Азон асносида гапириш ва аёлларнинг азон айтиши

0

Азон айтиш асносида гапириш

Муаззин азон айтиш асносида гапириши жоиз. Айниқса, гап саломга алик олиш, аксирганга дуо қилиш каби шариат буюрган гаплардан иборат бўлса, гапиришнинг мутлақо зиёни йўқ. Зеро, азон асносида гапиришни тақиқловчи бирон оят ёки ҳадис мавжуд эмас. Аксинча, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бўлмиш Сулаймон ибн Сураддан собит бўлишича, “у жангчилар учун азон айтар, (баъзан) азон асносида хизматкорига иш буюрар эди[1]. Ибн Ҳазм мазкур фикрни ёқлайди[2]. Ибн Қудома “Ал-муғний”да шундай дейди: “Азон асносида гапиришликка Ҳасан (Басрий), Ато, Қатода ва Сулаймон ибн Сурад рухсат беришган[3].

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ айтади: “Аҳмадга айтдим: “Инсон азон айтиш асносида гапириши жоизми?”. “Ҳа”, деди у. “Иқомат асносида ҳам гапирса бўладими?”, дейилди. “Йўқ”, деди Аҳмад”.

Имом Аҳмаднинг иқомат асносида гапирилмайди дейишига сабаб, иқоматни тезроқ айтиш мустаҳаблигидир. Аслида иқомат асносида ҳам гапирса жоиз.

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ айтади: “Азон ва иқомат асносида ҳар қандай мубоҳ (ҳалол) гапларни гапириш жоиз[4].

Аёлларнинг азон айтиши

Аёллар азон ва иқомат айтмайдилар. Чунки улар жамоат бўлиб намоз ўқишга ҳам, азон айтишга ҳам буюрилмаганлар. Шундай бўлсада, борди-ю, (фақат аёллар иштирокида) азон ва иқомат айтсалар, зиёни йўқ. Бу имом шофеийнинг фикридир. Имом Аҳмаддан ривоят қилинишича, агар аёллар азон ва иқомат айтсалар, зиёни йўқ, бундай қилмасалар ҳам жоиз. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, “у (аёллар жамоати учун) азон ва иқомат айтар ва аёлларнинг ўртасида туриб, уларга имомлик қилар эди[5].

Эслатиб ўтиш лозимки, аёл киши азон айтса, фақат аёллар жамоатига эшитиладиган, эркакларга эшитилмайдиган тарзда азон айтиши лозим.

[1] Байҳақий (1/398) ва Ибн Ҳазм («Муҳалло», 3/192) ривояти.
[2] «Муҳалло» (3/192).
[3] «Ал-муғний» (1/424).
[4] «Муҳалло» (3/191).
[5] Байҳақий (1/408, 3/131), Ҳоким (1/203-204) ривояти. Ҳадис ровийлари ичида Лайс ибн Абу Сулайм бор. Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ Ойша розияллоҳу анҳонинг аёлларга имомга ўтиши тўғрисидаги мазкур асар санадини қўллаб-қувватловчи ҳадисни келтириб, ортидан бошқа бир қанча асарларни зикр қилади. Сўнг шундай дейди: «Умуман олганда, ушбу асарлар амал қилишга яроқлидир. Қолаверса, Аёллар (хулқ, табиат ва шаръий ҳукмларда) эркакларнинг тенгдошидирлар[Абу Довуд (204) ва Термизий (105) Ойша розияллоҳу анҳодан, Доримий (764) Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган], деган ҳадиснинг умумий тушунчаси ҳам ушбу асарлар мазмунини қўллаб-қувватлайди» [Қаранг: «Тамомул минна фит-таълиқи ала фиқҳис-сунна» (153-154-бетлар)].

Изоҳ қолдиринг