган бир йигитни эшитгандик» [Анбиё: 59-60]. Яъни, “бизнинг худоларимизни қоралаб, камситиб, масхара қилаётган бир йигитни эшитгандик. Ана ўша худоларимизни бошига бу савдони солган ва уларни синдирган”. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг айтишича, улар бундан Иброҳим алайҳиссаломнинг «Аллоҳга қасамки, сизлар (сайилгоҳларингизга) кетганларингиздан кейин бутларингизга бир ҳийла ишлатиб зарар берурман» [Анбиё: 57], деган сўзини назарда тутишган. «(Шунда уларнинг катталари): «Уни одамлар қошига келтирингиз! Улар гувоҳ бўлсинлар», дейишди» [Анбиё: 61]. Яъни, “уни катта халойиқнинг ўртасига олиб келингларки, шояд одамлар унинг сўзига гувоҳ бўлсалар, гапини эшитсалар ва ундан қасос олинишини ўз кўзлари билан кўрсалар”.

Бу Иброҳим Халилнинг энг катта мақсади: одамларнинг барчаси тўпланиши ва жамики бутларга сиғинувчи кишиларга уларнинг ибодати ботил эканини исботлаш эди. Мусо алайҳиссалом ҳам айни мақсадни кўзлаб, Фиръавнга шундай деган эди: «Ваъда байрам куни (тўпланадиган жой)дир. Одамлар чошгоҳда тўпланурлар» [Тоҳа: 59].

Одамлар ўзлари айтишгандек тўпланишиб, Иброҳим алайҳиссаломни олиб келишгач, дедилар: «Худоларимизни сен шу (ҳолга) солдингми, эй Иброҳим?». (Иброҳим) айтди: «Йўқ, бу ишни уларнинг каттаси мана бу «ҳайкал» қилди. Қани, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира олсалар (айтиб берсинлар)» [Анбиё: 62-63]. Айтишларича, бу гапи билан Иброҳим алайҳиссалом «мени бутларни синдиришга ундаган ўша бутларнинг каттасидир», демоқчи бўлган, бироқ уларга қочирим гап қилган. «Қани, (бутларингиздан) сўранглар, агар гапира олсалар (айтиб берсинлар)» [Анбиё: 63]. У бу гапи билан одамларнинг: “Ахир бу бутлар гапира олмайди-ку?”, дейишларини ва шу йўсинда бутларнинг бошқа жонсиз махлуқотлардан фарқсиз эканини эътироф этишларини истади.

 «Шунда (мушриклар) ўзларига келиб, (бир-бирларига): «Сизлар ўзингиз золимларсиз», дедилар» [Анбиё: 64]. Яъни, одамлар ўзларини маломат қилиб, шундай дедилар: “Бу бутларни қаровсиз, қаровулсиз ташлаб қолдирганингиз учун аслида ўзингиз золимсизлар”.

 «Сўнгра эса яна бошлари айланиб» [Анбиё: 65]. Яъни, сўнгра фитнага қайтдилар. Шунга биноан, улар: “Сизлар ўзингиз золимларсиз” [Анбиё:64], деган гапларини “бутларга ибодат қилиб ўзингизга зулм қилибсиз”, деган маънода айтган бўладилар.

Қатода роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Қавм нима дейишни билмай ҳайрон бўлганича бироз бошини қўйи солдилар-да, сўнг шундай дедилар: «Сен уларнинг гапирмасликларини яхши билардинг-ку?!» [Анбиё: 65]. Яъни, “эй Иброҳим, сен аниқ биласан-ку, буларнинг гапирмаслигини? Нега билатуриб, улардан сўранглар дейсан?!”.

Ўшанда Иброҳим алайҳиссалом уларга деди: «Ахир Аллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларга сиғинасизларми?! Сизларга ҳам, Аллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф-е!  Ахир ақл юргизмайсизларми?!» [Анбиё: 66-67].

Аллоҳ таоло шундай дейди: «Шунда (қавми) унинг олдига шоша-пиша келишгач, Иброҳим деди: «Ўзларингиз йўниб-ясаб олган нарсаларга ибодат қилурмисизлар?!» [Соффат:94-95]. Яъни, “ахир қандай қилиб ўзингиз тош ва ёғочдан йўниб олган ва уларни истаган сурат ва шаклга соладиган бутларга ибодат қиласизлар?!”. «Ҳолбуки, сизларни ҳам, ясаб олган бутларингизни (ёхуд хатти-ҳаракатларингизни) ҳам Аллоҳ яратган-ку?!» [Соффат: 96]. Яъни, “сизлар ҳам ва мана бу бутлар ҳам Аллоҳ яратган махлуқотсизлар. Шундай экан, қандай қилиб бир яратилган нарса ўзига ўхшаш бошқа бир яратилган нарсага ибодат қилиши мумкин?! Сизларнинг уларга ибодат қилишингизнинг уларнинг сизларга ибодат қилишидан афзал жойи йўқ, иккиси баб-баравар. Буниси ботил экан, бемаънилиги ва мантиққа тўғри келмаслиги боис униси ҳам ботилдир. Зеро, ёлғиз ва шериксиз Яратгандан бошқасига ибодат қилиш ярамайди”.

Изоҳ қолдиринг