Тасбеҳлар осмонга кўтариладими?

0

Савол:

Бир маърузада эшитган эдим, “субҳаналлоҳ, “алҳамдулиллаҳ” ва “ла илаҳа иллаллоҳ” зикрлари аршга кўтарилиб, айтган инсон учун Аллоҳдан истиғфор сўрар экан. Шу ҳадис саҳиҳми?

Жавоб:

Алҳамдулиллаҳ;

Биз айтадиган зикрлар аршга кўтарилиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Тасбеҳ (“субҳаналлоҳ” деб айтиш), таҳлил (“ла илаҳа иллаллоҳ” деб айтиш) ва таҳмид (“алҳамдулиллаҳ” дейиш) сизлар Аллоҳни улуғлаб айтадиган зикрлардандир. Бу зикрлар уларни айтган инсонни эслатиб туриш учун асаларининг товушидек ғингиллаган товуш билан аршнинг атрофида айланади. Сизлар (арши аълода) эслатиб турадиганингиз бўлишини хоҳламайсизларми?!” (Ибн Можа “Сунан”да (3807), Аҳмад “Муснад”да (17898), Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да (4239) ҳамда Ҳоким “Мустадрак”да (1884) ривоят қилган).

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадисни Ҳоким “Мустадрак”да, Шайх Синдий “Сунан”нинг шарҳида саҳиҳ деган.  Шунингдек, “Муснад”нинг муҳаққиқлари ҳам мазкур ривоятни саҳиҳ деб ҳукм қилишган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Қайси банда “субҳаналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, Аллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ, табаарокаллоҳ” – деса, бу зикрларни бир фаришта олади ва осмонга олиб чиқади. Қайси фаришталарнинг олдидан ўтса, улар бу зикрларни айтган кишига истиғфор айтишади. Охир-оқибат бу зикрлар Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилади” (саҳиҳ, Заҳабий роҳимаҳуллоҳ “Ал-улув” китобида (79-бет), Абу Нуайм “Ҳиля”да (4\268) ривоят қилган), валлоҳу аълам.

Фатво рақами: 16011

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг