Бир ракаатда икки ё ундан кўп зам сураларни ўқиса бўладими?

0

Савол:

Ёлғиз намоз ўқувчи Фотиҳа сурасидан кейин зам сурага икки ёки учта кичик сураларни кетма-кет қилиб ўқиса бўладими?

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Инсон (имом, муқтадий ёки ёлғиз ўзи бўлишидан қатъий назар) намозда Фотиҳа сурасидан кейин икки ёки учта зам сура ўқишининг зиёни йўқ. Лекин намоз ўқиётган киши имом бўлса, Фотиҳа сурасидан кейин зам сурага доимий равишда икки ёки ундан кўп сурани ўқимаслиги, балки бу ишнинг жоизлигини кўрсатиш учун гоҳ-гоҳида намозхонларга малол келмайдиган қилиб икки ёки учта зам сура ўқиши мақсадга мувофиқ. Бу ҳукм фарз ва нафл намозларда ҳам бир хилдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир қанча намозларда Фотиҳа сурасидан кейин иккита зам сура ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда келган бўлиб, ушбу суралар “Назоир” деб номланган. Саҳиҳ ҳадисларда улар қай суралар экани баён қилинган.

Назоир деб маънолари бир-бирига яқин ва ўхшаш бўлган сураларга айтилади[1]. Айрим уламоларнинг фикрича, оятларининг сони ва узун-қисқалиги бир-бирига яқин бўлган сураларга ҳам назоир деб айтилади. Асвад ва Алқама ривоят қилган қуйироқдаги ҳадисда назоирдан қай суралар назарда тутилгани баён қилинган.

Амр ибн Мурра айтади: Мен Абу Воилни шундай деганини эшитганман: “Бир киши Ибн Масъуднинг олдига келиб: “Мен бугун кечаси “муфассал” сураларнинг барчасини бир ракаатда ўқидим”, деган эди, у: “Шеър каби шариллатиб ўқидингми?! Дарҳақиқат, мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ракаатда жуфт қилиб ўқийдиган “Назоир” сураларни биламан”, деди. Сўнг Муфассал суралардан йигирматасини зикр қилиб, ҳар ракаатда икки сурадан ўқишларини айтди” [Бухорий: 742 ва Муслим: 822].

Имом Бухорий ушбу фикрни қўллаб, ўзининг “Саҳиҳ” китобида “Бир ракаатда иккита (зам) сура ўқиш” деган боб ажратган.

“Муфассал” деб Қофдан Ан-Носгача бўлган суралар назарда тутилади. Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тўғрироқ фикрга кўра, ушбу суралар ўртасини ажратишда “бисмиллоҳ” кўп қўйилгани учун муфассал (оралари ажратилган) суралар деб номланган[“Фатҳул Борий”, 2/259].

Алқама ва Асвад айтади: “Бир киши Ибн Масъуднинг олдига келиб деди: “Мен бугун кечаси бир ракаатда “муфассал” сураларнинг барчасини ўқидим”.

Ибн Масъуд унга шундай деб жавоб берди: “Шеър ўқигандек шариллатиб ёки сифатсиз хурмолар дувиллаб тўкилгандек (яъни сифатсиз хурмоларни отиб юборгандек оятлар тўғрисида тафаккур юритмасдан) ўқигандирсан-да! Лекин Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир ракаатда “назоир”дан иккита сура ўқир эдилар: Нажм ва Раҳмонни бир ракаатда, Иқтаробат (Қамар) ва Ал-ҳаққони бир ракаатда, Тур ва Зориётни бир ракаатда, Изаа вақоат (Воқеа) ва Нунни бир ракаатда, Саала сааилун (Маориж) ва Нозиётни бир ракаатда, Вайлул-лилмутоффифийн (Мутоффифийн) ва Абасани бир ракаатда, Муддассир ва Муззаммилни бир ракаатда, Ҳал атаа (Инсон) ва Лаа уқсиму биявмил қияма (Қиёмат)ни бир ракаатда, Амма ятасаалун (Наба) ва Мурсалатни бир ракаатда, Духон ва Изаш-шамсу куввирот (Таквир)ни бир ракаатда ўқир эдилар[Абу Довуд: 1396. Шайх Албоний “Саҳиҳи Абу Довуд”да саҳиҳ деган].

Имом Муслим Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда[2] Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозининг бир ракаатида Бақара, Нисо ва Оли-Имрон сураларини ўқиганлари айтилган.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Инсон намозда Фотиҳа сурасидан кейин икки ё учта зам сура ўқиши жоиз. Шунингдек, битта сура ўқишга чекланса ҳам ёки битта сурани иккига бўлиб ўқиса ҳам бўлади. Бунга Аллоҳ таолонинг: “(Намозда) муяссар бўлгунча Қуръон ўқинглар– деган оятининг умумий маъноси ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Сўнг (намозда) Қуръондан ўзинг билганингча ўқи”, деган сўзлари далил бўлади[Мажамуъ фатово шайх Ибн Усаймин”, 500 рақамли савол жавоби].

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баъзан бир ракаатда икки ёки ундан кўп сураларни жамлаб ўқир эдилар[Сифату солатун Набий”, 103-бет].

Валлоҳу аълам.

Ушбу фатвони тайёрлашда IslamQA  веб саҳифасидан фойдаланилди.

[1] Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Назоир деб оятларининг сони бир-бирига тенг бўлган сураларга эмас, балки панд-насиҳат, ҳикмат ва қиссаларида бир-бирига ўхшаш бўлган сураларга айтилади. Муҳиб Табарий айтади: “Мен назоир деганда, оятларининг сони бир хил бўлган суралар назарда тутилади деб ўйлардим. Лекин уларни ўрганиб кўргач, улар оятлар сони жиҳатдан бир хил эмаслигини билдим”.
[2] Муслим: 772

Изоҳ қолдиринг