Усмон розияллоҳу анҳу: Қасос, жазо ва таъзирлар борасида чиқарган ҳукмлари

0

Рошид халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу қасослар, жиноятлар, жазолар, таъзирлар, ибодатлар ва муомалалар соҳасида бир қанча фиқҳий ҳукмларни қолдирдики, исломий фиқҳ мадрасаларида уларнинг салмоқли ўрни бор. Қуйида Усмон розияллоҳу анҳу чиқарган мазкур ҳукм ва фатволардан баъзиларини келтирамиз:

Қотиллик жиноятида чиқарган ҳукми:

Усмон розияллоҳу анҳу халифа бўлганидан сўнг унга биринчи рўпара бўлган масала Убайдуллоҳ ибн Умарнинг қотиллик жинояти масаласи бўлди. Бунинг тафсилоти шундай бўлганди: Умар розияллоҳу анҳунинг ўғли Убайдуллоҳ ғазаб устида отаси Умарнинг қотили Абу Луълуанинг қизини бориб ўлдирди, Жуфайна исмли бир насроний кимсани қилич билан чопиб ташлади, Ҳурмузон деган кимсани ўлдирди. Сабаби, бу иккиси Абу Луълуани Умарни ўлдиришга гижгижлаган деб айтилади, валлоҳу аълам. Ўлим тўшагида ётган Умар розияллоҳу анҳу Убайдуллоҳ борасида ўзидан кейин бўладиган халифа ҳукм чиқариши учун уни қамаб қўйишга буюрганди. Усмон халифа бўлгач, унга биринчи рўпара қилинган масала Убайдуллоҳ масаласи бўлди. Али розияллоҳу анҳу уни қўйиб юбориш адолатдан бўлмаслигини ва қатл қилиш лозимлигини айтди. Баъзи муҳожирлар эътироз билдириб, кеча отаси ўлдирилган бўлса-ю, бугун ўғлини қатл қилинадими, дейишди. Амр ибн Ос Усмонга: “Эй амирулмўъминин, Аллоҳ Ўзи сизни бундан поклади, бу иш сизнинг халифалигингиз пайтида юз бергани йўқ, уни ўзингиздан соқит қилинг”, деди. Пировардида Усмон розияллоҳу анҳу ўша ўлдирилган кишиларнинг хун пулини ўз молидан тўлади ва Убайдуллоҳни қўйиб юборди[1].

Табарий ривоятида Убайдуллоҳни Ҳурмузоннинг ўғли Қамозбон афв қилгани айтилади. Абу Мансур айтади: Қамозбон отасининг ўлими ҳақида сўзларкан, шундай деди: Мадинада ажамлар ўртасида борди-келди бор эди. Бир куни Феруз (Абу Луълуа) отам билан кўришиб турган эди, унинг қўлида икки бошли ханжар бор эди. Отам унинг ханжарини қўлига олиб кўриб: “Бу юртларда нима қиласан буни?”, деди. У: “Шунчаки ёнимда олиб юрибман”, деди. Бир одам буни кўрган экан. Умарга ханжар билан жароҳат етказилгач, ўша одам мен буни Ҳурмузоннинг қўлида кўрганман, уни Ферузга у берганди, деб айтди. Шундан сўнг Убайдуллоҳ келиб, отам Ҳурмузонни ўлдирди. Усмон халифа бўлганидан сўнг мени чорлаб, отамнинг қотилидан қасос олишимга имкон яратиб берди. У менга: “Эй болам, мана бу отангнинг қотили, сен унга биздан кўра ҳақлироқсан, бор, уни қатл қил”, деди. Мен уни етаклаб ташқарига олиб чиқдим. Ер юзининг ҳамма одами атрофимда тўпланиб олганди ва уни ўлдирмаслигимни сўрашарди. Мен уларга дедим: “Буни қатл қилишга ҳаққим борми?”. “Ҳа”, дейишди. “Сизларнинг мени бу ишдан ман қилишга ҳақларинг борми?”, дедим. “Йўқ”, дейишди. Шундан сўнг мен уни ўлдиришдан Аллоҳ учун ва уларнинг илтимослари туфайли воз кечганимни айтдим. Одамлар мени кўтариб олишди, Аллоҳга қасамки, то уйимгача одамларнинг қўлларида ва бошлари устида бордим[2].

Бу ривоят билан аввалги, халифа Усмон розияллоҳу анҳу Убайдуллоҳ ибн Умарни афв қилгани ва Ҳурмузоннинг ворисларига хун пулини у тўлагани ҳақидаги ривоят ўртасида қарама-қаршилик йўқ. Чунки барча саҳобалар тушунчасида Ҳурмузоннинг ўғли қасосга ҳақли экани маълум эди ва у юқорида айтилганидек, уларнинг афв қилиш ҳақидаги илтимосларини қабул қилди. Уни халифа афв қилгани ҳақидаги таъбирга келсак, Умар розияллоҳу анҳуга қилинган суиқасд жиноятини таҳқиқ қилиб, тергов ва суриштириш ишлари олиб бориш ва узил-кесил ҳукм чиқариш халифанинг ҳаққи эди. Ўзбошимчалик билан ҳаракат қилиб, ўз наздида отасининг қотилларидан қасос олган Убайдулоҳ бу иши билан халифанинг ҳаққига тажовуз қилган бўлди. Бинобарин, халифа Усмоннинг уни афв қилиши шу жиҳатдан бўлди. Зотан, Убайдуллоҳ тарафидан қилинган бу қонунбузарлик туфайли давлат муҳим бир ишнинг тагига етиш фурсатини, яъни бу суиқасд ортида бўлиши мумкин бўлган кимсалар ва бу жиноятга алоқали бўлган уюшмани аниқлаш имкониятини қўлдан чиқарди.

Ривоятлар ва тарихий манбаларда хилоф йўқки, Умар ибн Хаттобга урилган ханжар ушбу ҳодисадан олдин Ҳурмузон ва Жуфайнанинг қўлида кўрилган, буни саҳобалардан икки киши – Абдураҳмон ибн Абу Бакр ва Абдураҳмон ибн Авф ўз кўзлари билан кўрган эдилар. Абдураҳмон ибн Абу Бакр гувоҳлик беришича, қотил Абу Луълуа мазкур икки шахс билан гаплашиб турган пайт Абдураҳмон тўсатдан улар устига келиб қолганида улар шошиб қолиб, ўрталаридаги ханжар ерга тушиб кетади. Умар розияллоҳу анҳу ўлдирилганидан сўнг қотил қўлидаги ханжар ушбу икки гувоҳ васф этган ханжар бўлиб чиқади[3]. Шунга кўра, Ҳурмузон ва Жуфайна қатл этилишга лойиқ бўлганди. Шерикларини ошкор қилмаслик мақсадида ўзини ўлдирган Абу Луълуанинг қизи эса хатолик билан ўлдирилганди. Убайдуллоҳ уни ҳам қотилларнинг шериги, отасига қуролини яширинча сақлаб берган деган гумонда ўлдирган эди.

Сеҳргарга берилган жазо:

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалиги даврида уммулмўъминин Ҳафса розияллоҳу анҳонинг бир жорияси унга сеҳр қилди ва сеҳр қилганига ўзи иқрор бўлди. Шундан сўнг Ҳафса розияллоҳу анҳонинг буйруғи билан уни Абдураҳмон ибн Зайд қатл қилди. Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафсанинг бу ишини ёқтирмасдан, унга эътироз билдирди. Шунда Ибн Умар розияллоҳу анҳумо унга: “Уммулмўъмининга бир хотин сеҳр қилиб, ўзи эътироф қилган бўлса, уни ўлдирилишига эътироз билдирасизми?!”, деди. Усмон сукут қилди. Аслида, Усмон Ҳафсанинг сеҳргар аёлни қатл қилдирганига эмас, балки имомнинг жазо бериш ҳаққига тажовуз қилгани учун эътироз билдирганди. Чунки жиноятларга жазо бериш халифанинг ҳаққи эди[4].

Кўзи ожиз киши жиноят қилса:

Кўзи ожиз киши гўёки бир асбоб мисол бировнинг етовида ҳаракатланади. У ўз ён-атрофидагиларни билмайди. Ҳаракатланиб бораётиб беҳос бировга бирон зарар етказиб қўйса, унинг жинояти кечирилади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Қай бир киши кўзи ожиз одам билан ўтирганида кўзи ожиз унга бирон зиён-заҳмат етказиб қўйса, унинг жиноятидан кўз юмилади”[5].

Жанжаллашиб туриб бировни ўлдириб қўйган кишининг жазоси:

Баъзан одамлар ўртасида жанжал чиқиб, жаҳл устида бир-бирини ўлдириб қўйиш ҳоллари юз беради. Бу қасддан қилинган жиноят саналади ва бу ҳолда қасос лозим бўлади. Чунки жанжаллашаётган икки кишининг ҳар бири бошқасига зиён етказиш қасдида бўлади. Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг бу борада шундай сўзлари бор: “Агар икки киши урушиб қолса, ўрталарида содир бўлган жароҳат учун қасос олиб берилади”[6].

Ҳайвонга қилинган жиноят жазоси:

Бирон ҳайвонга нисбатан жиноят қилинса, бунда унинг қийматини тўлаш лозим бўлади. Уқба ибн Омир айтади: Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу даврида бир киши итлар орасида ўхшаши йўқ бир овчи итни ўлдирди. Шундан сўнг ўша итнинг қиймати 800 дирҳам деб баҳоланди. Итни ўлдирган кишига Усмон розияллоҳу анҳу шу қийматни тўлашни амр этди, у йигирмата туя баҳосига тенг бу қийматни тўлади[7].

 

[1] “Бидоя ва ниҳоя” (7/154).
[2] Тарихи Табарий (5/243). Санади саҳиҳ эмас.
[3] “Ат-табақотул кубро” (3/350).
[4] “Мавсуа фиқҳи Усмон ибн Аффон” (169-бет).
[5] Аввалги манба (99-бет).
[6] Аввалги манба (100-бет).
[7] “Мавсуату фиқҳи Усмон” (102-бет).

Изоҳ қолдиринг