Аббосийлар давлати: Ҳорун Рашид ҳокимиятида бармакийлар инқирози

0

Бармакийларнинг ҳоли ёмон томонга ўзгариши

Кутилмаганда бармакийларнинг ҳоли ёмон томонга ўзгарди ва Рашид уларга нисбатан муносабатини ўзгартирди. Жаъфар ибн Яҳёни ўлимга ҳукм қилди, Яҳёни ва ўғли Фазлни зиндонга ташлади, мол-мулкларини мусодара қилдирди. Бармакийлар бошига тушган бу фалокат сабаби уларнинг нуфузи ҳаддан ташқари ортиб кетгани ва ҳатто Рашиднинг ўзи ҳам улардан хавфсираб қолгани, уларнинг сарф-харажатларда ҳаддан ошишлари ва исрофгарчиликда ғулувга кетиб, ҳатто халифанинг ўзидан ҳам ўтиб кетишгани, халифанинг уларга бериб қўйган жуда катта имтиёзларини суиистеъмол қилиб, охир-оқибат унинг ўзини ҳам назар-писанд қилмай қўйиш даражасига етишгани ва унинг ҳузурига хоҳлаган пайтларида ҳеч қандай изнсиз, бемалол кираверадиган бўлиб қолишгани бўлса керак, эҳтимол. Бу эса омма халқ ва аъёнларнинг уларни ёмон кўришларига ва танқид билан тилга олишларига ва ҳатто уларга шу қадар кенг имконият эшикларини очиб қўйган Рашиднинг ўзини ҳам танқид қилишларига олиб келди. Ҳорун Рашид уларнинг нуфузи ўз ҳукмронлигига ҳам таъсир ўтказишидан ва халқнинг ўзига нисбатан нафратидан қўрқди. Шу туфайли у Жаъфарнинг бир ишини баҳона қилиб, уни ўлимга ҳукм этди ва бутун хонадон аҳлига ўз ғазабини ёғдирди.

Бахтияшуъ ибн Жибрил отасидан ривоят қилишича, у бир куни Ҳорун Рашид ҳузурида ўтирганида тўсатдан Яҳё  ибн Холид ўз одатича, изн сўрамасдан халифа ҳузурига кириб келди. Рашидга яқинлашиб, салом берган эди, Рашид унинг саломига истар-истамас алик олди. Яҳё халифанинг муомаласи ўзгарганини сезди. Жибрил айтади: Сўнг Рашид менга ўгирилиб: “Эй Жибрил, сен уйингда ўтирганингда бирон киши сенинг изнингсиз олдингга кириб келаверадими ҳеч?”, деб сўради. Мен унга: “Йўқ, бундай қилишни хаёлига ҳам келтирмайди”, дедим. “Нима бўлдики, бизнинг ҳузуримизга изн сўрамай кираверадилар!”, деди у жаҳл билан. Яҳё ўрнидан туриб: “Эй амирулмўъминин, мен бундай қилишни энди бошлаганим йўқ-ку, амирулмўъминин ўзлари мени бу шарафга хослаганлар ва менинг мартабамни кўтарганлар. Ҳатто мен у зот ҳузурларига баъзан кийимсиз, баъзан биргина ички кийимда тўшакларида ётган пайтларида ҳам кираверардим, амирулмўъминин илгари ўзлари ёқтирган нарсани ёқтирмай қолганларини билмабман. Билганимдан кейин, энди хожам агар амр этсалар, ҳузурларида изн аҳлининг иккинчи ё учинчи табақасидан бўлишга ҳозирман”, деди. Рашид ўта ҳалим инсон эди. Кўзларини ердан узмаган ҳолда: “Сени хафа қилишни истамаган эдим, лекин одамлар гапиришмоқда”, деди. Ўйлашимча, у уни рози қиладиган бошқа жавоб тилига келмаганидан шундай деди, сўнг сукут қилди. Кейин Яҳё чиқиб кетди.

Аҳмад ибн Юсуфдан зикр қилинишича, Сумома ибн Ашрас унга шундай деган экан: Яҳё ибн Холиднинг иши ёмон томонга ўзгариши дастлаб шундай бошланганди. Муҳаммад ибн Лайс Ҳорун Рашидга мактуб киритди. Мактубида унга насиҳат қилиб айтган гаплари ичида: “Яҳё ибн Холид Аллоҳ ҳузурида сенга асқотмайди. Сен уни ўзинг билан Аллоҳ ўртасига қўйиб олдинг. Аллоҳ ҳузурида турганингда ва У сендан бандалари ва мамлакатлари хусусида нима иш қилганингни сўраганида сен: “Эй Роббим, мен бандаларингнинг ишларини Яҳё ибн Холидга топшириб қўйган эдим”, деб жавоб берсанг, шу гапинг Аллоҳ таолони рози қиладиган ҳужжат бўлишга ярайди деб ўйлайсанми?!”, деган гаплар бор эди[1].

Шу воқеадан сўнг Яҳё ибн Холид Рашид ҳузурига келганида ғуломлар одатдагидек уни ўринларидан туриб кутиб олишди. Кейин Рашид ходими Масрурга: “Ғуломларга айт, Яҳё ҳовлига кирганида ўринларидан турмасинлар!”, деди. Кейинги сафар у кириб келганида ҳеч ким ўрнидан турмади, бундан унинг ранги ўзгарди. Ғуломлар ва ҳожиблар шундан сўнг уни кўрганда тескари қарайдиган бўлдилар. Баъзан у ичгани сув ё бошқа бирон нарса сўраса ҳам эътиборсизлик кўрсатишар, бир неча марта сўраганидан кейингина келтиришарди[2].

Бармакийлар бошига ёғилган фалокат сабаблари

Ҳорун Рашид бармакийларга ғазабини сочиши ва улар бошига фалокатлар ёғдиришининг асосий сабаби деб кўриладиган воқеалардан бири қуйидаги воқеадир.

Маълумки, Ҳорун Рашид Жаъфар ибн Яҳёни ўзига жуда ҳам яқин тутар ва у унинг ажралмас дўстига, яқин сирдошига ва доимий суҳбатдошига айланган эди. Рашиднинг ўзи ундан айрилишни истамас, доим ёнида бўлишини истар, ундан яширадиган сири йўқ эди. Ҳижрий 176 йили Дайлам ўлкасида Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан қўзғолон кўтарганида Рашид унга қарши Фазл ибн Яҳёни юборган, сўнг Фазл Яҳёга омонлик берган эди. Шундан сўнг Яҳё ибн Абдуллоҳ Бағдодга келди. Ҳорун Рашид уни Жаъфар Бармакийга топширди ва у уни ҳибсга олди. Бир кеча Жаъфар Яҳёни ўз ҳузурига чорлаб, бир иш тўғрисида уни саволга тутди. Яҳё унга жавоб бериб, охирида: “Менинг ишим ҳақида Аллоҳдан қўрқ. Эртага қиёматда бобом Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам сенга хасм бўлиб туришларидан ҳазир бўл. Қасамки, мен бирон ёмон иш қилмадим ва жиноятчига бошпана ҳам бермадим”, деди. Жаъфарнинг кўнгли юмшаб, унга: “Истаган жойингга кетавер”, деди. У: “Қандай кетаман, зудлик билан қўлга олиниб, яна сенинг қўлингга ё бошқа бировнинг қўлига топширилишдан омонда эмасман, ахир”, деди. Шундан сўнг Жаъфарнинг одамлари уни омонлик ерига кузатиб қўйдилар. Бу ишнинг хабари Фазл ибн Рабеъга етди, унга буни Жаъфарнинг хос хизматкорлари ичида бўлган айғоқчиси етказди. Фазл текшириб кўриб, хабарнинг ростлигига ишонч ҳосил қилганидан сўнг халифа ҳузурига кириб, уни бундан воқиф этди. Ҳорун Рашид ўзини унинг бу хабарига эътибор бермагандек кўрсатди ва: “Сенинг нима ишинг бор?! Эҳтимол, у менинг буйруғимни бажаргандир”, деб уни уришиб берди. Фазл тарвузи қўлтиғидан тушиб, бўшашганича чиқиб кетди. Сўнг Жаъфар билан нонушта устида гаплашиб ўтиришганида Рашид сўз орасида ундан: “Яҳё ибн Абдуллоҳнинг иши нима бўлди?”, деб сўраб қолди. “Аввалги ҳолида, ҳибсда ётибди эй амирулмўъминин”, деб жавоб берди Жаъфар. “Ҳаётимга қасамми?!”, сўради Рашид. Жаъфар жуда зийрак инсон эди. У Рашиднинг бу гапидан сергак тортди ва халифага хабар етган шекилли, деган фикр миясига урди. Сўнг: “Йўқ, эй ҳожам! Ҳаётингизга қасамки, мен уни қўйиб юбордим. Унинг кўнглида бирон ёмонлик борлигини туймадим”, деди. “Жуда яхши. Айни менинг кўнглимдаги ишни қилибсан”, деди Рашид. Сўнг Жаъфар унинг ҳузуридан чиқар экан, Рашид унинг ортидан то кўзига кўринмай қолгунича кўз узмасдан қараб қолди. Сўнг: “Агар сени ўлдирмасам, Аллоҳ мени залолат иш устида ҳидоят қиличи билан ўлдирсин!”, деди. Ҳаммаси шундан бошланди[3].

Шу воқеа Жаъфарнинг ўлдирилишига ва бармакийлар бошига фалокатлар ёғилишига асосий сабаб бўлган деб кўрилади. Бироқ, аҳамияти бундан ортиқ бўлса ортиқки, асло кам бўлмаган яна бир воқеа ҳам содир бўлганди. Айтиб ўтганимиздек, Рашид Жаъфарни жуда қаттиқ яхши кўрар, унинг йўқлигига чидай олмас ва доим ўз ёнида бўлишини истар эди. Шу билан бирга у ўз синглиси Аббоса бинти Маҳдийни ҳам қаттиқ яхши кўрарди. Сабаби, Аббоса ўта доно, ҳозиржавоб, дилкаш ва адиба қиз эди. Шу боис Рашид уни ҳам ўз ёнида ҳамсуҳбат бўлиб ўтиришини истарди. Бироқ, Жаъфар номаҳрам бўлгани уларни бирга ўтиришдан ман қиларди. Рашид Жаъфарга: “Аббоса ҳам биз билан бирга ўтира олиши учун мен сени унга никоҳлаб қўяман. Бироқ, шарти шуки, сен унга қўлингни ҳам теккизмайсан, ўртангизда эр-хотинлик муносабати бўлмаслиги керак”, деди. Сўнг уларни никоҳлаб қўйди ва уччовлари бемалол суҳбатлашиб ўтирадиган бўлдилар. Лекин, бу шартга амал қилиш узоққа чўзилмади. Икки ёш ўртасида хилватда учрашувлар бўлиб, қай бири иккинчисини йўлдан ургани маълум эмас, нима бўлганда ҳам ўрталарида қовушиш содир бўлиб, Аббоса Жаъфардан ҳомиладор бўлиб қолди. Буни Рашиддан махфий тутдилар. Вақти-соати етиб, Аббосанинг кўзи ёриб, ўғил фарзанд кўрди. Рашид билиб қолса, икковларининг жони ҳам омонда бўлмаслигидан қўрқиб, Аббоса боласини энагаларига қўшиб Маккага жўнатиб юборди. Шундай қилиб, бир муддат бу ишни Рашиддан сир сақлашнинг уддасидан чиқдилар. Бироқ, кунлардан бирида Аббоса билан бир жорияси ўртасида келишмовчилик чиқиб, жория алам устида Рашид ҳузурига кириб, Аббоса ва унинг боласи ҳақидаги гапларни айтиб берди. Рашид 186 йили Маккага ҳажга борганида суриштириб, бола ҳақидаги хабарнинг ростлигига ишонч ҳосил қилди. Гарчи ҳаммасига ўзи сабабчи бўлган ва хонадони аҳлининг номусига ўзи бепарво қараган бўлса-да, у бу воқеадан жуда қаттиқ дарғазаб бўлди ва Жаъфарни ўзига хиёнат қилган деб ҳисоблаб, уни ўлдиришга ва бутун хонадонидан ўч олишга қарор қилди. Шу йили ҳаждан қайтиб келгач, Рашид ходими Масрур бошчилигида навкарлар юбориб, Жаъфарни тутиб келишни буюрди. Улар унинг қўл-оёғига кишан уриб, халифа ҳузурига келтирдилар. Рашид уни ўлимга ҳукм қилди. Бу воқеа ҳижрий 187 йил муҳаррам ойининг охирларида содир бўлди. Яҳё ибн Холид ва унинг ўғиллари Фазл, Муҳаммад, Мусо ва уларнинг ўғилларини эса зиндонбанд қилдирди. Унга садоқати билан танилган Муҳаммад ибн Холиддан бошқа бармакийларнинг ҳеч бирига омонлик берилмаслигини эълон қилди. Уларнинг мол-мулкларини мусодара қилдирди. Кейинроқ Яҳёни кексалиги туфайли ва унинг невараларини ёш бола бўлганлари учун зиндондан озод қилди. Фазл ибн Яҳё 192 йили зиндонда вафот этди. Отаси Яҳё сал олдинроқ, 190 йили вафот этганди.

Ҳорун Рашид ўғли Қосимни Амин ва Маъмундан кейинги валиаҳд қилиб тайинлади ва уни Муътаман деб номлади. Уни Жазира, Суғур ва Осималарга волий қилди. Амин Шом ва Ироққа волий бўлди. Маъмун эса Ҳамадондан тортиб Узоқ Шарққача бўлган ерларга волий бўлди.

Ҳорун Рашид аббосийларнинг энг буюк халифаси бўлгани учун унинг шаънида ҳар хил гап-сўзлар тарқалган ва унга бўлар-бўлмас туҳматлар ёпиштирилган. Зотан, туҳмат тошлари буюкларга отилади. Ғаразгўйлар унинг беҳуда ўйин-кулгуларга ғарқ бўлгани, кайфу сафога берилгани ҳақида, надимлари ва шароб косаларигача қолдирмай эртаклар тўқишган. Ҳатто унинг жуфтиҳалоли Зубайда ҳам, унинг обрў-номуси ҳам, мол-мулкларини беҳуда совурганию подшоҳлигидан воз кечгани ҳақидаги гаплар ҳам уларнинг миш-мишларидан четда қолмади.

[1] Тарихи Табарий.
[2] Аввалги манба.
[3] Тарихи Табарий.

Изоҳ қолдиринг