Шиа фирқалари: кайсонийлар ёхуд мухторийлар

0

 1) Кайсонийлар

Кайсонийлар тоифаси Али розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг пайдо бўла бошлади. Улар Муҳаммад ибн Ҳанафия роҳимаҳуллоҳ борасида ғулув кетиш билан танилганлар. Ҳасан розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳу ўртасида сулҳ бўлиб, Ҳасан халифаликни Муовияга топширгани сабабли улар Ҳасандан юз ўгириб, аслида халифаликка Муҳаммад лойиқроқ эди, деган фикрни олға суришган. Уларга кўра, Муҳаммад ибн Ҳанафия Али розияллоҳу анҳунинг васияти билан халифа этиб тайинланган. Бинобарин, аҳли байтдан ҳеч ким унинг буйруғига қарши чиқиши мумкин бўлмаган.

Кайсонийлар фикрига кўра, Ҳасаннинг Муовияга қарши урушга чиқиши ҳам, Ҳусайннинг Язидга қарши чиқиши ҳам Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг буйруғи билан бўлган. Зеро, кайсонийларга кўра, Муҳаммад ибн Ҳанафияга қарши чиққан инсон кофир ва мушрик саналади.

Кайсонийларнинг бир гуруҳи Али розияллоҳу анҳунинг вафотидан сўнг халифаликка биринчи навбатда Ҳасан розияллоҳу анҳу, сўнг Ҳусан розияллоҳу анҳу, кейин эса Муҳаммад ибн Ҳанафия лойиқ бўлган, дейишади[1].

Кайсонийлар фирқасига асос солган ва унинг фикрларини олға сурган Кайсон исмли шахс аслида ким бўлгани ҳақида уч хил фикр бор:
1) Кайсон Али розияллоҳу анҳунинг озод этган қули бўлган;
2) Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг шогирди бўлган;
3) Кайсон исм эмас, балки мухторийлар фирқасининг пешвоси Мухтор Сақафийнинг лақаби бўлган.

Бироқ охирги фикр тўғри эмас. Сабаби, кайсонийлар Мухтор чиқишидан олдин ҳам бўлган.

2) Мухторийлар

Баъзи уламолар кайсонийлар ва мухторийлар битта фирқанинг икки номи бўлган, дейишади. Баъзилар эса  уларни алоҳида-алоҳида икки фирқа дейишади. Тўғрироқ фикрга кўра, кайсонийлар илк даврларида алоҳида фирқа бўлишган ва уларга Али розияллоҳу анҳунинг озод қилган қули ёхуд Муҳаммад ибн Ҳанафиянинг  шогирди бўлмиш Кайсон бошчилик қилган. Бироқ мухторийлар пайдо бўлиши билан кайсонийлар уларга қўшилиб, иккала гуруҳ бирлашган.

Тарихда муҳим воқеаларга сабабчи бўлган ҳамда кайсонийларни ўзига қўшиб олган мухторийлар фирқасининг пешвоси Мухтор Сақафий асли ким бўлган? Бунинг жавоби қуйидагича:

Мухтор Сақафий

Тўлиқ исми Мухтор ибн Абу Убайд ибн Масъуд Сақафий, ҳижрий биринчи йил Тоифда туғилган. Отаси саҳоба бўлиб, Ироқни фатҳ қилишда мусулмонлар қўшинига қўмондон бўлган ва Жиср жангида шаҳид бўлган. Отаси вафот этганидан сўнг амакаси Саид ибн Масъуд уни ўз кафолатига олган. Саид Али розияллоҳу анҳунинг Кўфадаги волийси эди.

Мухтор Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қарши бир неча жангларга бошчилик қилган. Ироқдаги жангларда ғалаба қозонгани сабабли ўзига бино қўйган Мухтор унга Аллоҳ томонидан ваҳий келаётганини даъво қила бошлаган. Шу боисдан атрофидаги аксар издошлари ундан воз кечишган. Мухтор ҳижрий 64 йил Мусъаб ибн Зубайрга қарши олиб борган жангида қатл қилинди. Шу тариқа унинг издошлари тарқалиб кетишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бани Сақифдан бир ёлғончи чиқиб, ўзини пайғамбар деб даъво қилишини айтиб ўтган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам башорат берган ўша каззоб Мухтор ибн Абу Убайд Сақафий бўлди.

Муҳаммад ибн Ҳанафия

Юқорида кайсонийлар Муҳаммад ибн Ҳанафияни Али розияллоҳу анҳу васият қилган халифа дейишганини айтган эдик. Қуйида Муҳаммад ибн Ҳанафия ҳақида бироз маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Муҳаммад ибн Ҳанафия роҳимаҳуллоҳ улуғ тобеинлардан бўлиб, тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Абу Толибдир. Яъни, у Али розияллоҳу анҳунинг асли Бани Ҳанифа қабиласидан бўлган чўриси Хавла бинти Жаъфардан (баъзи ривоятларда отасининг исми Иёс бўлгани айтилган) туғилган ўғлидир. Шунинг учун ҳам уни Али розияллоҳу анҳунинг Фотима розияллоҳу анҳодан дунёга келган фарзандларидан ажралиб туриши учун  Ибн Ҳанафия, яъни Бани Ҳанифа қабиласидан бўлган аёлнинг фарзанди, деб айтишади. Муҳаммад ҳижрий 16 йил Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида дунёга келди. У шижоатли, олийжаноб ҳамда етук олим бўлиб етишди. Жамал урушида Али розияллоҳу анҳу байроқни Муҳаммадга топширганди. Ўшанда у 21 ёшда эди. Отаси Али розияллоҳу анҳу вафот этганидан сўнг Мадинага қайтиб келди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг даврида Маккага, аниқроғи, Минога, кейин эса Тоифга кўчиб кетганди. Муҳаммад ҳижрий 81 йилда вафот этган. Муҳаммад ибн Ҳанафия тўғрисида ғулув кетган кайсонийлар уни вафот этмаган, ҳанузгача ғорда беркиниб ўтиради, дейишади.

Муҳаммад ибн Ҳанафия вафот этганидан сўнг кайсонийлар у ҳақида бир неча хил фикрларни кўтариб чиқишган. Баъзилар уни вафот этган, вақти келганда дунёга қайтади, дейишса, баъзилар унинг тириклигини, айни дамда Мадина яқинидаги Ризво тоғида эканини, олдида биридан асал, иккинчисидан сув чиқадиган иккита булоқ борлигини, ўнг томонида бир шер, чап томонида бир қоплон уни доим қўриқлаб туришини айтишади. Айтишларича, фаришталар унга таълим берар ва у келиши кутилаётган маҳдий эмиш. Аллоҳ таоло изн бергунига қадар Муҳаммад ўша ғорда қолишга маҳкум экан. Муҳаммад нима сабабдан ғорда қолишга маҳкум бўлгани ҳақида кайсонийлар турли хил фикрлар билдиришган, жумладан:
1) Бу Аллоҳнинг сири бўлиб, ёлғиз Аллоҳга аён, буни бошқа ҳеч ким билмас эмиш. Мазкур жавоб кайсонийларнинг ақлга тўғри келмайдиган ёлғонларга жавоб бермаслик учун ўйлаб топган энг гўзал услуби бўлса керак.
2) Унинг ғорда қолишга маҳкум бўлиши Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг Язиднинг ҳузурига бориб, тинчлик истагани учун Аллоҳ таоло томонидан унга берилган жазо эмиш.
3) Муҳаммад ғорда қолишга маҳкум бўлиши Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳуга қарши урушмасдан Маккадан чиқиб, Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳузурига боргани учун унга берилган жазо экан.

Аллоҳ таолонинг ғазабига гирифтор бўлгани учун бир неча асрлар давомида ғорда қолишга маҳкум бўлган инсон қандай қилиб маҳдий бўлиши мумкин?! Уларнинг бу каби аҳмоқона фикрлари бирон бир далилга асосланмагани етмаганидек, ақлга ҳам тўғри келмаслигининг ўзи унинг ёлғон эканини исботлайди. Аллоҳ таоло ҳеч кимни ҳақдан адаштирмасин! Иншааллоҳ, келгуси мақолаларимизда зайдийлар ҳақида сўз юритамиз.

[1] “Мақолотул Қуммий”, 23-бет.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг