Сийрат: арабларнинг исломдан олдинги ахлоқий ҳолати (2)

0

Аҳдга вафо қилиш ва ростгўйлик

Араблар ёлғондан нафратланишар, ёлғон гапириш улар учун ор саналарди. Улар берган ваъдаларига вафо қилишарди. Шунинг учун ҳам калимаи шаҳодатни тил билан айтишнинг ўзи исломга кириш учун етарли деб эътибор қилинган. Ёлғондан нафратланишларига эса Абу Суфённинг Геракл билан бўлиб ўтган суҳбатини мисол қилишимиз мумкин. Геракл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида сўраганида Абу Суфён Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ашаддий душман бўлишига қарамай, у зот ҳақида бир оғиз ҳам ёлғон гап гапирмаган. Бунинг сабабини изоҳлаб: “Агар ёлғон гапирганим ҳақида гап тарқалишидан уялмаганимда у ҳақида албатта ёлғон айтган бўлар эдим” – деган[1].

Арабларнинг ваъдага вафо қилиши ҳақида сўзларкан, Нўъмон ибн Мунзир Кисрога шундай деган: “Араблар бир бор кўз қирини ташласа ёки ишора қилиб қўйса, бу унинг ваъдаси бўлади ва у ўлса ҳам бу ваъдани бузмайди. Араблар ерда ётган бир чўпни олиб, қарзи учун гаровга берса, шу унинг гарови ҳисобланади ва у қарзини узмагунича шу чўп сақланади, шартнома бузилмайди. Агар араблар бир киши уларнинг ҳимоясида эканини айтганидан кейин ҳам унга зарар етказилганини эшитишса, ҳимояларидаги инсонга зарар етказгани учун ўша қабилани йўқ қилгунича ёки ўзининг қабиласи қирилиб кетгунича уларга қарши жанг қилишади. Ваҳоланки, бу воқеа уларнинг қабиласидан ташқарида содир этилган бўлиши ҳам мумкин. Нотаниш ва бегона бир жиноятчи келиб, улардан ёрдам сўраса, араблар у учун керак бўлса, молу жонларини фидо қиладилар”[2]. Бироқ, ислом келгач, улардаги баъзи шариатга хилоф иллатларни тўғрилади. Масалан, жиноятчи ҳар қанча яқин қариндош бўлмасин, уни ҳимоя қилишни ҳаром қилди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жиноятчини ҳимоясига олган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин” – деганлар[3].

Араблар ўз ваъдаларига нақадар содиқ бўлишганини қуйидаги воқеа янада ёритиб беради. Ҳорис ибн Аббод Бакр қабилаларига бошчилик қилиб, Тағлиб қабиласига қарши жанг қилади. Тағлиб қабиласининг қўмондони эса Муҳалҳил ибн Рабиа эди. Муҳалҳил Ҳориснинг ўғлини ўлдирган эди. Уруш асносида Ҳорис Муҳалҳилни асирга олади. Лекин у Муҳалҳилни танимагани учун ёнига келиб: “Муҳалҳил ибн Рабиа ким эканини кўрсатсанг сени озод қиламан” – дейди. У эса: “Агар кўрсатсам, аниқ озод қиласанми?” – деб таъкидлаб сўрайди. Ҳорис ваъда берганидан сўнг Муҳалҳил Ҳорис излаётган шахс ўзи эканини айтади. Шунда Ҳорис Муҳалҳилни қўйиб юборади. Ўйлаб кўринг-а, берган ваъдасини бузмаслик учун энг ашаддий душмани ва ўғлининг қотилини қўйиб юборади. Бу даражада аҳдга вафо қилишни фақат арабларда учратиш мумкин.

Қуйидаги воқеани ҳам арабларнинг ваъдага вафодорликларига мисол тариқасида келтиришимиз мумкин: Кисро Нўъмон ибн Мунзирни (у Кисро томонидан Ҳийра шаҳрига ҳоким этиб тайинланган киши бўлган) ўз ҳузурига чақиради. Нўъмон Кисрога қизини беришдан бош тортганидан сўнг ундан қўрқа бошлагани сабабли унинг ҳузурига кетишдан олдин мол-мулки, қурол-аслаҳаси ҳамда оиласини Шайбон қабиласининг раиси Ҳонеъ ибн Масъуд Шайбонийга омонат қилиб қолдиради. Нўъмоннинг қўрқуви асосли бўлиб чиқади, у Кисронинг ҳузурига бориши билан зиндонбанд қилинади. Кисро Ҳонеъ ибн Масъуддан Нўъмон қолдирган омонатларни Ҳийранинг янги ҳокимига топширишини талаб қилади. Ҳонеъ омонатларни беришдан бош тортгач, Кисро томонидан уларга қарши қўшин юборилади. Қўшинни қарши олишга тайёргарлик кўраркан, Ҳонеъ Бакр қабиласини йиғиб, уларга шундай дейди: “Эй Бакр қабиласи! Қочиб қутулгандан кўра кучимиз етмай ўлганимиз яхши. Зеро, эҳтиёткорлик тақдирни ўзгартирмайди. Ғалабанинг энг кучли омилларидан бири сабрдир. Ўлсак ҳам хорликка рози бўлмаймиз. Ўлимдан қочгандан кўра уни кутиб олганимиз афзал. Найза ортимиздан санчилганидан кўра томоғимизга санчилгани биз учун шараф. Бакр қабиласи, жанг қилинглар, ҳеч ким ўлимдан қочиб қутула олмаган”[4]. Шу тариқа, Бани Бакр, Бани Шайбон, Бани Ижли, Бани Яшкур ҳамда Бани Ҳузал қабилалари Зу Қор номли бу жангда Форс қўшинини тор-мор этади. Аҳдига вафо қилиш мақсадида бутун қабиласининг ҳаётини хавф остига қўйган Ҳонеъ ўз номини ажамлар устидан ғалаба қозонган биринчи араб раҳбари сифатида тарихда қолдиради. Ҳа, мана буни аҳдга вафо қилиш деса бўлади.

Қийинчиликларга сабр-тоқат ва оз нарсага қаноат

Араблар кўп овқат ейдиган баднафс кимсаларни ёқтирмас эдилар. Уларнинг овқатланиш борасидаги шиорлари шу эди: ҳаддан ортиқ тўйиш фаҳму фаросатнинг йўқолишига олиб келади. Уларнинг қийинчилик ва машаққатга қанчалар чидамли эканлари инсонни ҳайратга солади. Эҳтимол, экин-тикиндан холи саҳро ва тоғларда яшаб, жазирама иссиқда узоқ масофаларга сувсиз сафар қилишга ўрганиб қолишгани уларни шу даражада матонатли бўлишларига сабаб бўлгандир. Балки шу сабабдан улар иссиқ-совуққа, очарчилик ва сувсизликка чидамли бўлишгандир. Нима бўлганда ҳам, арабларнинг исломга кирганларидан сўнг кўрсатган матонатлари тарих саҳифаларида зарбулмасалга айланган. Ҳатто баъзи саҳобаларнинг сафар асносида бир кунда бир неча дона хурмо билан кун кечиришгани ҳақида ҳаммамиз ўқиганмиз.

Бақувватлилик

Араблар руҳий бақувват бўлишлари билан бирга жисмоний жиҳатдан ҳам бақувват эканлари билан машҳур бўлишган. Агар бир инсон ҳам руҳий, ҳам жисмоний бақувват бўлса, унинг нималарга қодир эканини саҳобалар тарихидан ўқиб ўрганишимиз мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган сифатларнинг барчаси арабларда муҳайё эди. Ислом келиб, улардаги мазкур сифатларни янада ривожлантирди ва бу хислатлардан тўғри фойдаланишни ўргатди. Шундан сўнг улар саҳролар ошиб, куфр, залолат ва зулм ботқоғига ғарқ бўлаётган бу дунёни иймон, ҳидоят ва адолат билан обод қилиш шарафига муяссар бўлдилар.

Биз юқорида араб жамиятида улғайган инсонда бўлган айрим хулқ-атвор ва хислатларни айтиб ўтдик. Ўзингиз гувоҳи бўлганингиздек, араб жамияти ўша даврдаги энг афзал жамият бўлган. Айнан мана шу сабаб боис Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам форс, рум ёки ҳинд жамиятларидан эмас, араб жамиятидан танлаб олиндилар. Ваҳоланки, форслар илм-маърифат билан, румликлар топқирлик билан, ҳиндлар фалсафа билан, юнонлар шоирлик ва фантазия билан танилган эди. Лекин шундай бўлгани ҳолда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мана шу содда жамиятдан чиқдилар. Негаки, улар ҳар қанча ривожланган бўлмасинлар, виждон тозалиги ва феъл-атворнинг поклигида арабларга етолмасдилар.

Иншааллоҳ, келгуси мақоламиздан бошлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг таваллуд топишларидан олдин содир бўлган муҳим воқеалар ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Саҳиҳи Бухорий (7-ҳадис).
[2] “Булуғул ароб” (1\149-150).
[3] Муслим (1978) ривояти.
[4] “Тарихи Табарий” (2\207).

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг