Ўтда куйдириш воқеаси ва Иброҳим алайҳиссаломнинг оловдан қутулиши (7)

0

Ўтда куйдириш воқеаси ва Иброҳим алайҳиссаломнинг оловдан қутулиши

«Улар (бир-бирларига) дедилар: «Иброҳим учун (олов ёқиладиган) бинолар қуриб уни ўша оловга ташланглар». Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлган эдилар. Биз уларни тубан-мағлуб қилдик» [Соффат: 97-98]. Иброҳим алайҳиссалом қавми гап тополмай, мағлуб бўлиб, қўлларида ҳужжатга ярагулик ҳеч нарса қолмагач, тортишув ва баҳс-мунозарани бир четга суриб, ўзларининг бемаънилик ва адолатсизликка асосланган аҳмоқона динларини ҳимоя қилиш учун куч ишлатиш йўлига ўтдилар. Шунда Парвардигор уларга қарши макр-ҳийла қилиб, Ўзининг сўзи, дини ва ҳужжатини юксак қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “(Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!». Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик» [Анбиё: 68-70].

Мушриклар имконлари етган  барча жойлардан ўтин йиға бошладилар. Бир қанча вақт Иброҳим алайҳиссаломни ўтда куйдириш учун ўтин тўпладилар. Ҳаттоки, бирон бир аёл касал бўлиб қолса, «агар шифо топсам Иброҳимни кўйдириш учун ўтин йиғаман», дея назр қилар эди. Катта бир майдонни танлашиб, барча ўтинларни ўша ерда жамладилар. Сўнгра ўтинларга ўт қўйдилар. Натижада, бу ўтинлар шиддат билан ловуллаб, чарсиллаб ёнди. Алангаланиб ёнган оловдан мислсиз ўт учқунлари кўкка кўтарилди.

Шундан сўнг Иброҳим алайҳиссаломни манжаниқ палласига ўтқаздилар. Бу манжаниқни уларга курд миллатига мансуб бир уста махсус ясаган ва у инсоният тарихида илк бор манжаниқ ясаган киши бўлган эди.

Манжаниққа ўтқазилган Иброҳим алайҳиссаломни қўл-оёқларини боғлар эканлар, у қуйидаги сўзларни айтар эди: «Ла илааҳа илла анта, субҳаанака Роббал ааламийн, лакал ҳамду ва лакал мулк, лаа шарийка лак» (яъни: «Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ. Эй оламлар Парвардигори, Сени жамики айб ва нуқсонлардан поклайман. Зотан, Сен бундай айб ва нуқсонлардан йироқсан. Ҳамд-сано ва мулк-салтанатнинг барчаси Сенга хос ва Сенинг ҳеч бир шеригинг йўқдир»).

Иброҳим алайҳиссалом қўл-оёқлари боғланган ҳолда манжаниқ палласига ўтқазилиб, оловга улоқтирилган маҳалда “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакийл» (яъни: «Аллоҳ бизга кифоя қилгувчи ва У нақадар яхши сақлагувчидир»), деди. Бухорий[1] Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай дейди: “Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил”. Бу сўзни Иброҳим алайҳиссалом оловга отилган вақтда, шунингдек, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишига «Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган, қўрқингиз!» деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: «Бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир!» — дедилар. Бас,  у юришдан бирон нохушлик етмай, Аллоҳнинг неъмати ва фазли билан қайтдилар. Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» [Оли Имрон: 173-174], дейилганда айтганлар».

 «Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!» [Анбиё: 69]; Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу дейди: «Яъни, эй олов, Иброҳимга зарар берма».

Ибн Аббос ва Абул Олия шундай дейдилар: «Агар Аллоҳ таоло: «Эй олов, сен Иброҳим учун омонлик бўл!» [Анбиё: 69] демаганида, оловнинг совуқлиги Иброҳимга озор берган бўлур эди”.

Иброҳим алайҳиссалом қавми ғалаба қозонмоқчи бўлган эдилар, бироқ ёрдамсиз қолдилар, юксакликка интилган эдилар, аксинча, тобора тубанлашдилар, ғолиб бўлмоқчи эдилар, мағлубиятга юз тутдилар. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик» [Анбиё: 70]. Бошқа бир оятда: «тубан-мағлуб қилдик» [Соффат: 98] дейилади. Шундай қилиб, бу қавм зиён ва тубанликка юз тутди. Бу ҳали дунёдагиси, охиратда бўлса, уларнинг оловлари салқин ва безиён бўлмайди ва улар ҳеч қачон дўзахда салом ва олқишни учратмайдилар. Аксинча, дўзах Аллоҳ таоло тасвирлагандек: “Дарҳақиқат, у энг ёмон қароргоҳ ва энг ёмон жойдир» [Фурқон: 66].

Умму Шарик розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам калтакесакни ўлдиришга буюриб: “У (калтакесак) Иброҳим алайҳиссаломга оловни пуфла(б ёнишига ўз ҳиссасини қўш)ган»[2] – деганлар.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Калтакесакни ўлдиринглар, чунки у Иброҳим алайҳиссаломга оловни пуфла(б, ёнишига ўз ҳиссасини қўш)ган»[3].

Нофеъ шундай дейди: «Ойша розияллоҳу анҳо калтакесакни ўлдирар эди».

Нофеъдан ривоят қилинади: “Бир аёл Ойша розияллоҳу анҳонинг олдига кирди. Қараса бир найза турибди. “Бу найза нимаси?”– деб сўради аёл. “Биз у билан калтакесакларни ўлдирамиз”– деб жавоб қилди Ойша розияллоҳу анҳо. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир ҳадис айтиб берди. Унга кўра, Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланган вақтда барча жонзотлар оловни ўчиришга киришибди. Калтакесак бўлса, Иброҳим алайҳиссаломга оловни пуфлай бошлабди»[4].

Фокиҳ ибн Муғийранинг мавлоси (яъни, у қулликдан озод қилган аёл) Соибадан ривоят қилинади: “Ойша розияллоҳу анҳонинг ҳузурига кирдим. Унинг уйида бир найза турганини кўрдим. «Эй мўминларнинг онаси. Бу найзани нима қиласиз?» – дедим. Ойша розияллоҳу анҳо деди: «Бу манави калтакесаклар учун, шу билан уларни ўлдирамиз. Сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай деган эдилар: «Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланган вақтда ер юзидаги барча жонзотлар оловни ўчиришга ҳаракат қилар, калтакесак бўлса, Иброҳим алайҳиссаломга оловни пуфлар эди». Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизни калтакесакларни ўлдиришга буюрдилар»[5].

[1]  Бухорий  (4563, 4564) ривояти.
[2] Бухорий “Саҳиҳи”да (3307, 3359), Муслим (2237), Насоий (2885) ва Ибн Можа (3228) ривоят қилганлар.
[3]  Имом Аҳмад “Муснад”да (6/ 200) ривоят қилган.
[4] Имом Аҳмад “Муснад”да (6/ 200) ривоят қилган.
[5] “Саҳиҳ лиғайриҳи”: Имом Аҳмад (6/83, 109), Ибн Абу Шайба (19891), Ибн Можа (3231), Ибн Асокир “Тарихи Димашқ”да (6/186) ва Ибн Ҳиббон (5631) заиф ровийлар шажараси ила ривоят қилганлар. Боиси, Соиба мажҳул шахсдир. Бироқ ҳадисни саҳиҳ даражасига кўтарадиган, ҳадис мазмунини қўллаб-қувватлайдиган бошқа матнлар мавжуд. Албатта қаранг: “Ас-саҳиҳа” (1581).

Изоҳ қолдиринг