Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (1)

0

Ушбу бобда намозда Фотиҳа сурасини ўқиш ҳукми, Фотиҳа ўқилмаган намоз дуруст бўлиш-бўлмаслиги, қай ўринларда фақат Фотиҳа сурасининг ўзи ўқилиши, қай ўринларда Фотиҳадан кейин зам сура ўқиш мустаҳаб бўлиши, намозларда қироат қилиш тури (қай намозда қай сурани ўқиш) ва ҳоказо намозда қироат қилишга тааллуқли масалалар ҳақида сўз юритилади.

Тўқсон тўртинчи ҳадис

 

عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ – رضي الله عنه – أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – قَالَ: ((لا صَلاةَ لِمَنْ لَمْ يَقْرَأْ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ)) .

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “(Намозда) Фотиҳа сурасини ўқимаган одамнинг намози йўқ (ҳисоб)” [Бухорий: 756 ва Муслим: 394].

Шарҳ:

Фотиҳа сураси Қуръони Каримнинг мағзи ҳамда руҳи саналади. Чунки ушбу сурада Аллоҳга айтилажак ҳамду санолар ва У Зотнинг олий сифатларининг бир қанча турлари жамланган. Шунингдек, ушбу сурада Аллоҳ таоло барча мулкнинг соҳиби, бутун коинотнинг бошқарувчиси экани, бандалар қиёматда қайта тирилиб, ҳисоб-китобга тортилишлари ҳамда ҳар қандай ибодатларни ёлғиз Аллоҳ таоло учун бажариш кераклиги уқтирилади.

Қолаверса, Фотиҳа сураси дуоларнинг энг афзалини, сўраладиган нарсаларнинг энг буюгини, шунингдек, Аллоҳ таолодан саркаш ва адашганлар йўлидан боришдан паноҳ сўрашни, билганига амал қилувчилар йўлига ҳидоят қилишини сўрашни ўзида мужассам этади.

Шунинг учун ҳам намознинг ҳар ракаатида Фотиҳа сурасини ўқиш фарз қилиниб, намознинг дуруст бўлиш-бўлмаслиги унга боғлиқ қилинган. Ҳадисда айтилишича, Фотиҳа сураси ўқилмаса намознинг шаръий моҳияти рўёбга чиқмайди. Буни Ибн Хузайма роҳимаҳуллоҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам таъкидлайди. Унда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қиладилар: “Уммул Қуръон” (Фотиҳа сураси) ўқилмаган намоз дуруст саналмайди[1].

Уламолар ихтилофи:

Ўтган ҳадис шарҳида айтиб ўтганимиздек, ҳанафий мазҳаби уламоларининг фикрига кўра, намозда Фотиҳа сурасини ўқиш вожиб бўлиб, уни ўқишга қодир инсон намозда унинг ўрнига бирор оят ёки сура ўқиса намози дуруст бўлаверади.

Бу масалада жумҳур уламоларнинг фикри тўғрироқ бўлиб, Фотиҳа сурасини ўқишга қодир инсон намозда уни ўқиши фарз ҳисобланади. Ўтган мақолаларимизда ҳар икки томоннинг далилларини келтириб ўтган эдик. Жумҳур уламолар имом ва ёлғиз ўқувчи намозда Фотиҳа сурасини ўқиши фарз эканини бир овоздан айтишган. Аммо муқтадий Фотиҳа сурасини ўқиши фарзлиги борасида турли фикрларни билдиришган.

Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг фикрича, хоҳ махфий, хоҳ жаҳрий намозда бўлсин, муқтадий зиммасидан Фотиҳа сурасини ўқиш соқит бўлади.

Шофеий мазҳаби уламолари ва муҳаддис уламоларнинг фикрига кўра, имом ҳам, муқтадий ҳам, ёлғиз ўқувчи ҳам Фотиҳа сурасини ўқиши фарз.

Моликий мазҳаби уламоларининг айтишича, муқтадий махфий намозларда Фотиҳа сурасини ўқиши фарз бўлиб, жаҳрий намозларда ўқимайди. Ушбу фикр имом Аҳмаддан ҳам ривоят қилинган бўлиб, Ибн Таймия ва бир қанча муҳаққиқ уламолар ҳам бу фикрни ихтиёр қилишган.

Ҳанафий мазҳаби уламолари ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун қуйидаги далилларни келтиришган:

Ким бир имомнинг ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати унга (муқтадийга) ҳам қироатдир[Доруқутний: 1/324 ва Табароний: “Авсат”, 7903].

Агар Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутиб, жим туринглар[Аъроф: 204].

Агар имом тиловат қилса, унга қулоқ солиб, жим туринглар”.

Шофеий мазҳаби уламолари ўз фикрларини қўллаб-қувватлаш учун шарҳланаётган Убода ибн Сомитнинг ҳадисини далил қилиб келтиришган. Улар мухолиф фикр эгалари далил қилиб келтирган “Ким бир имомнинг ортида намоз ўқиса, имомнинг қироати унга (муқтадийга) ҳам қироатдир” деган ҳадисни саҳиҳ эмас деб айтишган. Ибн Ҳажар раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадиснинг бирон ривояти саҳиҳ бўлмай, далилликка ярамайди”.

Юқоридаги “Агар Қуръон ўқилса, унга қулоқ тутиб, жим туринглар” ояти ҳамда “Агар имом тиловат қилса, унга қулоқ солиб, жим туринглар” ҳадисига келсак, ушбу оят ва ҳадисларда умуман намоз ичида оят ва суралар ўқилганда унга қулоқ тутиб, жим туриш кераклиги, Убода ибн Сомитнинг ҳадисида эса ҳар қандай ҳолатда ҳам Фотиҳа сурасини ўқиш фарзлиги айтилган.

Бу масалада имом Молик ва (бир ривоятда айтилганидек) Аҳмад зикр қилган тафсилотли фикр қалбни хотиржам қилади. Унга кўра, қолган икки фикр эгаларининг далиллари ҳам мувофиқлашиб, уларнинг барчасига амал қилиш имконияти туғилади. Муқтадий махфий намозларда Фотиҳа сурасини ўзи ҳам ўқимаса, имом ўқиётганини ҳам эшитмаса, у ҳолда Фотиҳа сурасини ўқимагандек бўлиб қолади. Қолаверса, муқтадий жаҳрий намозларда имом қироатига қулоқ солмасдан ўзи Фотиҳа сурасини ўқиш билан машғул бўлса, имомнинг ҳам фойдаси қолмайди.

Шунингдек, муқтадий имомдан узоқлиги ёки қулоғи яхши эшитмаслиги туфайли имомнинг қироатини эшитмаса, атрофидаги намозхонларга халақит бермаган ҳолда Фотиҳа сурасини ўқиши лозим бўлади.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Намознинг ҳар ракаатида Фотиҳа сурасини ўқиш фарз бўлиб, уни ўқишга қодир одам унинг ўрнига бошқа сура ёки оят ўқиса намози дуруст саналмайди.
2 – Ким намозда қасддан, билмасдан ёки унутиб Фотиҳа сурасини ўқимаса, намози ботил бўлади. Чунки Фотиҳа сурасини ўқиш намознинг рукнларидан биридир. Маълумки, рукнлар то уни бажармагунча ҳаргиз зиммадан соқит бўлмайди.
3 – Уламолар билдирган тўғрироқ фикрга кўра, муқтадий махфий намозларда Фотиҳа сурасини ўқиши фарз. Жаҳрий намозларда эса муқтадий имомнинг қироатини эшитишга буюрилгани учун Фотиҳа сурасини ўқимайди.

[1] Ибн Хузайма: 490

Изоҳ қолдиринг