Аббосийлар давлати: Ҳорун Рашид ва бармакийлар

0

Ҳорун Рашид таржимаи ҳоли

Ҳорун Рашид бобоси Абу Жаъфар Мансур халифалиги даврида, ҳижрий 146 йили Райда дунёга келди. Ҳижрий 170 йили унга халифа сифатида байъат берилди, ўшанда унинг ёши йигирма тўртда эди.

Узун бўйли, оқ юзли, тўладан келган, хушсурат эди.

Ҳижрий 193 йили жумодул охира ойининг учинчи куни Тусда вафот этди. Халифалиги йигирма уч йил давом этди.

Ҳижрий 165 йили амакисининг қизи Зубайда Умму Жаъфар бинти Жаъфар ибн Мансурга уйланди. Ундан 170 йили 16 шавволда ўғли Амин дунёга келди.

187 йили амакиси Сулаймон ибн Абу Жаъфар Мансурнинг қизи Аббосага уйланди. Ундан бошқа ҳам бир неча аёлга уйланган ва вафот этганида ортида тўртта аёли қолган эди.

Унинг бир қанча жориялари ҳам бўлиб, улардан бир неча фарзандлари туғилган. Фарзандлари ичида энг каттаси Маъмун эди, у Ҳорун Рашид халифалик тахтига ўтирган куни – 15 рабеул аввалда туғилганди. Маъмун Рашиднинг иккинчи ўғли Аминдан етти ойлик катта эди. Маъмуннинг онасининг исми Марожил эди. Яна бир ўғли Муътасим бўлиб, унинг онаси Морида эди. Яна бир ўғли Қосим Муътаман бўлиб, онасининг исми Қасиф эди.

Рашиднинг куняси Абу Мусо эди, кейинроқ у Абу Жаъфар номи билан машҳур бўлди.

Рабеул аввалнинг 15 куни халифа сифатида байъат олганидан сўнг Ҳорун Рашид Яҳё ибн Холид Бармакийни зиндондан чиқариб, вазирликка тайинлади. Аввалроқ Ҳодий уни Рашидга мойиллиги учун зиндонга ташлаган эди.

Янги халифа Тарсус шаҳри қурилишини охирига етказди. Бу шаҳар Ўрта Ер денгизи соҳилида жойлашган шаҳар бўлиб, унинг қурилиши Рашид халифалигининг биринчи йилида тугалланди.

Рашиднинг онаси Хайзурон 172 йили вафот этди.

Ҳорун Рашид 175 йили ўғли Муҳаммад Аминни валиаҳд қилиб тайинлади, ўшанда у ҳали беш ёшдан ҳам ўтмаганди. Бу иши аҳли илмлар ва омма халқ тарафидан Рашидга нисбатан танқидий қарашларни туғдирди. Ўғли Абдуллоҳ Маъмун иниси Аминдан етти ойлик катта бўлишига қарамай, валиаҳдлик байъати Аминга бўлди. Чунки унинг онаси Зубайда бинти Жаъфар Ҳорун Рашиднинг амакиваччаси ва унинг ҳузурида катта эътибор соҳибаси эди. Маъмуннинг онаси Марожил эса оддий жория эди. Лекин Рашид орадан етти йил ўтиб, Аминдан сўнг акаси Маъмунни иккинчи валиаҳд қилиб тайинлади.

Ҳорун Рашид даврида бармакийлар

Рашид халифалиги даврида бармакийлар хонадони давлатда жуда катта нуфузга эга бўлди. Чунки Яҳё ибн Холид Бармакий Ҳорун Рашиднинг мураббийи эди, Рашид унга ота деб мурожаат қиларди. Яҳёнинг ўғиллари Фазл, Жаъфар, Мусо ва Муҳаммад Рашиднинг тенгқур оғайнилари эди. Ҳодий уларни ёқтирмасди, оталарини зиндонбанд қилганди. Рашид халифа бўлгач, уни зиндондан чиқарди ва ўзига яқин олиб, унга вазирлик мансабини туҳфа қилди. Ушбу хонадоннинг нуфузи ортганидан ортди. Улар бир тарафдан давлатга хизмат қилдилар, Муҳаммад ибн Холид Рашиднинг эшик оғаси (ҳожиби), Яҳё ибн Холид мураббийи, Жаъфар ибн Яҳё Миср волийси, Фазл ибн Яҳё Хуросон волийси эди. Шу билан бирга улар қўшинларга қўмондонлик қилишар, улкан бойликларга эга чиқишар, фитналарни бостиришга бош-қош бўлишарди. Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан 176 йили Дайлам ўлкасида қўзғолон кўтарганида унга қарши уруш олиб бориш вазифаси Фазл ибн Яҳё Бармакийга юклатилганди. Шунингдек, Фазл қўшинга бош бўлиб турк ўлкаларига юриш қилиб, Кобулга кириб борган ва Мовароуннаҳр диёрида ғазот олиб борганди. Бармакийлар давлатга хизмат қилиш билан бир қаторда ўз манфаатларига ҳам ишлашарди. Чунки улар нуфуз ва салтанат эгалари, халифанинг бош маслаҳатчилари эди, барча соҳада пешқадам эдилар, халифанинг энг яқин надимлари ва сирдошлари эди, ҳар вақт унинг ҳузурига изнсиз кира олар эдилар. Ҳорун Рашид гарчи баъзан улардан бировини мансабидан бўшатиб, ўрнига бошқасини алмаштириб турган бўлса-да, умуман олганда уларнинг давлат бошқарувида тутган ўрни ўзгармай қолаверарди. Масалан, Рашид ҳижрий 176 йили Жаъфарни Миср волийлигидан бўшатди, 179 йили Муҳаммад ибн Холидни эшик оғалигидан бўшатиб, унинг ўрнига Фазл ибн Рабеъни тайинлади.

 

Изоҳ қолдиринг