Ражъий талоқда аёлни қайтиб олишга оид ҳукмлар

0

Ражъий талоқда аёлни қайтиб олишга оид ҳукмлар

Аёл биринчи ёки иккинчи ражъий талоқ иддасида ўтирар экан, эри уни қайтариб олиши жоиз. Бунинг учун аёлнинг розилиги шарт қилинмайди. Аёлни қайтиб олиши учун эри унга “Сени қайтиб олдим” дейиши ёки уни қайтиб олганига далолат қиладиган бирор сўз айтиши лозим. Аллоҳ таолонинг: “Агар эрлари ислоҳни (оилани тиклашни) истасалар, шу муддат ичида уларни (никоҳларига) қайтариб олишга ҳақлидирлар” [Бақара: 238], деган сўзининг умумий тушунчаси шунга далолат қилади.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Эрнинг аёлни қайтиб олишидан мақсади иддани чўзиш орқали унга зарар бериш бўлмаслиги керак. Аллоҳ таоло айтади: «Агар (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битай деб қолса, уларни яхшилик билан (яъни шаръий ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда) олиб қолинглар ёки яхшилик билан (яъни маҳр ёки мутъа каби ҳақ-ҳуқуқларини бериб) ажрашинглар» [Талоқ: 2]. Демак, эр аёли билан чинакамига эр-хотин бўлиб яшаш мақсади бўлсагина уни қайтиб олиши лозим. Эр турмушни тиклаш нияти бўлмаса-да, аёлининг иддасини чўзиб, унга зарар бериш учун қайтиб олмаслиги керак.

(2) Эр аёлини қайтиб олганига иккита дину диёнатли эркак мусулмонни гувоҳ қилиши мақсадга мувофиқ. Аллоҳ таоло айтади: «Ва (ярашиб олиб қолаётган ёки ажрашиб кетаётган чоғларингда) ўзларингиздан (яъни, мусулмонлардан) бўлган икки адолат соҳибини гувоҳ қилинглар» [Талоқ: 2].  Уламолар бу пайтда гувоҳ келтириш ҳукми хусусида икки хил фикр билдирганлар: баъзилар вожиб дейишган бўлса, баъзилар мустаҳаб дейишган.

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу масалада ҳолатга қараб ҳукм қилиш мақсадга мувофиқ бўлса керак: агар аёлини унинг ҳузурида қайтиб олса, гувоҳлар келтиришга ҳожат йўқ, борди-ю, қайтиб олганида аёли ҳозир бўлмаса, гувоҳлар келтириш вожиб»[1].

Эслатма:

Уламолар оятда зикр қилинган гувоҳлар келтириш аёлни талоқ қилиш ҳамда уни қайтиб олишга тегишлими ёки фақат уни қайтиб олишга тегишлими эканида ихтилоф қилганлар.

Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Оятдан зоҳир бўлгани гувоҳлар келтириш фақат аёлни қайтиб олишга тегишли, талоққа эмас. Агар гувоҳларсиз аёлни қайтиб олса, бундай қайтиб олиш дуруст ёки дуруст эмаслиги хусусида фуқаҳоларда икки хил кўз қараш мавжуд. Айрим уламоларнинг айтишича, оятдан аёлни қайтиб олганда ҳам, у билан ажралишганда ҳам гувоҳлар келтириш лозимлиги тушунилади»[2].

Шунга кўра, агар эр гувоҳларсиз талоқ қилса, талоқ тушади. Гарчи гувоҳлар келтириш афзал бўлса-да, бироқ мазкур фикр тўғрироқдир. Гувоҳларсиз талоқ тушишига далил шуки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз замоналарида талоқ қилган бирор эркакдан талоқ қилганига гувоҳлар келтиргани ёки йўқлиги тўғрисида сўрамаганлар. Бинобарин, бу гувоҳларсиз талоқнинг тушишига далолат қилади.

(3) Агар эр ражъий талоқ қилинган аёлини ўпса, унга яқинлик қилса ёки шаҳват билан қучоқласа, бу иши аёлга нисбатан қайтиб олиш саналадими, йўқми?

Уламолар мазкур масалада ҳам ихтилофлашганлар. Имом Абу Ҳанифанинг фикрича, эрнинг бу иши аёлини қайтиб олиш саналади. Имом Моликнинг фикрича, бу эрнинг ниятига боғлиқ. Агар у мазкур ишларни аёлини қайтиб олиш ниятида қилган бўлса, демак, қайтиб олган, акс ҳолда қайтиб олмаган бўлади.

Зоҳирийларнинг фикрича, эр аёлини фақат «сени қайтиб олдим» деган сўзи билан қайтариши мумкин. Зоҳирийлар аёлни феъл билан, яъни хатти-ҳаракатлар билан қайтиб олишни тан олмайдилар.

Қуртубий Шофеийдан шундай нақл қилади: «Агар эр «қайтиб олиш» сўзини гапирса, бас шу қайтиб олишдир»[3].

Рожиҳ фикрга кўра, ражъий талоқ қилинган аёлни идда асносида сўз билан қайтиб олиш дуруст бўлганидек, уни бирон хатти-ҳаракат билан ҳам қайтиб олиш мумкин. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло: «Агар (талоқ қилган аёлларингизнинг идда) муддатлари битай деб қолса, уларни яхшилик билан (яъни шаръий ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилган ҳолда) олиб қолинглар», дея, муайян қайтариш услубини шарт қилмасдан, мутлақ «олиб қолиш» ҳақида гапирган. Бинобарин, эр ражъий талоқ қилинган аёлига яқинлик қилиб, шу билан уни никоҳида олиб қолишни ният қилса, демак, у аёлга нисбатан фақат эри қилиши мумкин бўлган ишни қилган ва бу иш ўз навбатида зимдан аёлини қайтиб олганига далолат қилади[4].

Бу, юқорида айтиб ўтганимиздек, имом Моликнинг мазҳаби, шунингдек, шайхулислом Ибн Таймиянинг танлови ва Ибн Усаймин «Аш-шарҳул мумтеъ»да тўғри деб санаган фикрдир[5].

(4) Ражъий талоқ қилинган аёлни қайтиб олиш мумкин бўлган вақт то аёлнинг учинчи ҳайзи тугаб (ҳайз кўрадиган аёлларга нисбатан), ғусл қилмагунга қадар давом этади. Яъни модомики аёл учинчи ҳайзидан покланиб, ҳануз ғусл қилмаган бўлса, эри уни никоҳига қайтариб қолиши жоиз. Борди-ю, аёл учинчи ҳайздан ғусл қилган бўлса, у ҳолда талоқ боинга айланади. Энди уни қайтариш учун янгидан никоҳ ўқитиш лозим бўлади. Бу фикр Умар, Али ва Ибн Масъуд розияллоҳу анҳумлардан саҳиҳ тарзда нақл қилинган.

(5) Эр аёлини биринчи ёки иккинчи бор ражъий талоқ қилган бўлиб, то иддаси тугагунча қайтариб олмаса ва иддаси тугаши натижасида аёл боин талоқ бўлса, сўнг бошқа эркакка турмушга чиқса, иккинчи эри ҳам талоқ қилса, сўнг биринчи эрига турмушга чиқса, у ҳолда биринчи эрининг қўлида қанча талоқ қилиш ҳуқуқи қолган бўлса, ўшанча талоқ билан қайтиб келади. Аммо эр аёлини уч бор талоқ қилган бўлса, сўнг аёл бошқа эркакка турмушга чиқиб, сўнг ундан талоқ қилиниб, биринчи эрига қайтиб келса, мазкур ҳолатда биринчи эри янгидан уч марта талоқ қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

(6) Агар эр аёлини ражъий талоқ қилса ва унга талоқ қилганини билдирса, сўнг уни қайтиб олса-ю, иддаси тугамагунча қайтиб олганини аёлига билдирмаса, талоқ боинга айланади. Чунки эр бундай ҳолатда аёлини яхшилик билан қайтиб олмаган саналади. Зеро, яхшилик билан қайтиб олиш аёлга қайтиб олганини билдириб қўйишни тақозо қилади. Дарҳақиқат, мазкур фикр Умар ибн Хаттоб ва Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳумодан саҳиҳ тарзда нақл қилинган. Шунингдек, у Қози Шурайҳ, Саид ибн Мусайяб ва Ҳасан Басрийларнинг ҳам фикридир[6]. Умуман олганда мазкур масалада уламолар ўртасида ихтилоф бор.

(7) Қуртубий роҳимаҳуллоҳ айтади: «Кимда ким идда тугагач, идда асносида аёлини қайтиб олганини даъво қилса ва аёли унинг сўзини тасдиқласа, даъвоси инобатга олинади. Агар аёли буни инкор қилса, аёлига қасам ичирилади. Агар эр аёлини идда асносида қайтиб олганига гувоҳлар келтирса, бироқ аёли бундан бехабар бўлса, бехабарлигининг зиёни бўлмайди ва аёл эрининг никоҳида қолади»[7].

[1] «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/548).
[2] «Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон» (18/157).
[3] «Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон» (18/158).
[4] Қаранг: «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/548).
[5] «Ал-ихтиёротул фиқҳийя» (468-бет), «Аш-шарҳул мумтеъ» (5/551).
[6] Қаранг: Ибн Ҳазмнинг «Ал-муҳалло» асари (11/617).
[7] «Ал-жомеъ ли аҳкомил Қуръон» (18/158-159-бетлар).

Изоҳ қолдиринг