Сиз камбағал эмассиз

2

Ўзингиздан қуйидагиларга назар солинг, ўзингиздан юқоридагиларга қараманг. Мана шу Аллоҳ таоло сизларга берган неъматни қадрлашингизга сабаб бўлади” (ҳадиси шариф, Муслим ривояти).

Инсонлар ҳаётига назар солар эканмиз, уларнинг аксари тушкунликка тушиб, ғам-ташвиш билан яшаётганига, хотиржамлигини йўқотганига, ўзини бахтсиз ҳис қилаётганига гувоҳ бўламиз. Бунинг асосий сабаби шуки, инсонлар ўзларидан юқоридагиларга қараб яшашади, бошқаларнинг қўлидаги нарсаларга кўз олайтиришади, бошқаларни қўлидаги молу дунёси билан бахтли ҳаёт кечирмоқда, деб ўйлашади. Улардаги бойлик ўзларида йўқ эканини кўриб, ўзларини бахтсиз ҳис қилишади. Бу эса ношукр бўлишларига сабаб бўлади.

Инсон қўлида ҳеч қандай молу дунё бўлмаса ҳам бахтли ҳаёт кечириши мумкин. Чунки бахт-саодат қўлда эмас, қалбда бўлади. Инсон руҳий хотиржам бўлсагина ҳақиқий хотиржамликка эришади. Инсоннинг Аллоҳ ҳузурида қабул бўладиган динда бўлиши ҳақиқий неъмат дейилади. Инсон уни яратган парвардигорига иймон келтириши ҳақиқий ютуқ саналади. Инсон ҳаётдан баҳра олиши учун ҳаётга чиройли кўз билан қарашни, озига рози бўлиб, кўпига шукр қилишни, эришганига хурсанд бўлиб ўзини йўқотмасликни, эриша олмаганига афсусланиб тушкунликка тушмасликни  ўрганиши керак.

Шуни унутмаслик керакки, биз моддий жиҳатдан ҳар қанча орқада бўлсак ҳам, дунёдаги энг бой инсонмиз. Нега дейсизми? Чунки Аллоҳ таоло бизга сон-саноқсиз кўп неъматлар ато этган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Айтинг, Аллоҳ сизларни йўқдан бор қилди ва сизларга қулоқ, кўз ва қалб неъматларини берди. Лекин сизлар жуда ҳам кам шукр қиласизлар” (Мулк: 23) – дейди. “Балад” сурасида эса: “Биз инсонга икки кўз, тил ва икки лаб ато этмадикми?! Биз унга тўғри ва нотўғри йўлларни кўрсатмадикми?!” – дея Парвардигоримиз бизга ато этган бошқа неъматларини эслатади. Инсон бир эшитганда бу неъматларнинг қанчалар улуғ эканини ҳис қилмаслиги табиий ҳол. Сабаби, олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ деганларидек, инсон кунлик давом этиб турган неъматларнинг аслида қанчалар катта неъмат эканини унутиб қўяди. Биз эътиборсиз қарайдиган бу неъматларга қанча-қанча биз бахтли деб ҳисоблаган инсонлар зор эканини ўйлаб ҳам кўрмайди.

Келинг, Аллоҳ таоло бизга ато этган неъматлар ҳақида бир фикрлаб кўрайлик: ҳар куни эрталаб уйқудан тўрт мучангиз соғ ҳолатда уйғонасиз, шунинг ўзи катта неъмат эмасми?! Ҳаводан тўйиб нафас оласиз, Аллоҳ таоло яратган турли хил хушбўй ҳидлардан баҳраманд бўласиз, шунинг ўзи катта неъмат эмасми?! Қуёшнинг чарақлаган нурини, унинг тонг саҳар барчага ўз нурини сочиб чиқишинию, унинг нуридан баҳраманд бўлаётган табиат жамолини кўра оласиз, шунинг ўзи катта неъмат эмасми?! Тилингиз орқали қалбингиздан кечаётган барча ҳис-туйғуларни қаршингиздаги инсонга тўкиб-соча оласиз, шунинг ўзи катта неъмат эмасми?!  Тонг саҳар қушларнинг ёқимли сайрашини, беш вақт намозга муаззинларнинг азон айтишини эшита оласиз, Қуръон тиловатини тинглаш бахтига муяссарсиз, шунинг ўзи катта неъмат эмасми?! Сизнинг фарзандингиз, ака-укангиз, жуфти ҳалолингиз, ота-она ва қариндошларингиз борми?! Аллоҳ хайрингизни берсин, менга айтингчи, бундан ортиқ неъмат бўлиши мумкинми?! Мазкур неъматлар ҳақида бироз бўлса-да, фикр юритганингиздан сўнг Аллоҳ таоло: “Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, унинг ҳисоб-китобига ета олмайсизлар” – деб бежиз айтмаганига беихтиёр иқрор бўласиз.

Сиз ўзингизни камбағал деб ўйлайсизми? Асло ундай эмас! Сизга берилган давлатнинг ҳисоб-китоби йўқ. Бунга бироз ойдинлик киритиш учун сизга бир неча савол билан мурожаат қилмоқчиман. Айтингчи, сизнинг назарингизда катта деб ҳисобланган миқдорда пул берсам, менга кўзингизни сотиб, умрингизнинг охиригача кўр бўлиб яшашга рози бўлармидингиз?! Ёки шунча миқдорда пул эвазига бирон бошқа аъзойингизни сотармидингиз?! Дунёдаги энг бадавлат инсоннинг бойлигича миқдорда пул бўлса, шу пул эвазига оилангизни алмашармидингиз?! Мана энди қанчалар бой эканингизни ҳис қилдингизми?!

Юқорида айтганларим янада тушунарли бўлиши учун сизларга қуйидаги ҳаётий воқеани айтиб бермоқчиман. Бу воқеани шайх Муҳаммад Ҳассон ҳафизаҳуллоҳ дарсларининг бирида айтиб берганди. Шайхнинг бир бадавлат таниши бор экан. Ёши кексайиб қолган бу бадавлат инсон автоҳалокатга учраб, оёқ-қўли ишламай қолибди. Унинг бир ўғли ва бир қизи бор экан, лекин иккала фарзанди ҳам ота-онасини ташлаб, Европа давлатларига кетган экан. Айни дамда бу бадавлат инсон шифохонада экан. Унинг олти юз миллион доллардан ортиқ сармояси бор экан. Шайх бу танишини зиёрат қилгани борганида у киши кечаси орқаси қичишганида шуни бир бор қўли билан қашиш учун шу пулининг барчасини бериб юборишга рози эканини айтиб йиғлабди. Қаранг, биз учун қанчалар катта кўринган бу пуллар битта қўлга эмас, шу қўлнинг бир лаҳзада бажарадиган вазифасига ҳам арзимас экан. Мана энди қанчалар бадавлат эканингизни ҳис қилдингизми?!

Инсон бахтли ҳаёт кечириши учун бадавлат бўлиши шарт эмас. Шунчаки у ўзига ато этилган неъматларни кўра олиши кифоя. Бахтли бўлиш учун ҳаётда қўлдан бой берган нарсаларингизга эмас, балки қўлга киритган ютуқларингизга назар солишга одатланинг. Ҳатто бошингизга тушган мусибатларга ҳам унинг ижобий томонини ўйлаб ёндашинг. Агар бирон бир ижобий томонини топа олмасангиз, шу мусибатга сабр қилиш эвазига эришишингиз мумкин бўлган ажру савоблар ҳақида ўйланг.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу дунёдаги энг бахтли инсон эдилар. У киши нафақат ўзлари бахтли ҳаёт кечирдилар, балки ён-атрофидагиларни ҳам бахтли қилдилар. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бой-бадавлат эмасдилар. Баъзан оч қолиб кетганларидан қоринларига тош боғлаб юрардилар. У зотнинг муборак уйларида ойлаб ўчоқ ёқилмасди. Лекин шунга қарамай у киши энг бахтли инсон эдилар. Демак, инсон бахтли ҳаёт кечириши учун моддий жиҳатдан эмас, иймон жиҳатидан бадавлат бўлиши керак экан. Зеро, иймон инсонга берилган энг катта бахтдир.

Ўз турмуш тарзидан мамнун бўлган инсон ҳаётда доим олдинга интилиб яшайди. Бундай инсон ўзи учун ҳам, жамияти учун ҳам фойдали ҳисобланади. Сизнингча, баъзиларга нисбатан мол-мулкимиз кам бўлгани учун қайғуришимиз ўринлими?! Ахир дунё арзимас нарса эмасми?! Агар дунёнинг Аллоҳ таоло наздида пашша қанотича қадри бўлганида кофирга ундан бир томчи ҳам бермаган бўларди-ку?! Наҳот шунчалик қадрсиз нарса қайғуришга арзиса?! Наҳотки шу қадрсиз дунё учун бир-биримизни алдасак, бир-биримизга ёлғон гапирсак?!

Мусулмон одам молу дунё учун асло қайғурмайди. Чунки у молу дунёнинг қайғуришга арзимаслигини, охиратда заррача фойда бермаслигини яхши билади. Мусулмонлар эса охират учун яшайдилар. Қуйидаги ҳадис молу дунёнинг қанчалар арзимас эканини янада ёритиб беради: “Қиёмат кунида дўзихийлар ичидан дунёда энг бахтли ҳаёт кечирган инсон олиб, дўзахга бир лаҳза тобланади. Сўнг ундан: “Ҳой одамзот, сенга ҳеч неъмат берилганми?” – деб сўралади. У эса: “Ё раббим, йўқ, Аллоҳга қасам” – деб жавоб беради. Кейин жаннатийлар орасидан энг оғир ҳаёт кечирган инсон олиб келинади. У жаннатга бир лаҳза киритилиб чиқарилади ва: “Эй одамзот, ҳеч қийинчилик кўрганмисан?” – деб сўралади. У эса: “Йўқ, Аллоҳга қасам, мен асло қийинчилик кўрмаганман. Мен асло машаққат кўрмаганман” – деб жавоб беради” (Муслим ривояти). Биз мусулмон ўлароқ, ўлимдан кейинги ҳаёт учун яшаймиз. Шундай экан, ҳақиқий бойлигимизни охират учун жамғарамиз. Чунки бу ўткинчи ҳаётда дунёга ҳоким бўлсак ҳам, охиратдаги бир лаҳзалик азоб бу бойликларнинг барчасини унуттириб юборади. Биз Аллоҳ таоло ато этган неъматлар бойлиги билан охиратдаги сармоямизни орттиришга уринамиз. Шунинг учун биз бу дунёда ҳам, охиратда ҳам асло камбағал бўлмаймиз. Аллоҳ таоло барчамизни Ўзининг неъматларига шукр қиладиган ва улардан охират ҳаётини обод қилиш йўлида фойдаланадиган инсонлардан қилсин!

 

Мақолани тайёрлашда IslamWeb саҳифасидан фойдаланилди.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

Изоҳ қолдиринг