Ҳожиларни зиёрат қилиш суннатми?

0

Савол:

Бир ўртоғим ҳаж сафарини адо қилиб келди. Баъзи ўртоқларим уни кутиб олиш учун аэропортга чиқмаганимга мени койишмоқда. Ҳожи ўртоғим ҳам “Ҳеч бўлмаса уйимга зиёратга бўлса ҳам келмадинг”, деб хафа бўлди. Мен бу амал асли шариатимизда йўқ эканини уларга тушунтиришга ҳаракат қилдим. Улар эса, шариатда бўлмаса ҳам одамгарчиликда бор-ку, деб мени тўғри тушунишмади. Шу масалага бироз ойдинлик киритишингизни сўрайман.

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Шариатимизда сафардан, хусусан, ҳаж ёки умрадан келган кишини кутиб олиш мустаҳаб амаллардан саналади. Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан келганларида саҳобалар у зотни кутиб олишгани ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бунга ҳеч қандай эътироз билдирмаганлари далил бўлади. Абдуллоҳ ибн Зубайр Абдуллоҳ ибн Жаъфарга (Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин): “Эсингиздами, мен, сиз ва Ибн Аббос Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олгандик” – деганида Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу: “Ҳа, эсимда. Бизни кўтариб олиб кетгандилар, сизни эса қолдиргандилар” – деб жавоб берган (Бухорий (2916) ривояти). Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон сафардан келсалар, у кишини кутиб олгани бизни ҳам олиб чиқишарди… Бир сафар мен билан Ҳасан ёки Ҳусайн чиқди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам то Мадинага киргунимизча биримизни олдиларига, иккинчимизни орқаларига кўтариб келдилар” (Муслим (2428) ривояти). Мазкур ривоятдан тушуниладики, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кутиб олиш учун ҳатто шаҳар ташқарисига чиқиб туришган.

Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардан қайтганларида мол сўйиб зиёфат қилганлар (Бухорий (2923) ривояти). Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо сафардан қайтганида уйига зиёратга келадиганларга зиёфат қилиб, келган меҳмонлар бехижолат овқатланишлари учун ўзи рўза тутмас экан (Бухорий ривояти). Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Баттол айтади: “Бу ҳадисда бошлиқ ёки раис одам сафардан келганида зиёфат қилишига далил бор. Бу амал салафи солиҳларда мустаҳаб саналган. Мазкур зиёфат (фуқаҳолар истилоҳида) нақийъа деб аталади” (иқтибос тугади)”. Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Нақийъа қилиш мустаҳаб. Нақийъа – мусофир сафардан қайтганида қилинадиган зиёфатдир. Келган мусофир қиладиган зиёфат ҳам, мусофир учун бошқалар уюштирадиган зиёфат ҳам нақийъа дейилаверади. Нақийъанинг мустаҳаблигига Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадиси далил бўлади” (“Ал-мажмуъ” китоби, 4\400).

Демак, узоқ сафардан, хусусан, ҳаж ва умра каби муборак сафардан келаётган мусофирни қарши олиш учун шаҳар ташқарисига ёки аэропортга чиқиш, шунингдек, мусофир сафаридан қайтганида унинг уйига зиёратга бориш, уй эгаси эса келганларга зиёфат қилиб бериши ҳам мустаҳаб бўлади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг