Мўътазилийларнинг беш асоси: учинчи асос – ваъда ва таҳдид

0

Ваъда

Мўътазилийларнинг назарида ваъда тушунчаси нима маънони ифодалаши ҳақида Қози Абдулжаббор шундай дейди: “Ваъда – келажакда бировга бирон фойда бериш ёки унга бирон зарар келишининг олдини олиш маъносидаги хабар дегани. Бу ваъданинг яхши ва бажарилиши шарт бўлиши ё бўлмаслигининг аҳамияти йўқ. Масалан, Аллоҳ таоло тоат-ибодатли бандаларга савоб ваъда қилди, дейилади. Улар лойиқ бўлишмаса-да, Аллоҳ таоло Ўз фазлидан уларга ваъда қилди, деб ҳам айтилади. Шунингдек, фалончи фалончига намоз учун ноқулай вақтда зиёфат қилишни ваъда қилибди, деб ҳам айтилаверади. Ваҳоланки, бу иш яхши эмас…

Ҳар иккаласи ҳам (яъни ваъда ҳам, таҳдид ҳам) келажакда бўлиши шарт. Чунки айни дамда фойдаси тегиб турган бўлса “ваъда” дейилмайди, гапириш мобайнида озор бериб турган бўлса “таҳдид” дейилмайди…

Ваъда ва таҳдидга оид илм деганда шуни билиш керакки, Аллоҳ таоло итоат қилганларга савоб ваъда қилган. Осийларни эса азоблаш билан таҳдид қилган. Аллоҳ таоло берган ваъдасини ҳам, қилган таҳдидини ҳам бажаради, бундан бошқа чора йўқ. У берган ваъдасига хилоф қилиши ёки ёлғон гапириши мумкин эмас”[1].

Қози Абдулжабборнинг гаплари бир қараганда тўғри бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ бу эътиқодга чуқурроқ назар солсак шуни биламизки, улар Аллоҳ таоло берган ваъдасини бажариши, яъни банда буюрилган барча ишларни бажарган тақдирда Аллоҳ таоло унга мукофот бериши Аллоҳга вожиб бўлади, дейишмоқда. Уларнинг эътиқодига кўра, банда қилган тоат-ибодати билан Аллоҳ таолодан бирон мукофот олишга лойиқ ва айнан шу тоат-ибодати билан жаннатга киришга тўла ҳақли. Улар ўзларининг бу эътиқодларига қуйидаги далилларни келтиришган:

1) Аллоҳ таоло Нисо сурасида: “Ким уйидан Аллоҳ ва Расулига ҳижрат қилиб чиқса, сўнг (манзилига етиб бормасидан) вафот этса, унинг ажру савоби Аллоҳнинг зиммасига тушади. Аллоҳ кечиримли ва раҳмли зотдир” – деган. Мўътазилийлар мазкур оятдаги “Аллоҳнинг зиммасига тушади” деган ерини “Аллоҳга вожиб бўлади” деб талқин қилишган.

2) Шунингдек, бу эътиқодларини ақлий далил билан ҳам қўллаб-қувватлашган. Ақлий далиллари шуки, модомики Аллоҳ таоло бандага машаққатли ишларни юклаган экан, у бу ишлар муқобилида бирон савоб олишга ҳақли бўлади. Аллоҳ таоло бандага амални вожиб қилиб, бунинг эвазига мукофот бермаслиги мумкин эмас. Акс ҳолда, бу зулм бўлади. Аллоҳ таоло зулм қилишдан покдир.

3) Аслини олганда уларнинг бу эътиқодлари инсон жаннатга ўз амали билан кира олиши ёки кира олмаслиги масаласидаги тушунчаларига асосланган. Уларнинг эътиқодига кўра, инсон қилган амали билан Аллоҳ таолонинг раҳматисиз жаннатга кириши мумкин. Бунга “Фаришталар жаннатийларга: “Сизларга саломатлик бўлсин! Қилган амалларингиз сабабли жаннатга киринглар” – дейишади” (Наҳл: 32) оятини далил қилишган. Чунки оятда жаннат аҳлига жаннатга киришларида айнан қилган амаллари сабабли киришлари очиқ айтилмоқда.

Раддия

Биз аҳли суннат ва жамоат ўлароқ, ҳеч ким ўз амали билан жаннатга кира олмайди, деб эътиқод қиламиз. Юқоридаги оятдан мурод эса жаннатийларнинг бу дунёда қилган амаллари охиратда жаннатга киришларига сабаб бўлади, деб тушунамиз. Бунга жаннат аҳлининг: “Биздан ғам-ташвишни аритган Аллоҳга ҳамд бўлсин! Албатта, Раббимиз кечиримли ва шакур (яъни бандаларнинг қилган оз амалларига ҳам улуғ мукофотлар берадиган) зот. У зот бизни бу турар жойга Ўз фази ила киритди” (Фотир: 35) – деган сўзлари далил бўлади. Шунингдек, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Тўғри бўлинглар, ўртачаликдан чиқманглар ва хурсанд бўлинглар. Билингларки, ҳеч кимни жаннатга қилган амали киритмайди” – деганлар. Саҳобалар: “Сизни ҳамми, ё Расулуллоҳ?!” – деб сўрашганида: “Мени ҳам. Бироқ Аллоҳ таоло Ўз мағфирати ва раҳмати билан мени ўраб олсагина жаннатга кира оламан” – деб жавоб берганлар (Бухорий (39) ва Муслим (2816) ривояти). Мазкур оят ва ҳадисдан тушуниладики, инсон ҳеч қачон ўз амали билан жаннатга кира олмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилган тақдирдагина банда амали сабабли жаннатга кириши мумкин. Акс ҳолда, банданинг қилган амали Аллоҳ таоло ато этган неъматларнинг бир қисмининг шукрига ҳам етмайди. Шундай экан, қандай қилиб банда Аллоҳ таолога бирон амални вожиб бўлди дея олади?! Ахир, биз Аллоҳ таолонинг қулимиз-ку! Мўътазилийларнинг “банда жаннатга кириши қилган амалининг эвазига бўлади” деган эътиқодлари юқоридаги ҳадисга очиқдан очиқ зиддир.

Давоми бор

[1] “Шарҳул усулил хамса” китоби, 134-136-бетлар.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг