Муҳаддислар: Имом Абу Довуд Сижистоний (1)

0

Насл-насаби:

Имомнинг тўлиқ исм-шарифи Сулаймон ибн Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ибн Шаддод Аздий[1] Сижистоний бўлиб, куняси Абу Довуддир.

Туғилган санаси ва ери:

Имом Абу Довуд ҳижрий 202 (мелодий 817) йил Сижистон минтақасида дунёга келган.

Сижистон Хуросоннинг жанубий қисмида жойлашган минтақа бўлиб, ҳозирда Афғонистоннинг жанубий ғарбида жойлашган ва Эроннинг жанубий шарқий минтақаларигача чўзилган ўлка ҳисобланади. Бугунги кунда ушбу минтақа Систон деган ном билан машҳур. Систон форс тилида “ярим кун” ёки “жанубий ер” деган маънони билдиради. Айтилишича, бу минтақа Хуросоннинг жанубида жойлашгани учун Систон деб номланган.

Имом Абу Довуд буюк муҳаддис уламолардан бири бўлиб, ҳадис илмида чуқур илм соҳиби эди. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ машҳур “Масобиҳ” китобининг муаллифи ҳамда Бағдод шаҳрининг катта муҳаддисларидан бири бўлмиш фақиҳ олим Абу Бакр Абдуллоҳнинг отаси бўлади.

Одоб-ахлоқи:

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ёшлигидан илмга чанқоқ ва муҳаббатли эди. Унинг энг улкан мақсади ва орзуси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадиси шарифларини ёд олиш ва уни қоғозга тушириш бўлган. У ёшлигидан зеҳни ўткирлиги ва зийраклиги ила тенгқурларидан ажралиб турар ва бу унинг келажакда буюк олим бўлиб етишишини кўрсатарди.

Устозлари:

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ етук муҳаддис уламоларга бой ҳижрий учинчи асрда ўсиб-улғайди. Бу аср ҳадис илмининг энг гуркираган даври ҳисобланиб, бошқа асрларга таққослаганда буюк муҳаддис уламоларга бой ва мўътабар ҳадис китоблари ёзилиб, ислом кутубхонасини бойиган аср экани билан ажралиб туради. Бу даврга келиб илм талабида сафар қилиш кенг тус олган эди. Кўпчилик толиби илмлар ўз ватанлари, киндик қони тўкилган ерларини ташлаб, буюк муҳаддис уламолар билан учрашиш, уларнинг илм мажлисларига қатнашиб, улар ривоят қиладиган саҳиҳ ҳадисларни ёзиш, шунингдек, улардан илм ўрганиш мақсадида уламоларга бой ислом ўлкаларига сафар қилишар эди. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳам ўзга толиби илмлар сингари ўз замонидаги буюк уламолардан ҳадис ва илм ўрганиш мақсадида кўплаб исломий ўлкаларга сафар қилади. Сафарлари мобайнида кўплаб катта муҳаддис уламолар билан учрашиб, улардан кўплаб илмлар ўрганади. Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ Ироқ, Хуросон, Шом, Миср ва Ҳижоз ўлкаларига сафар қилади ва у ерларда Абу Умар Зорийр, Муслим ибн Иброҳим, Аҳмад ибн Ҳанбал, Абдуллоҳ ибн Муслим Қаънабий, Абдуллоҳ ибн Ражо, Абу Валид Таёлисий, Сулаймон ибн Ҳарб Кирмоний каби ўша асрда яшаб ўтган буюк муҳаддис уламолардан кўплаб ҳадислар ёзади.

Шогирдлари:

Имом Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ бутун умрини ҳадис илмини ўрганиш ва ўргатиш йўлида сарфлайди. Шу сабабли унинг қўлида кўплаб етук муҳаддис олимлар етишиб чиқади. Улардан энг машҳурларини зикр қиладиган бўлсак,  улар орасида Имом Термизий, имом Насоий, ўғли Абу Бакр ибн Абу Довуд, Абу Авона, Абу Бишр Дулобий, Абу Бакр ибн Доса, Али ибн Ҳасан Ал-абд, Абу Усома ибн Муҳаммад ибн Абдулмалик ва ҳоказо замонасининг буюк муҳаддис имомларини кўришимиз мумкин.

Уламоларнинг Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳақидаги мақтовлари:

Шубҳасиз, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ўз замонасидаги етук олимларнинг бири бўлган. У ўзига замондош уламолар муҳаббати ва ишончини қозонган бўлиб, барча уламолар унинг чуқур илм соҳиби эканини эътироф қилишган.

Абу Довуд “Сунан” китобини ёзганда Иброҳим Ҳарбий ва Муҳаммад ибн Исҳоқ Соғоний шундай деган экан: “Довуд алайҳисаломга темир қандай юмшатилган бўлса, Абу Довудга ҳадис шундай “юмшатиб” қўйилди”. Яъни Довуд алайҳиссалом темир саноатида қандай моҳир бўлган бўлсалар, Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ ҳам ҳадис илмида шундай моҳир бўлган.

Аллома Мусо ибн Ҳорун шундай деган экан: “Абу Довуд дунёда ҳадис учун, охиратда эса жаннат учун яратилган. Ундан афзал бирон кишини кўрмадим”. Яъни Аллоҳ таоло Абу Довудни бу дунёда ҳадис илмини ўрганиб, бошқаларга ўргатиши учун, охиратда жаннатга кириши учун яратган.

Абу Абдуллоҳ Ҳоким роҳимаҳуллоҳ айтади: “Шубҳасиз, Абу Довуд ўз замонидаги муҳаддислар имоми бўлган”.

Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бизга етиб келишича, Абу Довуд илмига амал қиладиган олимлардан бири бўлган. Баъзи уламолар у ҳақда шундай деган: “Абу Довуд юриш-туриши, кўриниши ва одоб-ахлоқида имом Аҳмадга ўхшар, Аҳмад эса Вакеъга, Вакеъ Суфёнга, Суфён Мансурга, Мансур Иброҳимга, Иброҳим Алқамага, Алқама бўлса Абдуллоҳ ибн Масъудга ўхшар эди. Алқама айтади: “Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу юриш-туриши ва кўринишида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўхшар эди”.

Ёзган китоблари:

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳдан талай китоблар қолди, айниқса у ҳадис илмига доир кўплаб китоблар ёзган. “Сунан”, “Далоилун-нубувва”, “Маросийл”, “Масоилуллатий суила анҳо имом Аҳмад” (имом Аҳмаддан сўралган масалалар), “Носихул Қуръони ва мансухуҳу”, “Қадар” ва бошқа китоблар шулар жумласидандир.

Мазкур китоблар имомнинг биз билган ёки бизгача етиб келган китобларидир. Маълумки, тарих мобайнида юз берган жанглар ва турли ҳодисалар туфайли уалмоларимизнинг талай бебаҳо китоблари йўқолиб кетган.

Хайриддин Зириклий ўзининг “Аълом” китобида имом Абу Довуднинг “Зуҳд” номли китоби, шунингдек, “Баъс” ва “Тасмиятул ихва” номли рисоласининг қўлёзмасини кўрганини айтган.

Ушбу китоблар орасида энг машҳури ва энг аҳамиятлиси “Сунан” ҳадис тўплами бўлиб, келгуси мақоламизда ушбу китоб мартабаси, ундаги ҳадислар сони, тартиби, уламоларнинг фикри ва унга ёзилган шарҳлар ҳақида сўз юритамиз, иншааллоҳ.

 

[1] Аздий деб насаби Азд ибн Ғавс ибн Набт ибн Молик ибн Зайд ибн Каҳлон ибн Сабаъ ибн Яшжуб ибн Яъруб ибн Қаҳтонга бориб тақалувчи кишига айтилади.

Изоҳ қолдиринг