Закот олишга кимлар ҳақли?

0

Савол:

Закот кимларга берилади?

Жавоб:

Закот олишга ҳақли бўлган одамлар саккиз турдир. Аллоҳ таоло Қуръонда закотни ушбу саккиз тур одамларга бериш фарзлигини ва бу илму ҳикматга биноан айтилган ҳукм эканини билдирган.

Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, закот соҳасида ишловчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир[Тавба: 60]. Закотни мазкур оятда зикр қилинган саккиз тур одамларга бериш фарз бўлиб, улар ҳақида бирма-бир тўхталиб ўтамиз:

Биринчи ва иккинчи тур: фақир ва мискинлар

Закот бу турдаги одамларга кундалик ҳаётларида зарур бўлган эҳтиёжларини қоплашлари учун берилади.

Фақир билан мискиннинг ўртасидаги фарқ шундаки, фақир мискинга қараганда муҳтожроқ бўлади. Фақир деб ўзи ҳамда қарамоғидагиларнинг ярим йиллик кундалик эҳтиёжларини қоплайдиган мол-мулкка эга бўлмаган одамга айтилади. Мискиннинг ҳолати эса фақирникидан яхшироқ бўлади. Мискин деб ўзи ҳамда қарамоғидагиларнинг кундалик эҳтиёжларини тўлиқ қоплай олмаса-да, унинг ярми ёки кўпроғини қоплайдиган мол-мулкка эга одамга айтилади.

Бу турдаги одамларга қанча миқдорда закот берилади?

Бу икки турдаги одамларга уларнинг кундалик эҳтиёжларини қоплайдиган миқдорда закот берилади.

Кундалик эҳтиёжларини қоплайдиган миқдорни қандай биламиз?

Уламоларнинг айтишича, уларга бериладиган закот миқдори уларнинг бир йиллик кундалик эҳтиёжларини қоплайдиган даражада бўлиши керак. Маълумки, мол-мулкка бир йил айланиши билан ундан закот бериш фарз бўлади. Закотнинг фарз бўлиши учун мол-мулкка бир йил айланиши шарт қилингани каби фақир ва мискинларга бериладиган закот миқдори ҳам уларнинг бир йиллик кундалик ҳожатларини қоплашга етгудек бўлишини шарт қилиш керак бўлади.

Бу жуда яхши фикр. Демак, фақир ва мискинларга закотдан уларнинг ҳамда қарамоғидаги инсонларнинг кундалик эҳтиёжларини бир йилгача қоплайдиган миқдорда мол-мулк берилади. Уларга закотни таом ё кийим-кечак ёки нақд пул кўринишида бериш мумкин. Шунингдек, мискин ё фақир киши ҳунарманд бўлса, ҳунарига мос дастгоҳ (аппарат) олиб бериш ҳам жоиз. Тикувчилик, дурадгорлик, темирчилик ва шунга ўхшаш ҳунарлар бунга мисол бўлади. Муҳими, ўзи ва қарамоғидагиларнинг кундалик эҳтиёжларини бир йилга қадар қопласа бўлгани.

Учинчи қисм: закот соҳасида ишловчилар

Закот соҳасида ишловчилар деб мусулмон бошлиқлар томонидан закот йиғиш, закотни тақсимлаш, олинган ҳамда берилган закотни ёзиб бориш каби закотга доир ишларни бажаришга тайин қилинган одамларга айтилади. Бундан билинадики, закот соҳасида ишловчи барча ишчиларга закот берилар экан.

Бу турдаги одамларга қанча миқдорда закот берилади?

Закот соҳасида ишловчи одамлар ишчи деган эътибор билан закот олишга ҳақли бўладилар. Кимда закот олишга ҳақли бўладиган бирон васф топилса, ўша васф миқдорича закот олишга ҳақли бўлади. Шунга кўра, закот соҳасида ишловчи инсонлар камбағал ёки бой бўлишларидан қатъий назар, уларга закотдан меҳнатларига яраша ҳақ берилади. Негаки, бу турдаги одамлар закотни муҳтожликлари учун эмас, балки қилган меҳнатлари эвазига олишади.

Агар закот соҳасида ишлайдиган одам фақир бўлса, унга меҳнати эвазига ҳамда фақирлиги учун бир йиллик эҳтиёжини қоплайдиган миқдорда закотдан мол-мулк берамиз. Негаки, бу турдаги одам закотни олишга ҳақли қиладиган икки сифатни ўзида мужассам этган. Шунга кўра, унга ҳар икки сифат учун закот берамиз. Борди-ю, закот соҳасида ишлайдиган одамга меҳнати эвазига закотдан берган мол-мулкимиз унинг бир йиллик кундалик эҳтиёжларини қоплашга етмаса, у ҳолда маошига қўшиб бир йилликка етадиган қилиб берамиз. Масалан, закот соҳасида ишловчи фақир кишининг бир йиллик кундалик эҳтиёжи юз минг сўмга тенг бўлиб, бир йиллик маоши эса йигирма минг сўм бўлса, у ҳолда саксон минг фақирлиги ва йигирма минг хизмат ҳаққи учун жами юз минг сўм берамиз.

Тўртинчи қисм: кўнгиллари исломга ошна қилинувчи кишилар

Исломга кириши умид қилинган кофирга, иймонини янада мустаҳкамлаш учун мусулмон одамга, мусулмонлардан зарарини даф қилиш учун жиноятчига ва ҳоказо қалблари исломга ошна қилиниши сабабли мусулмонларга манфаат етадиган одамларга закотдан улуш берилади.

Бу турдаги одамга закот бериш ортидан келадиган манфаат умумийроқ бўлиши учун у қавми орасида сўзи ўтадиган нуфузли инсон бўлиши шартми ёки бир кишининг манфаати учун бўлса ҳам берилаверадими? Масалан, яқинда исломга кирган одамнинг иймонини кучайтириш учун унга мол-мулк беришга эҳтиёж туғилса-ю, лекин бунинг ортидан мусулмонларга умумий бир манфаат етмаса.

Бу хусусда уламолар турлича фикр билдиришган бўлиб, менинг наздимда улар орасида энг тўғрироғи иймони заиф одамга, гарчи у қавми орасида обрў-эътиборли киши бўлмаса-да, унга моддий илтифот кўрсатиб, иймонини қувватлаш орқали динга қалбини ошна қилиш мақсадида закот берса бўлади, деган фикрдир. Бунга қуйидаги оятнинг умумий маъноси далолат қилади: “… кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга…”. Фақирнинг жисмоний (моддий) ҳожатини қоплаш учун унга закот бериш жоиз экан, иймони заиф одамнинг иймонини қувватлаш учун унга закот бериш авлороқ. Негаки, инсоннинг иймонини қувватлаш унинг танасини озиқ-овқат билан парваришлашдан муҳимроқдир.  

Юқорида зикр қилинган тўрт турдаги одамларга берилган закот пули уларнинг шахсий мулки саналади. Ҳатто, закот пулини олганига бир йил ўтмай мазкур тур сафидан чиқиб кетса ҳам олган закотларини қайтаришлари керак бўлмайди. Балки, бу пул у учун ҳалол бўлиб қолаверади. Чунки Аллоҳ таоло уларга берилажак закот уларнинг мулки эканини билдириб шундай деган: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, закот соҳасида ишловчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга берилур”, деган. Бинобарин, бирон фақир закотни олгандан кейин бир йил ўтмай бойиб кетса, олган закотини қайтариши лозим бўлмайди. Масалан, фақирга юз минг сўм закот берсак ва бу унинг бир йиллик кундалик харажатларини қопласа, сўнг у бир йил ўтмай ишлаб пул топиши ёки яқинларидан бирининг вафоти ортидан келган мерос сабабли фақирлик даражасидан чиқиб кетса, закот сифатида олган мол-мулкини қайтариб бериши шарт бўлмайди. Чунки у (яъни закот) унинг мулки саналади.

Бешинчи қисм: қул озод қилиш

Аллоҳ таоло айтади: “… ва қулларни озод қилишга”. Уламолар оятда зикр қилинган қул қандай қул эканини уч хил фикр билан изоҳлашган:

Биринчиси: маълум миқдор пул эвазига хожасидан озодлигини сотиб олишга келишган мукотаб қул. Бу турдаги қулга хожасига бериши керак бўлганча маблағ берилади.

Иккинчиси: бировнинг қўл остида бўлган қул. Бу турдаги қул сотиб олиниб озод қилиниши учун унга закотдан маблағ берилади.

Учинчиси: кофирлар асир олган мусулмон. Ушбу асирни кофирлар қўлидан озод қилиш учун уларга закотдан пул берилади. Шунингдек, мусулмонлардан бири кофир ё мусулмон одам томонидан ўғирлаб кетилса, уни озод қилиш учун қароқчи ўғрига закотдан пул берса бўлади. Негаки, уларнинг сабаби битта, яъни кофир қўлига тушган асир билан ўғирлаб кетилган мусулмон одамнинг ҳукми бир хил. Иккиси ҳам асир ҳукмида бўлиб, ҳар иккала ҳолатда мусулмон одамни озод қилиш лозимдир. Албатта, бу ҳукмга қачонки, ўғирлаб кетилган одам мусулмон бўлса ва уни пул билан озод қилишдан бошқа чорамиз қолмаса ўтилади.

Олтинчи қисм: қарздорлар

Уламолар оятда зикр қилинган қарзни иккига тақсимлашган:

Биринчиси: одамлар ўртасини ислоҳ қилиш учун олинган қарз.

Иккинчиси: ўз эҳтиёжини қоплаш учун олинган қарз.

Биринчи қисмга қуйидаги ҳолатни мисол тарзида келтиришган: икки уруғ ўртасида низо, жанжал ёки уруш содир бўлса, нуфузли, куч-қудратга эга солиҳ бир киши келиб, улар ўртасини ислоҳ қилиш мақсадида уларга маълум миқдорда маблағ беришни зиммасига олса, биз бу ислоҳотчи киши зиммасига олган маблағни ўташи учун унга ўша маблағ миқдорича закотдан пул берамиз. Негаки, у мўминлар ўртасидаги буғзу-адоватга барҳам берди ва одамлар қони тўкилишнининг олдини олди. У бой ё камбағал бўлишидан қатъий назар, қилган ушбу буюк амалига мукофат ўлароқ зиммасига олган маблағни ўташи учун унга закотдан пул берамиз. Чунки биз унга эҳтиёжларини қоплаши учун закотдан пул бермаймиз, балки умумий манфаатни кўзлаб қилган амали учун берамиз.

Иккинчиси: ўз эҳтиёжларини қоплаш учун қарз олган ёки пули бўлмагани учун бир нарсани қарзга олган киши, бу ҳолатдаги киши қарзини ўташи учун унга закотдан пул берилади. Лекин, қарзини ўташга унинг мол-мулки бўлмаслиги шарт қилинади.

Шу ўринда бир савол туғилади: бу ҳолатдаги киши қарзини ўташи учун пулни унинг ўзига берамизми ёки қарз берган одам олдига бориб, унинг номидан қарзини ўзимиз ўтаймизми?

Бу ўринда қарздор кишининг ҳолатига қараб ҳукм чиқарамиз. Агар қарздор қарзини узишга ва зиммасидаги бурчни адо қилишга ҳарис ва ишончли одам бўлса, биз унинг ўзи қарзини узиши учун пулни унга берамиз. Чунки бу иш унинг обрўси сақланиб қолишига ва қарзини талаб қилиб турган одамлар олдида ҳам хижолатдан йироқ бўлишига сабаб бўлади.

Аммо, қарздор одам пулни беҳудага сочадиган исрофгар кимса бўлиб, унга қарзини узиши учун пул бергудек бўлсак, қарзини ўташ ўрнига заруратсиз нарсаларни сотиб олиши эҳтимоли бўлса, у ҳолда пулни унга бермасдан, ўзимиз қарз берган одамнинг олдига бориб: “Фалончининг сиздан қанча қарзи бор?”, деб сўраб, унинг номидан барча қарзини ёки қўлдан келгунча баъзисини узамиз.

Еттинчиси: Аллоҳ йўлида

Оятдаги “Аллоҳ йўлида” деган сўздан Аллоҳ йўлида жиҳод қилувчи инсонлар назарда тутилган. Демак, отядаги “Аллоҳ йўлида” деган сўз барча яхши ва хайрли ишлар йўлида, деган маънони англатади, дейиш нотўғри. Негаки, “Аллоҳ йўлида” деган сўздан барча яхши ишлар йўлида сарфлаш назарда тутилганда, оятдаги чекловнинг маъноси қолмас эди. Аллоҳ таоло закот олувчи одамлар турини чеклаб шундай деган: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, закот соҳасида ишловчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир[Тавба: 60].

Демак, “Аллоҳ йўлида” деган сўздан мурод Аллоҳ йўлида жиҳод қилишдир. Бинобарин, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш мақсадида Аллоҳ йўлида жанг қилаяпти, деб гумон қилинган мужоҳидларга кундалик сарф-харажатлари, қурол-аслаҳа ва бундан бошқа эҳтиёжларини қоплаш учун закот берилади. Закот пулидан мужоҳидларга жанг қилишларига яроқли қурол-аслаҳа сотиб олиб бериш ҳам жоиз.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, қилинаётган жанг Аллоҳ йўлида бўлиши шарт. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қандай жанг Аллоҳ йўлида деб ҳисобланишини ўз ҳадиси шарифларида баён қилиб берганлар. Бир киши у зотдан: “Ҳамият учун (миллати, ёру биродари учун тарафкашлик қилиб), жасурлиги тутиб ёки ўзининг ўрнини билдириш учун жанг қилган кишиларнинг қай бири Аллоҳ йўлида ҳисобланади?”, деб сўраганида у зот: “Ким Аллоҳнинг калимаси (дини) олий бўлиши учун жанг қилса, ана ўша Аллоҳ йўлида (жанг қилган) ҳисобланади”, деб жавоб берганлар.

Демак, ватанпарварлик, миллатпарастлик ё шу каби шариатимизда оқланмайдиган ҳамият (тарафкашлик) учун жанг қилган кишига Аллоҳ йўлида жанг қиляпти дейилмайди. Бинобарин, бундай кишига Аллоҳ йўлида жанг қилаётган мужоҳидга бу дунёда бериладиган моддий ёрдам ҳам, охиратда берилажак ажр-савоблар ҳам берилмайди. Жанг қилишни яхши кўргани учун жасурлиги тутиб жанг қиладиган кишига – ушбу сифатга эга одам кўпинча уни ҳар қандай ҳолатда ҳам кўрсатишга ҳаракат қилади – Аллоҳ йўлида жанг қиляпти дейилмайди. Ўзининг ўрнини билдириб қўйиш учун жанг қиладиган киши одамлар кўрсин-эшитсин учун жанг қилади, Аллоҳ йўлида эмас. Аллоҳ йўлидан бошқа йўлда (мақсадда) жанг қилган ҳар қандай одамнинг закот олишга ҳаққи бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло оятда: “Аллоҳ йўлида”, деб айтиб ўтган. Аллоҳнинг калимаси (дини) устувор бўлиши учун жанг қилган кишигина Аллоҳ йўлида жанг қилган деб айтилади.

Уламоларнинг фикрига кўра, бор вақтини шаръий илм олиш учун сарфлайдиган киши ҳам оятда зикр қилинган Аллоҳ йўлидагилар қаторига киради. Бинобарин, унинг сарф-харажати, кийим-кечаги, еб-ичиши, турар-жойи ва керакли китобларни сотиб олиши учун унга закотдан берилади. Зеро, шаръий илм олиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш турларидан бири саналади. Ҳатто, имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Агар илм олувчининг нияти холис бўлса илмга ҳеч нарса тенг келмайди”. Илм шариатнинг негизи, илмсиз шариат бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръонни одамлар адолатли бўлишлари, шариат аҳкомларини ўрганишлари, шунингдек, ақида, сўз ва феълдан иборат бандага лозим бўлган нарсаларни билишлари учун нозил қилди. Дарҳақиқат, Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш энг афзал амаллардан, балки ислом динидаги энг мўътабар амал саналади. Жиҳоднинг хос фазилати борлигида шубҳа йўқ. Лекин, илмнинг ҳам ислом динида ўзига яраша буюк ўрни бор. Шаръий илм  олиш Аллоҳ йўлида жиҳод қилиш қаторига киришида шак-шубҳа йўқ.

Саккизинчиси: йўловчи мусофирлар

Йўл харажатларига пули қолмай, йўлда (ўзга юртда) қолиб кетган мусофир одам, гарчи ўз шаҳрида бой-бадавлат бўлса ҳам, айни ҳолатда муҳтож бўлгани учун ўз шаҳрига етиб олишига етадиган миқдорда унга закотдан пул берилади. Бундай ҳолатда унга:  “Ҳозир сен йўл харажатларингга етадиган миқдорда қарз олиб, кейин уни узишинг керак, закот олишга ҳаққинг йўқ”, деб айтишимиз тўғри эмас. Негаки, бундай десак уни зиммасига қарз олишга мажбур қилиб қўямиз. Аммо, унинг ўзи закот олишга рози бўлмай, унинг ўрнига қарз олишни истаса, бу ҳам жоиз. Масалан, Маккадан Мадина шаҳрига сафар қилаётган одам сафар асносида йўл харажатларига сарфлайдиган пулини йўқотиб қўйиб, ёнида ҳеч вақоси бўлмаса, ваҳоланки, у Мадинада бой кишилардан бири бўлса, бу ҳолатда унга ўз шаҳри Мадинагача етиб олишига етадиган миқдорда, эҳтиёжини қоплайдиган қилиб пул берамиз, ундан ортиқ бермаймиз.

Шундай қилиб, закот олишга ҳақли бўлган одамларни билиб олдик. Мазкур турдаги одамлардан бошқа ҳеч кимга, шунингдек, бундан ўзга умумий ёки хусусий манфаатлар учун закотдан берилмайди. Шунга биноан, масжид барпо қилиш, йўлларни таъмирлаш, кутубхона қуриш ва ҳоказо ишлар учун закотдан берилмайди. Негаки, Аллоҳ таоло закот олишга ҳақли одамларни зикр қилар экан, шундай дейди: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат…”, яъни мазкур тақсимот Аллоҳ таоло томонидан фарз қилинди. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир.

Шу ўринда яна бир савол туғилади: закотни оятда зикр қилинган одамларнинг барча қисмига беришимиз керакми ёки улардан бирига берсак кифоями? Негаки, оятда қўлланилган “вов” (ва) боғловчиси уларнинг барчасига беришимиз кераклигини тақозо қилади.

Бунга жавоб қуйидагича: закотни оятда зикр қилинган барча қисмга беришимиз вожиб эмас. Бунга далил шуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муоз ибн Жабални Яманга юборар эканлар, унга шундай деганлар: “Аллоҳ таоло уларга бойларидан олиниб, камбағалларига бериладиган садақа (закот)ни фарз қилганини билдиргин”. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисда биргина қисмни зикр қилдилар. Бу эса Аллоҳ таоло закотни оятда зикр қилинган одамларнинг барчасига бериш шартлигини эмас, балки қай турдаги одамлар закот олишга ҳақли эканини зикр қилганини билдиради.

Закотни мазкур саккиз турдаги одамларнинг қай бирига берган афзал?

Улардан қай бирининг эҳтиёжи кўпроқ бўлса, шунга берилгани афзал. Чунки уларнинг барчаси закот олишга ҳақли бўлиб, муҳтожроқ бўлгани закотга ҳақлироқ бўлади. Кўпинча улар орасида энг муҳтожроғи фақир ва мискинлар бўлади. Шу сабабли Аллоҳ таоло оят бошида уларни зикр қилиб шундай деган: “Албатта, садақалар (яъни, закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда, фақат фақирларга, мискинларга, закот соҳасида ишловчиларга, кўнгиллари (исломга) ошна қилинувчи кишиларга, қулларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида ҳамда йўловчи мусофирларга берилур. Аллоҳ билим ва ҳикмат соҳибидир[Тавба: 60].

Валлоҳу аълам.

Ушбу фатво “Мажмуу фатово Ибн Усаймин”дан (18/331-339) олинди.

Манба: IslamQA

Изоҳ қолдиринг