Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (2)

0

Тўқсон бешинчи ҳадис

 

عَنْ أَبِي قَتَادَةَ الأَنْصَارِيِّ – رضي الله عنه – قَالَ: ((كَانَ رَسُولُ اللَّهِ – صلى الله عليه وسلم – يَقْرَأُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ الأُولَيَيْنِ مِنْ صَلاةِ الظُّهْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ يُطَوِّلُ فِي الأُولَى وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ وَيُسْمِعُ الآيَةَ أَحْيَاناً وَكَانَ يَقْرَأُ فِي الْعَصْرِ بِفَاتِحَةِ الْكِتَابِ وَسُورَتَيْنِ يُطَوِّلُ فِي الأُولَى وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ وَفِي الرَّكْعَتَيْنِ الأُخْرَيَيْنِ بِأُمِّ الْكِتَابِ. وَكَانَ يُطَوِّلُ فِي الرَّكْعَةِ الأُولَى مِنْ صَلاةِ الصُّبْحِ وَيُقَصِّرُ فِي الثَّانِيَةِ)) .

Абу Қатода Ансорий розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам пешин намозининг аввалги икки ракаатида “Фотиҳатул Китоб” (Фотиҳа сураси) ва икки сура ўқир, биринчи ракаатни узунроқ, иккинчи ракаатни эса қисқароқ қилиб ўқир эдилар. Гоҳида айрим оятларни бизларга эшиттириб ўқирдилар.

Аср намозида ҳам (аввалги икки ракаатда) “Фотиҳатул Китоб” (Фотиҳа сураси) ва икки сура ўқир, биринчи ракаатни узунроқ, иккинчи ракаатни қисқароқ қилиб ўқир эдилар. (Пешин ва аср намозининг) қолган икки ракаатида фақат Фотиҳа сурасини ўқир эдилар.

Бомдод намозининг биринчи ракаатини узун, иккинчисини қисқароқ қилиб ўқир эдилар[Бухорий: 759 ва Муслим: 451].

Шарҳ:

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозларида муқтадийларнинг ҳолатига риоя қилар эдилар. У зот одатда пешин ва аср намозининг аввалги икки ракаатида Фотиҳа сурасидан кейин зам сура ўқир эдилар. Негаки, инсонлар намоз бошида тетик бўлишади. Ушбу намозларнинг охирги икки ракаатида эса намозхонлар зерикиб, малолланиб қолмаслиги учун Фотиҳа сурасининг ўзини ўқир эдилар. Қолаверса, намозга кеч қолувчилар жамоат намозига тўлиқ етишишлари учун иккинчи ракаатдан кўра биринчи ракаатда кўпроқ ва чўзиброқ қироат қилар эдилар. У зотнинг мазкур суннатларида мўмин кишининг кўзини қувонтирадиган ва қалбини хотиржам қиладиган ҳикмат ва фойдалар бор. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ҳукмларига бўйсуниш ибодатдан кўзланган энг олий ғоя саналади.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозининг биринчи ракаатида иккинчи ракаатга қараганда узунроқ қироат қилар эдилар.

Пайғамбаримиз аслида пешин ва аср намозларида қироатни махфий қилар, аммо намозхонлар у зотнинг қироат қилаётганини билишлари ва бунга амал қилишлари учун гоҳида айрим оятларни эшиттириб ўқирдилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Пешин ва аср намозининг аввалги икки ракаатида Фотиҳа сурасидан кейин зам сура ўқиш суннат.
2 – Пешин ва аср намозининг охирги икки ракаатида Фотиҳа сурасининг ўзига чекланиш мустаҳаб.
3 – Пешин ва аср намозининг биринчи ракаатини иккинчи ракаатига қараганда узунроқ ўқиш мустаҳаб.
4 – Пешин ва аср намозида қироатни махфий қилиш мустаҳаб.
5 – Махфий қироат қилинадиган намозларда баъзи оятларни эшиттириб ўқиш, хусусан, таълим бериш учун бўлса жоиз.
6 – Бомдод намозининг биринчи ракаатини узунроқ ўқиш мустаҳаб.
7 – Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Биринчи ракаатни қасддан узунроқ ўқиш мустаҳаб бўлиб, мана шу тўғрироқ фикрдир. Қолаверса, бу Пайғамбаримиз суннатининг зоҳирига ҳам мувофиқдир”.

Изоҳ қолдиринг