Илоҳий суннатлар мусулмонлар мезонида (9)

0
  1. Илоҳий суннатлар мусулмонлар мезонида

Дарҳақиқат, мусулмонлар жамияти Раббиларининг Китоби ва набийларининг суннатидан узоқлашганига кўп йиллар ўтди, бу орада қалблар қотиб, жаҳолат кенг тарқалди. Аллоҳ раҳм қилган саноқли инсонларни айтмаганда мусулмонлар илоҳий суннатларни унутиб юбордилар. Ҳануз буҳронлар ислом умматини бир жарликдан ундан ҳам чуқурроқ жарликка отиб давом этмоқда. Бироқ жамият ислоҳотчи мусулмонлардан холи эмас. Улар тинмай жар соладилар: «Эй Аллоҳнинг бандалари! Дунё ва охират саодати сари юринглар, иззат-ифтихорингиз сабаби бўлмиш Раббингизнинг Китоби ва Набиййингизнинг суннатини маҳкам тутинглар. Жаҳолат ва кўрлик зулматини тарк этиб, онг-идрок кўзи билан нур томонга интилинг, ҳидоят машъалини баланд кўтариб, адашган башариятни ҳақ йўлга етакланг. Билингки, Аллоҳнинг суннатлари ўзгармас ва беаёв суннатлар…». Мусулмонлар бу нидолар қаршисида икки тоифага бўлиниб олганлар. Бир тоифа нидога қулоқ тутиб, унга эргашган бўлса, бир тоифа эса кўр ва кар, гуёки «бунинг турган-битгани афсона-ку!» дегандек нидодан юз ўгирган.

Хўш, сиз қайси тоифадансиз?! Раббисининг китобини ўқиб, тафаккур қилиб, унга амал қилганларданми ёки ғафлат босиб, Раббисининг китобидан юз ўгирганларданми?! Ўзингиздан шу саволни сўранг, жавобни эса амалда кўрсатинг. Раббингизнинг суннатлари олдинги умматларда қандай ишлар кўрсатганини билиш учун Унинг китобини тафаккур қилинг. Сўнг бугунги кундаги мусулмонлар ҳолига назар солинг. Ўшанда мусулмон халқларнинг бу илоҳий суннатлардан буткул бехабар эканини кўрасиз. Мусулмонларнинг ер юзида ҳукмронликни қўлдан бериши, иззат ва ғолибликдан мосуво бўлишларининг асосий сабаби мазкур суннатларни билмасликларидир. Ўз ўрнида билмаслик сабаби уларнинг Қуръондан юз ўгиришгани, унинг ҳидояти ўрнига бидъат фалсафий қонун-қоидаларга асосланган эътиқод китоблари билан чекланишдир. Ҳолбуки, улуғ сабоқларни ўз ичига олган буюк сура бўлмиш Анъом сураси, шунингдек, қолган маккий суралар ҳам эътиқод масаласидаги калом илмига оид назариялардан батамом холидир.

Аллоҳ таоло бу сураларни уларнинг маъноларини тушунмасдан фақат чиройли тиловат қилиш ёки беморларга дам солиш ва тумор қилиш ёхуд қорилар учун тирикчилик манбаи қилиб нозил қилганми?!

Дарҳақиқат, динни тушунмаслик, соф ислом таълимотларини билмаслик мусулмонларни ачинарли ҳолатга олиб борди. Бир томонда салафи солиҳлар тутган йўлни қўйиб ўрта асрларда ёзилган исломий асарларгагина чекланган тақлидчи мусулмон тоифаси бўлса, иккинчи томонда бу тоифага қарши ўлароқ, ислом динини мусулмонлар қолоқлиги ва заифлигининг бош сабаби қилиб кўрсатувчи тоифа пайдо бўлди. Уларнинг фикрича, мусулмонлар юксалиши учун албатта мусулмон бўлмаган халқлардан жамиятшунослик каби фанларни, тараққиёт сирларини, саноат ва санъатни ўрганишлари зарур. Бу тоифа биринчи тоифадан ҳам жоҳилроқдир. Зеро, мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръони Карим жамиятшунослик ва тараққиёт қонун-қоидаларини мукаммал суратда баён қилиб берган. Бироқ мусулмонлар илмий фаолиятлари мобайнида бу қонун-қоидалар хусусида батафсил илмий асарлар яратишда камчиликка йўл қўйдилар, бундай асарларнинг аҳамияти ва қадр-қимматини англаб етмадилар. Аслида улар бугунги кунимизда бу соҳада бошқа халқлар орасида энг билимдон ва тажрибали бўлишлари лозим эди…

Аллоҳ таолонинг кетма-кет келувчи халқлар ва умматларга тегишли илоҳий суннатлари бир хил – ўзгармасдир. Бирон бир уммат золимлиги, жоҳиллиги, ер юзида фасод қилиши ва қалб кўзларининг кўрлиги сабаб бу суннатлар қурбонига айланган бўлсалар, улардан кейин келган уммат ҳам ўзларидан олдингиларнинг изидан борсалар, уларнинг бошига ҳам айни мусибатлар тушиши муқаррар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: «Бирон ерга (илгариги) эгалари (ҳалок бўлган)дан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларга, агар хоҳласак, гуноҳлари сабабли уларни ҳалок қилишимизни баён қилмадикми? Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар» [Аъроф: 100][1].

9 – Илоҳий суннатларни билмаслик сабаби

  • (1) Аллоҳнинг суннатларини тафаккур қилишдан ғофиллик

Кўпчилик мусулмонлар бу суннатларни тафаккур қилишдан ғафлатдадирлар. Чунки улар Қуръонни тиловат қилиш, фаҳмлаш, мушоҳада қилиш ва унга амал қилишдан юз ўгирганлар. Ҳаттоки айрим инсонлар шунчаки илоҳий суннатлар тўғрисида сўз юритишни бурттириб кўрсатиш ва муболаға деб ҳисоблайдилар. Улар шундай дейдилар: «Сизлар ўзларингизни юпатиш учун илоҳий суннатлар деган гапни чиқариб олгансизлар. Зеро, сизлар кофир ғарб халқларига қарайсизлар ва уларнинг ҳар соҳада устун ва ғолиб эканини кўрасизлар. Сўнг мусулмон халқларга қараб, уларнинг қолоқ ва ночор аҳволда эканини кўрасизлар. Шунинг учун ўзингизни юпатиш ва мусулмонларга тасалли бериш учун келажак ва илоҳий суннатлар тўғрисида гап очасизлар». Бу каби сўзларнинг кофирлардан содир бўлиши асло ажабланарли жойи йўқ. Чунки Аллоҳ таоло уларнинг қалбларини муҳрлаб қўйган, улар буткул диндан юз ўгирган кимсалардир. Бироқ ажабланарлиси, бу каби сўзларнинг мусулмончиликни даъво қилган инсонлардан содир бўлишидир. Ҳатто улардан баъзилари намоз ўқиши ёхуд рўза тутишлари ҳам мумкин. Албатта бундай инсонлар Аллоҳнинг суннатларини тушуниб етмаган, бу маънолар қалбларида ўрнашмаган инсонлардир. Улар ўтмишга ҳам, келажакка ҳам, ҳаттоки воқеликка ҳам ибрат назари билан боқишликдан маҳрумдирлар. Улар воқеа-ҳодисаларга Аллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган воқеий ва собит дастур орқали қарамасдан, балки фақат уларнинг зоҳирини кўрадилар, воқеалар ортида яширинган қонун-қоидаларни англамай ҳайрат ичра яшайдилар ва башарият қўли билан тузилган қонунлардан ҳидоят излайдилар. Ҳолбуки, қўлларида Раббиларининг китоби бор, улар бўлсалар унинг ҳидоятидан ғафлатдалар. Аллоҳ таоло айтади: «Ахир улар ер юзида сайр қилиб ўзларидан аввалги (динсиз кимсаларнинг) оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки (аввалгилар) булардан кўра кучлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулгувчи эмас. Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» [Фотир: 44].

Шу боис Аллоҳ таоло Қуръони Каримда такрор ва такрор ер юзида сайр қилиш, ўтган умматлар ҳалок бўлган жойлар ва улардан қолган осори атиқаларни кўриш ҳамда қалбларни чулғаб олган ғафлатдан уйғонишга буюради. Бироқ кўпчилик одамлар ўтган умматлар бошига тушган азоб-уқубатларни эслатувчи осори атиқаларга қарамайдилар, қараганлар ҳис қилмайдилар, ҳис қилганлар эса ибрат олмайдилар. Бу ғафлатдан бошқа бир ғафлат: Аллоҳнинг ўзгармас суннатларини билмаслик, воқеа-ҳодисаларни идрок қилмаслик, уларни умумий қонун-қоидалар асосида таҳлил қилолмаслик ғафлати юзага келади. Аслида мана хусусият – идрок қилиш хусусиятига эга бўлган инсон тилсиз ва ақлсиз ҳайвондан фарқ қилади. Зеро, ҳайвонларгина ҳаётдан ибрат олмасдан, ҳаётларининг турли даврлари, босқичлари ва ҳолатларини боғлаб турувчи умумий риштани ва улар устидан ҳукмрон бўлган умумий қоидани идрок қилмасдан яшаб ўтадилар.

Ўзларидан олдин яшаб ўтган умматлар ҳалокати, ҳозиргилардан жисмонан бақувват бўлган бу умматларнинг куч-қудрати уларни ҳалокатдан асраб қололмагани тўғрисидаги тафаккур инсонларни Аллоҳнинг буюк қудратини ҳис қилиш сари етаклайди. Бу унга ҳеч нарса қарши чиқолмайдиган, бас келолмайдиган, олдингиларни ҳалок қилган, истаса кейингиларни ҳам олдингилар каби ҳалок қилишга қодир бўлган чексиз бир қудратдир. Аллоҳ таоло айтади: «На осмонлардаги ва на ердаги бирон нарса Аллоҳдан қочиб қутулгувчи эмас». Сўнг Аллоҳ таоло бу сўзлар ортидан бу ҳақиқатни изоҳлайдиган, унинг таянчини намойиш этадиган сўзларни зикр қилиб шундай дейди: «Зотан У билим ва қудрат эгаси бўлган зотдир» [Фотир: 44]. Аллоҳнинг билими осмонлар ва ердаги барча нарсаларни қамраб олган, қудрати эса билими билан ёнма-ён тургувчидир. Бирон нарса Аллоҳнинг билимидан четда бўлмаганидек, ҳеч бир нарса Унинг қудрати қаршисида тўсиқ бўлолмайди. Бинобарин, еру осмонлардаги бирон нарса Ундан қочиб қутулолмайди. Унинг қудратидан қочиб қутулиш, билимидан яшириниш имконсиз»[2].

(2) Узоқни кўра билмаслик ва натижага шошилиш

Кўпчилик инсонларнинг илоҳий суннатларни билмаслигининг яна бир сабаби бу суннатлар узоқ муддатдан сўнг самара беришлиги, сабаб билан натижа ўртасидаги оралиқ муддатнинг узоққа чўзилишидир. Баъзан илоҳий суннатлар самарасини кўриш учун бир инсон умри етмаслиги ҳам мумкин. Илоҳий суннатлар самарасини узоқ муддат ва кенг масофага қараган кишиларгина кўриши мумкин. Масалан, сабаб билан натижа ўртасидаги муддат содир этилган зулм билан унга берилган Аллоҳнинг азоб-уқубати оралиғидаги муддатни ўз ичига олиши, баъзан у бутун бир авлод умри бўйича чўзилиши мумкин. Шунингдек, баъзан бир авлод жиноят содир этиб, унинг жазосини бошқа бир авлод тотиши ёхуд бир авлод эккан дарахт мевасини бошқа бир авлод ейиши ҳам мумкин.

Масалан, бугун зулм содир этилди. Зулмга қўл урган, зуғум кўрсатиб келган, юртга, халққа ҳукмрон бўлган, одамларнинг жонига, ризқига, ҳақ-ҳуқуқига, ор-номусига зулм қилган кимсалар бир муддат ер юзида ҳукмрон бўлиб тураверадилар, қаҳр ва зулм, туғён ва истибдодга шўнғиб давом этаверадилар. Шундай пайтларда узоқни кўра билмаган инсонлар илоҳий суннатларнинг борлигига шубҳа қила бошлайдилар. «Қани ўша илоҳий суннатлар, одамлар бошига тушган бу чексиз зулмларга жазо бермайдими?!», деб эътироз билдира бошлайдилар. Бироқ бу зулмнинг жазоси эртами, кечми, Аллоҳ ўзи билган бир муддатдан сўнг албатта келади. Эҳтимол бу зулмнинг жазоси ўн йиллардан кейин келар. Ўшанда қалб кўзи очиқ, онг-идрокли инсонлар унинг олдин содир бўлган бир зулмнинг уқубати эканини англаб етадилар. Бошқалар эса илоҳий суннатларга бепарволикда давом этаверадилар. Агар уларга юз берган бу азоб-уқубатлар бундан фалон йиллар илгари содир бўлган зулм сабабли юз берганини айтсангиз, буни тан олгилари келмайди. «Агар золимга жазо берилганда мана бунга ҳам азоб-уқубат келган бўлар эди», дея ҳануз жазосини олмаган бошқа золимларга ишора қиладилар. Айтайлик, сиз унга «мана бу шахс, жамият ёки давлат бошига тушган мусибат бундан ўн йил, йигирма йил, ўттиз йил ёки юз йил олдин содир этилган зулм сабабли юз бермоқда», десангиз, «йўқ, биродар, агар сиз айтгандек бўлганида, зулм содир этаётган барча шахс, жамият ёки давлатлар бошига ҳам мусибат тушган бўлар эди, Аллоҳ уларни ҳам илоҳий суннатлардан келиб чиққан ҳолда азоб-уқубатга дучор қилган бўлар эди», дейдилар.

Бир мисол, Эроншоҳ бир муддат ўз ўлкасида ҳукмдорлик қилди. Одамлар унинг ҳукмдорлик даврида турли-туман жабр-ситам кўрдилар. Эроншоҳ Аллоҳ унга ато этган барча имкониятлар: куч-қувват, зўравонлик, қатағон, мол-давлат, мутахассислар, машҳур Савак ташкилоти раҳбарлик қилган улкан миллий хавфсизлик органи ва ҳоказо имкониятларнинг барчасини халқига зулм қилиш, зўравонлик қилиш, одамларнинг одамийлигини йўқотиш йўлида сафарбар қилди. У бу йўлда Ғарб давлатларидан келадиган ёрдамларни ҳам ишга солди. Чунки у минтақада бу давлатлар манфаатлари учун иш юритадиган «миршаб» вазифасини бажариб келди. Эроншоҳ узоқ замонлар шу тарзда давр сурди. У айни дамда ахлоқий жиҳатдан ҳам ўта бузуқ инсон бўлиб, кўп вақтини шайтон базми уюштириладиган ишратхоналарда ўтказар эди. Тарихий ҳужжатларда унинг бу ишратхоналардаги тунги базмлари ҳақида талай қора саҳифалар сақланади. У узоқ муддат шу алфозда ҳаёт кечирди. Сўнг бошига Аллоҳнинг илоҳий суннати тушиб, тахтдан ағдарилди.

Илоҳий суннатлар моҳиятини англаган инсонлар унинг ҳаётига назар солиб, ибрат олдилар. «Ва ниҳоят, Аллоҳнинг илоҳий қонун-қоидалари бу осий, золим ва фожирга ўз кучини кўрсатди. Шунингдек, эртага унинг қилмишига қўл урган, унинг йўлидан юрганлар ҳам шунга ўхшаш қисматга юз тутажаклар», дейди онгли инсонлар. Бироқ илоҳий суннатлардан ғофил бўлган, сабаблар билан натижалар ўртасидаги боғлиқликни англамаган инсонлар борки, улар ҳаддидан ошган бу осий ва золимнинг бошига тушган иш илоҳий суннатлар таъсири эканини инкор этадилар. Бундай кимсалар воқеликда ундан ўзга ҳам ҳаддидан ошган золимлар, туғёнга кетган осийлар борлиги, бироқ уларга илоҳий суннатлар ўз «иши»ни кўрсатмагани, неча йиллардан бери давр-даврон суриб келаётганини пеш қиладилар. Мана шу зоҳирий кўриниш уларни алдаб қўяди. Негаки, улар илоҳий суннатларнинг асл моҳиятини тушунмайдилар. Улар кўрсатган шахс ва жамиятларга ҳануз навбат келмагани, Аллоҳнинг илоҳий суннатлари олдингиларни аяб ўтирмагани, вақти келганида ўз таъсирини кўрсатганидек, кейингиларга ҳам кези келганда албатта татбиқ этилажагини фаҳмлай олмайдилар.

Яна бир мисол. Коммунистик Шўро давлати инқирозга учради. Чунки у илоҳий суннатларга, шариатга ва инсон фитратига зид эди. Бу инқирозни кимдир кофир, худосиз ва золим халқ бошига тушган илоҳий суннат дея изоҳлайди. Айни дамда бошқа бир инсон буни тан олмайди. Унинг фикрича, бундай бўлиши мумкин эмас. Ахир бу илоҳий суннат самараси бўлганида, нега ғарб давлатлари ҳануз ер юзида ҳукмронлар?! Уларда куч бор, истаган халқ ва давлатга зўровонлик қиладилар. Бир сўз билан айтганда, ер юзида ҳукмронлик воситаларининг барчаси уларнинг қўлида. Агар илоҳий суннатлар худосиз кофир Шарққа ўз кучини кўрсатган бўлса, нега илмоний – динни ҳаётдан четга суриб қўйган Ғарбни четлаб ўтмоқда?! Бу эътирозга жавобан шуни айтиш мумкин: кофир Шарқнинг бошига тушган илоҳий суннатлар, вақти келиб Ғарбнинг бошига ҳам тушади. Эроншоҳни тахтдан ағдарган, ундан олдин Намруд, Фиръавн, Ҳомон, Қорун, Абу Жаҳл, Убай ибн Халаф ва бошқа ҳаддидан ошган кимсаларни ҳалок қилган илоҳий суннатлар бир кун келиб уларга ўхшаганларни ҳам ер билан яксон қилади. Улар буни тан оладиларми, йўқми, биладиларми, йўқми ёки англаб етадиларми, йўқми аҳамияти йўқ. Зеро, Аллоҳнинг суннатлари ҳеч кимсани аяб ўтирмайди, ҳеч кимсага юз-хотир қилмайди. Бу суннатлар олдингиларга ўз кучини кўрсатган бўлса, кейингиларга ҳам кўрсатади. Бироқ ҳалокат, инқироз ва таназзул кўриниши бир хил бўлиши шарт эмас. Айтайлик, илмоний Ғарбнинг таназзулга юз тутиши, худосиз Шарқ интиҳо топган айни суратда бўлиши шарт эмас.

Айтайлик, коммунистик Шўролар тузуми қаҳр, зўровонлик, истибдод ва диктаторлик услубини қўллаб келди, «темир ва олов» билан ҳукмронлик қилди. Албатта, бу услуб одамлар ҳис-туйғусини жунбушга келтиради, уларда норозилик, қаршилик ҳаракатларини келтириб чиқаради. Балки шунинг учундир коммунистик мафкурага асосланган давлат тез барҳам топди. Чунки одамлар қалби унга нисбатан нафрат, ғазаб ва норозиликка тўлиб бўлган эди. Коммунистик партиянинг охирги бош секретари Горбачёв замонида қайта қуриш ва ошкоралик даври бошланиши билан одамлар қалбларида бу тузум ва мафкурага қарши яшириниб ётган ҳис-туйғу ва қарашларини ошкора ифодалай бошладилар. Шу кездан бошлаб бу тузум ва мафкура қулай бошлади. Ҳатто ғарб давлатлари бу тузум қулаши ортидан келиб чиқиши мумкин бўлган натижалардан ташвишга туша бошладилар. Шўролар Иттифоқи давлатлари ўртасида фуқаролик урушлари бошланиб кетиш эҳтимоли тўғрисида ҳисоботлар ёзила бошланди. Бу давлатларга қарашли разведка органларининг маълум қилишича, бу давлатлар йўл қўйган энг катта хато Шўролар иттифоқи иқтисодига ўз вақтида моддий ёрдам қўлини чўзмаганлигидадир. Оқибатда, Шўро жумҳуриятларидаги вазият олдини олиш ёки бартараф этиш имконсиз бўлган даражага бориб қолди.

Ғарб давлатларига келсак, уларда ҳукмрон бўлган тизим мустабид тизим бўлмай, балки демократик тизимдир. Шу боис, Ғарб инқирозга учрайдиган услуб Шарқникидан фарқли бўлиши мумкин. Шарқ инқирози бир лаҳзада, тез ва шиддатли бўлган бўлса, Ғарб инқирози поғонама-поғона, секин-аста бўлиши, уни воқеа-ҳодисаларни диққат ва онг-идрок билан кузатганларни ҳисобга олмаганда кўпчилик инсонлар пайқамаслиги ҳам мумкин.

[1] “Тафсири манор” (9/482).
[2] “Тафсири зилол” (5/2950).

Изоҳ қолдиринг