Уйланиш ҳаром бўлган аёллар (1)

0

Уйланиш ҳаром бўлган аёллар

Эркак киши ҳар қандай аёлга ҳам уйланиши жоиз бўлавермайди. Зеро, эркакнинг аёлга уйланишини ҳаром қилиб қўядиган бир қанча сабаблар бор. Бу сабаблардан баъзилари аёлга уйланишни абадий ҳаром қилса, баъзилари вақтинчалик ҳаром қилади. Аёлга уйланишни вақтинчалик ҳаром қилувчи сабаб йўқолиши билан эркак унга уйланиши мумкин. Қуйида мазкур сабабларни бирма-бир санаб ўтамиз:

  • Биринчидан: уйланиш абадий ҳаром бўлган аёллар

Уйланишни абадий ҳаром қилувчи сабаблар: насабдошлик, эмикдошлик ва қуда-андачилик, шунингдек, эр-хотин ўртасидаги лаънатлашиш. Қуйида уларни батафсил зикр қиламиз:

(А) Насабдошлик сабабли уйланиш ҳаром бўлган аёллар

Бундай аёллар етти тоифадан иборат бўлиб, улар қуйидаги ояти каримада зикр қилинган: “Сизлар учун оналарингиз, қизларингиз, опа-сингилларингиз,  аммаларингиз, холаларингиз, ака-укаларингизнинг қизлари, опа-сингилларингизнинг қизлари(га уйланиш) ҳаром қилинди” [Нисо: 23]. Демак, ояти каримадан маълум бўладики, уйланиш абадий ҳаром қилинган аёллар қуйидагилар экан:

1) Оналар. Оналар деганда инсоннинг ўз онаси, ота-онасининг оналари (яъни бувилари) ва улар икковининг бувилари назарда тутилади.

2) Қизлар. Қизлар деганда инсоннинг ўз қизлари, ўғил-қизларининг қизлари ва ҳоказо қиз невара-чеваралари назарда тутилади.

Уйланиш ҳаромлиги масаласида қизнинг шаръий никоҳдан туғилиши ёки инсон бегона аёл ёки чўрини ўз хотини ёки чўриси деб ўйлаб, унга жинсий яқинлик қилиши натижасида дунёга келиши ёки зинодан туғилишининг аҳамияти йўқ. Зеро, уларнинг барчаси инсоннинг ўз пушти камаридан туғилган қизлари саналиб, уларга уйланиши ҳалол бўлмайди. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, зинодан туғилган қиз отасига нисбат берилмайди, шунингдек, улар бир-бирларидан мерос ҳам олишмайди. Албатта, бу насаб ва мерос масаласида шундай. Бироқ никоҳ масаласига келганда, инсон зинодан туғилган қизига уйланиши жоиз эмас. Чунки у отасининг уруғидан яратилган[1].

3) Опа-сингиллар. Опа-сингиллар дегани туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингилларни ўз ичига олади.

4) Аммалар. Амма деб инсоннинг ота ёки бобосининг ота-онаси ёки фақат отаси ёки онасида шерик бўлган аёлга айтилади. Бу ўринда бободан отанинг отаси назарда тутилганидек, ундан онанинг отаси ҳам назарда тутилади. Бинобарин, аммалар она томондан, яъни она томондан бўлган бобонинг опа-сингиллари ҳам бўлишлари мумкин.

5) Холалар.  Хола деб инсоннинг она ёки бувисининг ота-онаси ёки фақат отаси ёки онасида шерик бўлган аёлга айтилади. Бу ўринда бувидан онанинг онаси назарда тутилганидек, ундан отанинг онаси ҳам назарда тутилади. Бинобарин, холалар ота томондан, яъни ота томондан бўлган бувининг опа-сингиллари ҳам бўлишлари мумкин.

6) Ака-укаларнинг қизлари. Бу ўринда ака-укаларнинг туғишган ёки ота бир ёки она бир ака-ука бўлишининг аҳамияти йўқ.

7) Опа-сингилларнинг қизлари. Опа-сингиллар деганда туғишган, ота бир ёки она бир опа-сингиллар назарда тутилади.

(Б) Қуда-андачилик сабабли уйланиш ҳаром бўлган аёллар

Қуда-андачилик сабабли уйланиш ҳаром бўлган аёллар тўрт турдан иборат. Улардан учтасига никоҳ шартномаси тузилиши биланоқ уйланиш ҳаром бўлса, тўртинчиси жинсий яқинликдан кейингина ҳаром бўлади.

Никоҳ шартномаси тузилиши биланоқ уйланиш ҳаром бўлган аёллар:

1) Қайноналар. Қайноналар дегани хотиннинг ота ёки она томондан бўлган бувиларини ҳам ўз ичига олади. Чунки Аллоҳ таоло оятда «хотинларингизнинг оналари (қайноналарингиз)» деган.

2) Келинлар. Келинлар деганда ўғилларнинг хотинлари, шунингдек, ўғил-қизларнинг келинлари, яъни невара-чевара келинлар ҳам киради. Аллоҳ таоло айтади: «Яна ўз пушти камарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари(га уйланишингиз ҳаром қилинди)» [Нисо: 23].

3) Отанинг хотинлари (ўгай оналар). Ота бирон аёлни никоҳига олиши билан ўғилларининг унга уйланишлари ҳаром бўлиб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Оталарингиз уйланган хотинларни никоҳингизга олманг! Илгари ўтган бўлса, (яъни бу ҳукм нозил қилинишидан олдин отангиз никоҳлаган хотинга уйланган бўлсангиз, бундан) мустаснодир (Аллоҳ бу ишингизни афв этар). Албатта бу хунук ва жирканч бўлган ёмон ишдир» [Нисо: 22]. 

Жинсий яқинликдан сўнг уйланиш ҳаром бўлган аёллар:

4) Ўгай қизлар. Ўгай қизга уйланиш ҳаром бўлиши учун эркак унинг онасига яқинлик қилган бўлиши лозим. Яъни аёлга шунчаки никоҳ ўқилиши билан унинг қизи эрга ҳаром бўлиб қолмайди. Аллоҳ таоло айтади: «жинсий алоқада бўлган хотинларингизнинг қарамоғингизда бўлган қизлари(га уйланиш ҳаром қилинди). Агар хотинларингизга жинсий яқинлик қилмаган бўлсангиз (уларни талоқ қилгандан кейин аввалги эрларидан туғилган қизларига уйлансангиз) сизлар учун гуноҳ йўқдир» [Нисо: 23].

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ўгай қизларга уйланиш ҳаром бўлиши учун уларнинг оналарига жинсий яқинлик қилишни шарт қилди. Оятдаги «қарамоғингизда бўлган» деган ибора ўгай қизларнинг аксар ҳолатини баён қилиш учун зикр қилинган, холос. Негаки, қизлар кўпинча оналарига қўшилиб, ўгай оталарининг қарамоғида бўладилар. Бинобарин, жумҳур уламоларнинг фикрича, қиз ўгай отасининг қарамоғида бўладими, йўқми, ўгай отаси модомики онасига жинсий яқинлик қилган бўлса, энди унинг қизига уйланиши ҳаромдир. Чунки оятдаги мазкур ибора одатда кўп учрайдиган ҳолатдан келиб чиқиб зикр қилинган. Зоҳирийлар бу борада жумҳур уламоларга қарши фикр билдирганлар. Уларнинг фикрича, хотиннинг қизи ўгай отасига ҳаром бўлиши учун унинг қарамоғида бўлиши зарур. Акс ҳолда, яъни қиз ўгай отасининг қарамоғида бўлмаса, эр хотини вафот этгач ёки уни талоқ қилгач, унинг қизига уйланиши жоиз. Бироқ рожиҳ фикр жумҳур уламолар фикридир.

(В) Эмикдошлик сабабли уйланиш ҳаром қилинган аёллар

Аллоҳ таоло айтади: «Сизларни эмизган оналарингиз ва эмикдош опа-сингилларингиз(га уйланиш ҳаром қилинди)» [Нисо: 23]. Ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Эмиш ва эмизиш туфайли насаб сабабли ҳаром бўлган ишлар ҳаром бўлади»[2]. Юқорида айтиб ўтганимиздек, насаб сабабли етти тоифа аёлларга уйланиш ҳаром бўлади. Худди шундай, эмикдошлик сабабидан ҳам ўшанча тоифа аёлларга уйланиш ҳаром бўлади. Биз бу ҳақда алоҳида бобда сўз юритамиз, иншааллоҳ.

(Г) Лаънатлашиш сабабли уйланиш ҳаром бўлган аёллар

Агар эр аёлини зинода айбласа, бироқ тўрт нафар гувоҳлари бўлмаса, у ҳолда хотини билан лаънатлашади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини зинода айблаган кимсалар ўзларини шак-шубҳасиз ростгўйлардан, деб  Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичишлари (вожибдир). Унинг бешинчи қасами эса агар ёлғончилардан бўлса, унга Аллоҳнинг лаънати тушишини сўрамоқлигидир. Аёлнинг: «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши ундан жазони соқит қилур. У аёлнинг бешинчи қасами эса, агар эри ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир» [Нур: 6-9].

Агар эр-хотин қози ҳузурида (маҳкамада) ўзаро лаънатлашсалар, қози улар ўртасидаги никоҳни бекор қилади. Шундан сўнг эр аёлига қайтадан уйланиши абадий ҳаром бўлиб қолади. Агар аёл ҳомиладор бўлса-ю, эри ҳомилани инкор этса, ҳомила унга нисбат берилмайди, балки онасига нисбат берилади. Эр-хотин лаънатлашгандан сўнг ҳеч кимса аёлни зинода айблаши жоиз эмас.

  • Иккинчидан: уйланиш вақтинча ҳаром қилинган аёллар

Бу ҳолатда эркак аёлга маълум бир сабаб туфайли уйланиши ҳаром бўлиб, мазкур сабаб кетиши билан унга уйланиши жоиз бўлади. Улар қуйидаги ҳолатлардир:

1) Опа-сингилларни никоҳда жамлаш

Аллоҳ таоло айтади: «опа-сингилларни никоҳда жамлашингиз (ҳаром қилинди)» [Нисо: 23]. Шунга кўра, эркак киши опа-сингилларни никоҳида жамлаши ҳалол эмас. Бироқ хотини вафот этгач ёки уни талоқ қилгач, унинг опаси ёки синглисига уйланиш жоиз. Шуни эслатиб ўтиш лозимки, хотинини талоқ қилган тақдирда, то иддаси тугамагунча унинг опаси ёки синглисига уйланиши жоиз эмас. Бироқ хотини вафот этган эркак марҳуманинг опаси ёки синглисига бирданига уйланиши мумкин. Баъзи авом инсонлар ўйлаганидек, эркак киши хотини вафот этгани учун «идда сақлаши», яъни маълум муддат кутиб туриши шарт эмас.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бир вақтнинг ўзида икки опа-сингилга уйланиш уламолар ижмоси билан ҳаромдир. Бу борада опа-сингил туғишган бўладими, ота бир бўладими ёки она бир бўладими, шунингдек, насабдошми ёки эмикдошми, фарқи йўқ. Уламолар чўри опа-сингилларга эгалик қилиш масаласида ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар буни жоиз дейишган, жумладан, имом Аҳмаддан шундай ривоят бор. Жумҳур уламолар ва ислом ўлкаларидаги фуқаҳолар эса бундай қилишни тақиқлашган»[3].

Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ «Ал-муғний»да ҳофиз Ибн Ҳажарнинг гапига ўхшаш гапларни зикр қилиб, шундай қўшимча қилади: «Оятнинг умумийлиги шуни ифода қиладики, хоҳ аёлга яқинлик қилишдан олдин, хоҳ кейин бўлсин, унинг устига опаси ёки синглисига уйланиш жоиз эмас»[4].

2) Аёлнинг устига унинг аммаси ёки холасига уйланиш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: «Аёлнинг устига унинг аммаси ёки холасига уйланилмайди»[5].

Аёлнинг устига унинг аммаси ёки холасига уйланиш жоиз эмаслиги масаласида улар иккисининг хотинга насабдош ёки эмикдош амма ёки хола эканининг, шунингдек, улар бир вақтнинг ўзида бир эркакнинг чўрилари бўлишининг фарқи йўқ. Шунингдек, амма ёки холанинг ҳақиқий (отанинг опа-сингиллари ёки онанинг опа-сингиллари) экани ёки уларнинг мажозий маънода амма-холалар (бобонинг опа-сингиллари ёки бувининг опа-сингиллари) экани ҳам аҳамиятсиздир.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Икки амакивачча ёки икки тоғавачча аёллар модомики опа-сингил бўлмасалар, уларни никоҳда жамлаш жоиз. Аллоҳ таоло айтади: «Мана шулардан бошқа аёллар сизларга ҳалол қилинди» [Нисо: 24].

(2) Уламоларда бир қоида бор. Унга кўра «ҳар қандай икки аёлки, икковларидан бири эркак деб фараз қилинса, ўрталаридаги насабдошлик ёки эмикдошлик сабабли турмуш қуришлари ҳаром бўлса, у ҳолда бу икки аёлни никоҳда жамлаш ҳам ҳаромдир». Масалан, опа-сингилни олайлик: агар улардан бири ўғил бўлганида, унинг иккинчисига уйланиши ҳалол бўлмайди. Чунки у қизнинг акасидир. Бинобарин, опа-сингилларни никоҳда жамлаш ҳаромдир ва ҳоказо.

(3) Юқоридаги қоида насабдошлик ва эмикдошлик риштасига тегишли. Қуда-андачилик риштаси бу қоидага кирмайди. Масалан, бир инсон вафот этиб, ундан хотини ва бошқа хотинидан туғилган бир қизи қолди. Маълумки, бу қиз ўғил бўлганида отасининг хотинига уйланиши жоиз бўлмаган бўлур эди. Бироқ бошқа бир инсон эри вафот этган бу аёлга ва унинг ўгай қизига уйланмоқчи бўлса, жоиздир.

(4) Агар инсон никоҳида жамланиши жоиз бўлмаган икки аёлга уйланса, агар никоҳ шартномаси бир вақтда тузилган бўлса, ҳар иккисининг никоҳи бузилади. Борди-ю, улардан бирининг никоҳи олдинроқ тузилган бўлса, ўша никоҳ дуруст бўлиб, кейин тузилган никоҳ шартномаси инобатга олинмайди. Агар қай бирининг никоҳ шартномаси олдин тузилгани маълум бўлмаса, ҳар икки никоҳ бузилган саналади.

Мазкур охирги ҳолатда улардан бирига белгиланган маҳрнинг ярми берилиши лозим. Маҳр эгасини аниқлаш учун улар ўртасида қуръа ташланади. Агар маҳрнинг ярмини ўзаро бўлиб олишга рози бўлсалар, янада маъқулроқ[6].

(5) Уйланиш вақтинча ҳаром бўлган аёллар эркакка маҳрам саналмайди. Яъни, эркак у билан холи қолиши, унга қараши жоиз эмас, балки бу хусусда унинг бошқа бегона аёллардан фарқи йўқ[7]. Шаръан мўътабар сабабга кўра уйланиш абадий ҳаром бўлган аёллар эса эркакка маҳрам ҳисобланадилар. Насабдошлик, эмикдошлик ва қуда-андачилик маҳрамчилик учун мўътабар шаръий сабаблар ҳисобланади. Аммо эр-хотиннинг ўзаро лаънатлашиши уйланиш абадий ҳаром бўлишига сабаб бўлса-да, бироқ эр ажрашган аёлига маҳрам бўлиб қолмайди.

[1] Қаранг: «Мажмуул фатово» (31/142), «Муғний» (6/578).
[2] Бухорий (2645), Муслим (1447), Насоий (6/100), Ибн Можа (1938) ривояти.
[3] «Фатҳул Борий» (9/160).
[4] «Ал-муғний» (6/571).
[5] Бухорий (5108, 5109), Муслим (1408), Насоий (6/96) ривояти.
[6] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/211).
[7] Шунга кўра, эр аёлининг опа-сингиллари, амма-холалари билан холи қолиши ва уларга қараши жоиз эмас.

Изоҳ қолдиринг