Ихлос сурасини ўн марта ўқиш ҳақидаги ҳадис саҳиҳми?

0

Савол:

Ихлос сурасини ўн мартадан ўқиш ҳақида бирон ривоят борми, шунга амал қилса бўладими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ Ихлос сурасининг фазилати ҳақида қуйидаги ҳадисни ривоят қилган. Муоз ибн Анас Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад” сурасини охиригача ўн марта ўқиса, Аллоҳ таоло унга жаннатда бир қаср барпо қилади”. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Ундай бўлса, мен бу сурани кўп ўқийман” – деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ (бу амалинга берадиган мукофоти) янада ортиқ ва янада яхшидир” – дедилар (“Муснад”: 15547 (3\437)). Мазкур ҳадиснинг ровийларидан Абдуллоҳ ибн Лаҳийъа, Ришдин ибн Саъд ҳамда Заббон ибн Фоидларни аксар уламолар заиф дейишган. Хусусан, Заббон ибн Фоидни имом Аҳмад, Яҳё ибн Маин, Абу Ҳотим ҳамда Ибн Ҳиббон каби бир қанча уламолар заиф дейишган. Ҳоким эса худди шу санадни саҳиҳ деган.

Бизнинг назаримизда ҳадисни заиф деган фикр кучлироқ. Бироқ ҳадисни ҳасан ёки саҳиҳ деган эътиқодда унга амал қилганларни ҳам маломат қилмаймиз, уларни бидъатчига чиқармаймиз, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг