Ҳожатхонага бош кийим билан кириш мустаҳабми?

0

Савол:

«Нега яҳудийларнинг бошида доимо кафтдеккина дўппи бўлади? Чунки улар Исломни жуда яхши билишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам халога (ҳожатхонага) бош кийимсиз киришдан қайтарганлар. Сабаби, бошнинг ўша дўппи беркитиб турган кафтдек қисмида жинларнинг инсон миясига кириб жойлашиши учун йўллар (каналлар) бор. Агар дўппи кийилса, ўша канал беркитилади. Мана яна бир суннатнинг ҳикмати».

Шу гап тўғрими?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ.

Мазкур гапга эътибор қилинса, унда уч нарса зикр қилинган: биринчиси, яҳудларнинг дўппи кийиши ва улар бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан олишгани, иккинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага дўпписиз киришдан қайтарганликлари ва ниҳоят учинчиси, дўппи кийиш ҳикматларидан бири – унинг бошдаги жинлар кириши мумкин бўлган йўлни беркитиши. Бу учта хулосанинг қанчалар тўғри ёки нотўғрилиги қуйида баён орқали маълум бўлади, иншааллоҳ.

Яҳудларнинг дўппи кийиши барчага маълум ва машҳурдир. Бинобарин, уни исботлашга ҳожат йўқ. Бироқ улар бу ишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ўрганишган, деган даъво исботга муҳтож. Негаки, яҳудларда бош кийим кийиш (айниқса намоз асносида) қадимдан мавжуд бўлган. Яҳудлар эътиқоди бўйича, дўппи кийиш инсон тепасида Аллоҳ борлиги, У бандани кўриб, билиб, кузатиб туришини англатади. Бош кийим кийиш тўғрисида Тавротнинг шарҳи бўлмиш Талмудда «Осмон ғазаби бошинг узра бўлмаслиги учун бош кийим кий», дейилади. Манбаларда айтилишича, ҳозирги яҳудларнинг диндорлик даражасини, қайси диний жамоатга мансублигини улар кийган дўппининг катта-кичиклиги, ранги ва шаклига қараб ажратиш мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага бош кийимсиз киришдан қайтарганликлари масаласига келсак, бу борада у зотдан бирон саҳиҳ ҳадис келмаган. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан келган икки «марфуъ» ҳадиснинг ҳар иккиси заифдир. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган биринчи ҳадисда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатга кирсалар, шунингдек, аёлларига яқинлик қилмоқчи бўлсалар, бошларини ёпар эдилар». Мазкур ҳадисни Байҳақий «Сунан»ида (464) ва Абу Нуайм «Ҳиля»да (2/182) ривоят қилишган бўлиб, ҳадис санади заифдир. Бу ҳадисни бир гуруҳ уламолар, жумладан, Байҳақий, Ибн Адий, Нававий «Ал-хулоса»да, Албоний «Аз-заифа»да (4192) ва бошқалар заиф дейишган.

Иккинчи ҳадисни Байҳақий (465) Ҳабиб ибн Солиҳдан ривоят қилган. Унда шундай дейилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳожатхонага кирсалар оёқ кийимларини кияр ва бошларини ўрар эдилар». Мазкур ҳадисни ҳам Нававий «Хулосатул аҳком»да, Албоний «Аз-заифа»да (4191) ва бошқалар мурсал-заиф деганлар.

Бироқ ҳожатхонага кирганда бошни ёпиш тўғрисида Абу Бакр розияллоҳу анҳу, Товус ибн Кайсон ва унинг ўғлининг сўзлари ривоят қилинган. Урва ибн Зубайр отаси Зубайрдан ривоят қилишича, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу одамларга ваъз қилар экан шундай дейди: «Эй мусулмонлар жамоати, Аллоҳдан ҳаё қилингиз. Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, мен саҳрога ҳожат ўташ учун борар эканман, Раббим Аллоҳ азза ва жалладан ҳаё қилганимдан бошимни кийимим билан ўраб ўтираман». Мазкур асарни Ибн Муборак «Зуҳд» китобида (1/107) ва Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (1/105) ривоят қилишган. Асар санади саҳиҳдир.

Шунингдек, Ибн Абу Шайба «Мусаннаф»да (1/106) Амр ибн Товус (Товус ибн Кайсоннинг ўғли)дан ривоят қилишича, Амр ибн Товус шундай дейди: «Отам қачон ҳожатхонага кирсам, бошимни ёпишга буюрдилар». Ибн Уяйна сўради: «Нега шундай қилишга буюрди?». Ибн Кайсон айтди: «Билмадим». Мазкур асар санади ҳам саҳиҳдир.

Шуни айтиш лозимки, тўрт мазҳаб уламолари ихтиёр қилган фикрга кўра, ҳожатга кирган киши бошини ёпиши мустаҳабдир. Улар бунга юқорида зикр қилинган заиф марфуъ ҳадисларни далил қилишган. Улардан баъзилари мазкур ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заифлигига тўхталиб ўтирмаганлар, баъзилар эса уларнинг заифлигини айтиб, асли бор бўлган бир амалнинг фазилатини баён қилиш учун заиф ҳадисларни далил қилса бўлаверади, дейишган. Бироқ муҳаққиқ уламоларнинг фикрига кўра, шаръий ҳукмлар заиф ҳадислардан олинмайди. Яхшиси бу борада саҳоба Абу Бакр розияллоҳу анҳу ва тобеий Товус ибн Кайсон ва унинг ўғли Амрнинг сўзларини далил қилган маъқул. Шунга қарамай, бу асарларга таяниб ҳожатга кирганда бош кийим кийиш ҳар қандай ҳолатда мустаҳаб дейиш ҳам унчалик тўғри бўлмайди. Аксинча, худди Абу Бакр розияллоҳу анҳу каби ҳожат асносида қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиш ҳиссини топган киши ҳожатга киришдан олдин атайлаб бош кийим кийса дуруст бўлади. Ана шунда саҳобанинг суннатига ҳам зоҳирда, ҳам ботинда мувофиқ келган бўлади. Чунки ҳожатга кирганда бош кийим кийиш мутлақ мустаҳаб амал бўлганида бошқа саҳоба ва тобеинлардан ҳам нақл қилинган бўлур эди.

Энди учинчи масала: ҳожатхонага бош кийимсиз кирмаслик ҳикматига келсак, уламолар бу хусусда турлича ҳикматларни зикр қилишган. Баъзи уламоларнинг айтишича, ҳожатхонадаги сассиқ ҳид бошга уриб қолмаслиги учун бош кийим кийилса, баъзиларнинг фикрича, бош кийим кийилса, ҳожат чиқариш осон кечармиш. Учинчи бир тоифанинг айтишича, ҳожат асносида бош кийим кийиш ҳожат ўташ қийинлашишига сабаб бўладиган муайян касалликнинг олдини олар экан. Бироқ бу борадаги энг тўғри сўз Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтганидек, Аллоҳ ва фаришталардан ҳаё қилишдир. Юқоридаги гапда айтилган ҳикматга келсак, жинлар ва уларнинг инсон танасига кириш йўллари ғайбга оид масалалар бўлиб, бу тўғрида бирон нарса дейиш учун албатта Қуръон ва ҳадислардан бирор далил лозим. Ҳолбуки, бу гапда айтилган нарсани бирон мўътабар олимдан эшитмаганмиз ёки мўътабар китобларда учратмаганмиз.

Хулоса қилиб айтганда, ҳожатхонага бош кийим билан кириш вожиб ёки мустаҳаб эмас. Зеро, бирон ишни вожиб ёки мустаҳаб дейиш учун мўътабар шаръий далил бўлиши лозим. Бироқ кимда ким Абу Бакр розияллоҳу анҳуга эргашиб ҳожатхонага бош кийим билан киришга одатланса, зиёни йўқ. Шунингдек, бу ишни Аллоҳдан ҳаё қилиш ниятида қилиши мақсадга мувофиқдир, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг