Абу Бакр розияллоҳу анҳу: Сиддиқ бошқарувидаги асосий тамойиллар

0

Сиддиқ бошқарувида қонунчилик асослари

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўзининг илк хутбасида шундай деганди: “Қачон мен Аллоҳ ва Расулига итоат қилиб турар эканман, сизлар ҳам менга итоат қилинглар. Агар мен Аллоҳ ва Расулига итоатсизлик қилсам, менга итоат қилманглар!”[1]. Демак, Сиддиқ наздида қонунчилик асоси икки нарса эди:

Биринчиси: Қуръони Карим.

Аллоҳ таоло айтади: Албатта, Биз сизга ушбу Ҳақ Китобни (Қуръонни) одамлар орасида Аллоҳ кўрсатган йўл билан ҳукм этишингиз учун нозил қилдик. Сиз хоинларни ҳимоя қилувчи бўлманг” [Нисо: 105].

Қуръони Карим ҳаётий ишларга тааллуқли бўлган умумий шаръий ҳукмларни, шунингдек ҳаётнинг ҳар бир жабҳасини ислоҳ қилиш учун зарур бўлган асосий қонун-қоидаларни ўз ичига олган биринчи манбадир.

Иккинчиси: Суннати мутаҳҳара.

Суннат (ҳадиси шарифлар) Ислом Давлати қомусининг иккинчи манбасидир. Қуръон ҳукмларининг ижроси ва ҳаётга татбиқ этиш йўлларини Суннат орқали билинади.

Сиддиқ бошқаруви остидаги давлат шариат асосидаги давлат бўлиб, исломий шариат ҳукмронлиги унда барча қонун-қоидалардан устун эди. Ислом давлати бошқарувнинг барча тизимида шариат ҳукмларига тўла бўйсунган шариат давлати эди. Бу давлатда ҳоким шахс бошқалар билан бир қаторда шариат ҳукмларига бўйин эгар, ундан заррача чекинишга ҳақли эмасди[2].

Бинобарин, Сиддиқ давлатида ва саҳобалар жамиятида шариат барчадан устун бўлди. Ҳоким ҳам, маҳкум ҳам унга бирдек бўйсунарди. Зотан Сиддиқ розияллоҳу анҳу умматдан ўзига талаб қилган итоатни ўзининг Аллоҳ ва расулига бўлган итоатига боғлиқ қилиб қўйган эди. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳга маъсият бўлган ишда (раҳбарга) итоат қилинмайди, итоат фақат маъруф-яхши ишлардадир”, деганлар[3].

Умматнинг ҳокимларни назорат қилиш ҳаққи

Абу Бакр розияллоҳу анҳу умматга қилган илк хутбасида: “Агар яхши иш қилсам менга ёрдам беринглар, агар ёмон иш қилсам мени тўғрилаб қўйинглар”, деди[4].

Бу билан Сиддиқ умматнинг давлат бошлиғининг ишларини кузатиб, назорат қилиб туриш ҳаққини, шунингдек, ноҳақ ишлар қилишидан тўхтатиш мақсадида унга қарши чиқиш ҳаққини ва уни ўзлари энг тўғри ва шаръий йўл деб кўрган ишга мажбурлаш ҳаққини эътироф этди. Сиддиқ ўзининг илк хутбасида эътироф этганидек, ҳар бир ҳоким хато қилишга ва ҳисоб сўралишга маҳкумдир. У ўз ҳукмронлигида бошқалардан уни афзал қилиб қўядиган ҳеч қандай шахсий имтиёзга эга эмас. Чунки рисолатлар ва гуноҳдан пок пайғамбарлар замони ўтди, илоҳий ваҳий келиб турадиган охирги Пайғамбар ҳам Раббининг ҳузурига кетди. Пайғамбарнинг набий ўлароқ маъсумлигига ва самодан ваҳий олувчи расуллик сифатига суянган диний ҳукмронлиги бор эди. Лекин унинг вафоти билан бу ҳолат ниҳоясига етди ва энди ҳукмдорлик умматнинг байъат беришига ва танловига суянадиган бўлди[5].

Абу Бакрнинг тушунчасига кўра, уммат ўз раҳбарини онгли равишда назорат қилиш, унга ёрдам ва кўмак кўрсатиш, унга холис насиҳат қилиш, уни тўғрилаб қўйишга тўла ҳақли ва бунга қудратлидир. Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилувчи имомга дин ва жиҳод ишларида ёрдам бериш ва дастак кўрсатиш, уни қўллаб-қувватлаш раиятга вожиб бўлади. Имомни камситмаслик ва қадрини пастлатмаслик ҳам унга ёрдам беришнинг бир туридир. Имомга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уни иззат-икром қилиш ҳам уни қўллаб-қувватлашга киради. Унинг умматга раҳбарлик қилиши ва Аллоҳнинг калимасини олий қилиш йўлида уни бошқариши уни улуғлашни ва ҳурматини ўрнига қўйишни тақозо қилади. Бу эса у ҳимоя қилаётган ва унинг йўлида курашаётган Аллоҳнинг шариатини улуғлаш бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Мўйсафид мусулмонни, Қуръонга (ундан махфий маънолар излаб ёки унга қаттиқ амал қиламан деб) ғулув кетмаган ва ундан бутунлай узоқлашиб кетмаган ҳомили қуръонни (яъни Қуръонни кўтарган – ёд олган кишини) ҳурмат қилиш, адолатли султонга ҳурмат-эҳтиром бажо келтириш Аллоҳни улуғлаш жумласидан”[6].

Раҳбарларга насиҳат қилиш умматга вожибдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Дин насиҳатдир”, дедилар. “Ким учун, ё Расулуллоҳ?”, деб сўраганларида: “Аллоҳ учун, Унинг китоби ва расули учун, мусулмонларнинг раҳбарлари ва омма халқ учун”, деб жавоб бердилар[7].

Мусулмонларнинг имом-пешволарига нисбатан насиҳат – ҳақ устида уларга ёрдам бериш ва итоат қилиш, уларни ҳаққа чорлаш, мусулмонларнинг эҳтиёжларини уларга етказиш, уларнинг орқасида намоз ўқиш ва улар билан бирга жиҳод қилиш, улар тарафидан бирон ножўя иш содир бўлса қаршиларига қилич кўтариб чиқмаслик каби маънолардадир[8].

[1] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”  (6/305).
[2] Ориф Абу Убайд, “Низомул ҳукми фил ислом” (227-бет).
[3] Бухорий (7145).
[4] “Ал-бидоя ван-ниҳоя”  (6/305).
[5] Фиқҳуш шуро вал-истишора (114-бет).
[6] Саҳиҳ сунани Аби Довуд (3504).
[7] Муслим (55).
[8] Абу Басир, “Ҳуқуқ ва вожибот”.

Изоҳ қолдиринг