Аббосийлар давлати: Рашид давридаги исён ҳаракатлари

0

Ҳорун Рашид даврида кенг кўламдаги исён ва қўзғолонлар юз бермади. Фақат маҳаллий миқёсда баъзи исён ҳаракатлари содир бўлиб турди. Кўпинча бунга сабаб, бирон волий ўзига бино қўйиб ва ўз куч-қудратига ишониб халифага қарши чиқарди, бироқ тез орада енгилиб қатл қилинарди ё афв этиларди.

Ҳижрий 176 йили Дайлам ўлкасида Яҳё ибн Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Али ибн Абу Толиб бош кўтариб чиқди, у 169 йили Фах жангидан омон чиққан эди. У одамларни ўзига байъат беришга даъват қилди. Икки ҳарам аҳлидан, Яман ва Миср аҳлидан анчагина одамлар унга байъат бердилар. У Яманга бориб, бир муддат ўша ерда турди. Кейин Мисрга келди, ундан Мағрибга ўтди, сўнг Машриққа қайтди, қиёфасини ўзгартириб Ироққа кирди. Кейин Рай ва Хуросонга йўл олди, ундан Мовароуннаҳрга етиб борди. Рашид уни қўлга олишга қаттиқ ҳаракат қилар ва ортидан таъқибни бўшаштирмас эди. Шундан сўнг у ўз тарафдорларидан 170 чоғли киши билан бирга турк хоқонига бош уриб борди ва у ерда икки ярим йил турди. Сўнг Табаристонга, ундан Дайламга борди ва ўша ерда ўзини (халифа деб) эълон қилди. У ерда унинг тарафдорлари кўпайганидан кўпайди. Ҳорун Рашид унга қарши уруш қилишга Фазл ибн Яҳё Бармакий бошчилигида эллик минг аскар юборди. Фазлнинг ёнида бошқа катта саркардалар ҳам бор эди. Яҳёнинг ҳоли танглашди, у Дайлам шоҳи унга хиёнат қилишидан қўрқди. Чунки Фазл Бармакий аввало Яёҳ билан мактублашиб, унга яхши сўзлар билан мурожаат қилган ва уни ўзига мойил қилган, бу ишининг оқибатидан огоҳлантириб насиҳат қилган, яхши маслаҳатлар бериб, кўнглига йўл топишга уринган эди. Шу билан бир қаторда у Дайлам ҳукдорига ҳам мактуб йўллаб, агар у Яҳёни сулҳга ва омонлик сўрашга кўндира олса, унга миллион дирҳам мукофот ваъда қилган эди. Дарҳақиқат, Яҳё сулҳга рози бўлди, фақат бунинг учун Рашид ўз қўли билан омонлик хати ёзиб, унга юборишини шарт қилди. Фазл бу ҳақда Рашидга ёзиб юборди. Рашид хурсанд бўлиб, Яҳё ибн Абдуллоҳга омонлик хати ёзиб, унга фуқаҳоларни, қозиларни ва жамики Бани Ҳошим машойихларини, жумладан Абдусамад ибн Али, Аббос ибн Муҳаммад, Муҳаммад ибн Иброҳим, Мусо ибн Исо ва бошқаларни гувоҳ қилди. Сўнг бу омонлик хатига ҳадялар қўшиб юборди. Омонлик хати Фазл ибн Яҳё Бармакийга етиб келгач, у уни Яҳё ибн Абдуллоҳга юборди. Яҳё ибн Абдуллоҳ буни қабул қилиб, Фазлнинг ҳузурига келди. Сўнг у билан бирга Бағдодга, Рашид ҳузурига йўл олди. Рашид уни чиройли кутиб олди, кўп совға-саломлар берди, нафақалар тайин қилди, бир неча кун Яҳё ибн Холид Бармакий хонадонида турганидан сўнг унга алоҳида уй-жой қилиб берди, унинг ишларига шахсан ўзи бош-қош бўлиб турди, одамларга унга салом беришга келишларини буюрди. Бироқ кўп ўтмай негадир Рашиднинг унга нисбатан муомаласи бирдан ўзгариб, уни Жаъфар ибн Яҳё Бармакий назоратидаги ҳибсхонага қаматтириб қўйди. Кейинроқ Жаъфарнинг унга раҳми келиб, қўйиб юборди. Бундан хабар топган Рашид уни яна қайтариб сирдобдаги (ер остидаги) зиндонга ташлаб, кишанбанд қилдирди ва унга кўз-қулоқ бўлиб туришга ходими Масруқни вакил қилиб қўйди. У ўлгунича шу зиндонда қолди ва 180 йил вафот этди. Унинг ўлими сабаблари ҳақида ҳар хил ривоятлар келган. Баъзилар очлик ва ташналикдан ўлди деса, баъзилар азобдан ўлди дейдилар, яна баъзилар ажали етиб ўлди дейишган.

Мисрда Қайс ва Қузоадан бўлган бир гуруҳ қўзғолон кўтарди. Мисрнинг ўша пайтдаги волийси Исҳоқ ибн Сулаймон уларга қарши жанг олиб борди. Рашид Фаластиндаги омили Ҳарсама ибн Аъянни унга мададга юборди ва охир-оқибат 177 йили фитна олови ўчди.

178 йили Абдавайҳ Анборий бошчилигида Африка аҳолиси бош кўтарди. У Фазл ибн Равҳ ибн Ҳотамни ўлдириб, у ердан Оли Муҳаллабни (Муҳаллаб хонадонига мансуб кишиларни) ҳайдаб чиқарди. Рашид улар устига Ҳарсама ибн Аъянни юборди. Яҳё ибн Холид Бармакий қўзғолонбоши Абдавайҳ билан хатлашиб, уни итоатга чорлади, унга омонлик ваъда берди, умидвор қилди. Шундан сўнг у рози бўлиб, омонлик талаб қилди ва итоатга қайтиб, Бағдодга келди. Яҳё унга вафо қилди, яхши муомала қилди, иззат-икром кўрсатиб волийликка қўйди.

Хуросоннинг Насо шаҳрида ҳижрий 183 йили Абул Хасиб Вуҳайб ибн Абдуллоҳ Насоий қўзғолон кўтарди ва унинг тарафдорлари кўпайди. Лекин у 184 йили мағлуб бўлиб, Хуросон волийси Али ибн Исодан омонлик тилади ва у омонлик берди. Кейин яна қайтиб иккинчи бор қўзғолон кўтарди, Насо, Абивард, Тус ва Нишопурга ғолиб бўлиб, Марвга бостириб келди. У ердан Сарахсга кетди. Унинг иши кучайиб кетгач, 186 йили унга қарши Али ибн Исо ибн Ҳомон чиқиб, уни мағлубиятга учратди ва шу билан унинг иши тинчиди.

Шомда икки қабила – Музор ва Низорга мансублар ўртасида фитна чиқиб, урушга айланиб кетди. Ҳорун Рашид уларга Муҳаммад ибн Мансур ибн Зиёдни юборди. У улар ўртасини ислоҳ қилишга муваффақ бўлди.

Мовароуннаҳрнинг Самарқанд шаҳрида Рофеъ ибн Лайс ибн Наср ибн Сайёр арзимас бир сабаб билан исён кўтарди. У бир аёлга ҳийла йўли билан уйланган эди. Бу ҳақда Ҳорун Рашидга шикоят қилиб борилганда у Хуросондаги волийси Али ибн Исога уларни ажратиб юборишни, Рофеъни дарралашни ва бошқаларга ибрат бўлиши учун шаҳар бозорларида сазойи қилиб, таъзирини беришни буюрди. Рофеъ ҳибсга олинди, кейин у қамоқдан қочиб кетди ва Балхга, Али ибн Исога бош уриб борди ва ундан омонлик сўради. Али унинг сўровини қабул қилмади ва Самарқандга қайтиб кетишига ижозат берди. У Самарқандга қайтиб келиб, унинг ҳокими Сулаймон ибн Ҳамидга ҳужум қилиб, уни ўлдирди. Шундан сўнг Али ибн Исо унга қарши ўғли Исони юборди, ортидан ўзи ҳам унга қарши юриш бошлади. Бу воқеа 190 ҳижрийда бўлаётган эди. 191 йили Рофеънинг иши кучайиб кетди ва Насаф аҳли унинг итоатига кирди. Турклар уни қўллаб-қувватладилар ва улар Исо ибн Алини ўлдирдилар. Ҳорун Рашид Али ибн Исони Хуросон волийлигидан бўшатиб, ўрнига Ҳарсама ибн Аъянни волийликка тайинлади. Ҳарсама Рофеъга қарши уруш бошлади. У Бухорога кириб боришга муваффақ бўлди ва Рофеънинг иниси Башир ибн Лайсни асирга тушириб, уни Ҳорун Рашидга юборди. Ўшанда Рашид Тусда Рофеъга қарши урушга йўл олаётган эди. У Баширнинг бошини танидан жудо қилдирди. Рофеънинг исёни Рашид вафотидан кейингача ҳам чўзилиб кетди. Рашид ҳижрий 193 йили Тусда вафот этди.

Ҳижрий 181 йили Журжонда зиндиқлар исён кўтаришди ва ўлкани фисқу фасодга ботиришди.

Ҳижрий 192 йили Озарбайжонда хуррамийлар исён кўтарди. Рашид уларга қарши Абдуллоҳ ибн Молик ибн Ҳайсам Хузоийни йўллади. У улардан кўпларини қатл қилди, асир ва асиралар олди. Сўнг Рашиднинг буйруғи билан асирларни ўлдириб, асираларни сотиб юборди.

Ҳижрий 190 йили Бани Абдилқайслик бир кимса бош кўтариб чиқди. Рашид одам юбориб, уни қатл эттирди.

 

 

 

Изоҳ қолдиринг