Умар розияллоҳу анҳу: Сўз эркинлиги

0

Фикр билдириш эркинлиги

Ислом ҳар бир шахсга ўз фикрини эмин-эркин билдириш ҳаққини тўла эътироф этди, хулафои рошидинлар даврида бу эркинлик кафолатланган ва ҳимоя қилинган эди. Умар розияллоҳу анҳу одамларга тўғри фикрларини эркин баён қилишга имкон берарди, уларни чекламасди, кўнгилларидаги гапни очиқ айтишга монелик қилмасди. Нусуслар (очиқ далиллар) бўлмаган масалаларда уларга ижтиҳод қилиш имкониятини қолдирарди. Бир марта у бир кишидан: “Фалон ишинг нима бўлди?”, деб сўради. У: “Али ва Зайд шундай-шундай ҳукм қилдилар”, деди. “Мен бўлганимда бундай (яъни бошқача) ҳукм чиқарган бўлардим”, деди у. “Сизни бундан нима тўсиб турибди, иш (яъни бошлиқлик) сизнинг қўлингизда-ку”, деди у киши. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Агар мен сени Аллоҳнинг китоби ё пайғамбарининг суннатига қайтараётган бўлганимда, сен айтгандек қилардим. Аммо мен сени ўз фикримга қайтараяпман, менинг фикрим Али ва Зайднинг фикрларидан устун мақомга эга эмас”, деб жавоб берди[1]. Умар Форуқ саҳобаларга ижтиҳодий масалаларда ўз фикрларини эркин баён қилиш эркинлигини қолдирганди, уларни ижтиҳоддан тўсмас эди, бир муайян фикрга мажбурламас эди.

Форуқ даврида ва умуман хулафои рошидинлар даврида ҳокимни танқид қилиш ва унга насиҳат қилиш эшиги кенг очиб қўйилган эди. Бир куни Умар Форуқ розияллоҳу анҳу хутба қилаётиб шундай деди: “Эй одамлар, ким менда бир эгриликни кўрса тўғрилаб қўйсин”. Шунда бир киши ўрнидан туриб: “Аллоҳга қасамки, агар сизда эгрилик кўрсак, қиличларимиз билан тўғрилаймиз”, деди. “Ушбу уммат ичидан Умарнинг эгрилигини қиличи билан тўғрилайдиган кишиларни чиқарган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деди Умар[2].

Умар розияллоҳу анҳунинг хилофат мансабига ўтирганидан сўнг қилган хутбасида ушбу сўзлар бор эди:  “Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш ва насиҳат қилиш билан нафсимга қарши менга ёрдам беринглар” [3].

Форуқ сиёсий фаолият юритиш эркинлигини – насиҳат қилишни раиятнинг вазифасидан деб санади ва ҳоким буни халқдан талаб қилишга ҳақли деб билди: “Эй халойиқ, ғойибона насиҳат (яъни, орқамиздан ҳам бизга нисбатан холис муносабатда бўлишингиз) ва яхшилик устида ёрдам беришингиз бизнинг сизларнинг устингиздаги ҳаққимиздир” [4].

Умар розияллоҳу анҳу унинг ишларини кузатиб боришни ва агар йўлдан оғганини кўрса, унинг хатосини қилич тиғи билан бўлса-да тўғрилаб қўйишни уммат ичидаги ҳар бир шахснинг ҳаққидан деб кўрарди. Шунинг учун ҳам у: “Эй одамлар, ким менда бир эгриликни кўрса тўғрилаб қўйсин”, деган эди[5]. Яна у: “Менга одамларнинг энг суюмлиси айбларимни менга айтган кишидир”, деган эди[6]. Яна айтган эдики: “Хато иш қилсам, сизлардан бирон киши мендан ҳайиқиб, раддия билдирмаслигидан қўрқаман” [7].

Бир куни бир киши келиб, кўпчилик олдида унга: “Аллоҳдан қўрқ, эй Умар”, деди. Шу ерда бўлган баъзи кишилар ғазабланиб, унинг овозини ўчирмоқчи бўлишди. Шунда Умар уларга: “Агар (камчилигимизни) айтмасанглар сизларда яхшилик йўқ, агар эшитмасак бизда яхшилик йўқ”, деди[8].

Бир куни хутба қилиш учун туриб: “Эй одамлар, қулоқ солинглар ва итоат қилинглар”, деб гап бошлаётган эди, бир киши унинг гапини бўлиб: “Эй Умар, қулоқ солиш ҳам, итоат қилиш ҳам йўқ”, деди. “Нега, эй Аллоҳнинг бандаси?”, деб сўради Умар босиқлик билан. “Чунки ҳар биримизга авратини тўсишга кифоя қиларлик бир кийимлик мато берилган эди, (сенинг эгнингда икки кийимлик матони кўраяпмиз)”, деди у. “Ўтир”, деди Умар унга. Сўнг ўғли Абдуллоҳ ибн Умарни чақириб: “Гапир”, деди. Абдуллоҳ матодан ўзига теккан улушни отасига берганини ва у шу билан кийимини бутлаб олганини айтди. Саҳобалар қаноат ҳосил қилдилар ва ҳалиги одам: “Ана энди қулоқ солиб, итоат қиламиз, эй амирулмўъминин”, деди[9].

Бир куни хутбаси ичида: “Аёлларга бериладиган маҳрларни қирқ уқиядан оширманглар. Ким шундан зиёда қилса, зиёдасини байтулмолга олиб қўйилади”, деди. Шунда бир аёл эътироз билдириб: “Бундай қилишга ҳаққинг йўқ”, деди. “Нега ҳаққим йўқ?”, деган эди: “Чунки Аллоҳ таоло Қуръонда: “Агар бир хотинни қўйиб, бошқа хотинга уйланмоқчи бўлсангизлар, аввалгисига саноқсиз молу дунёни (маҳр қилиб) берган бўлсангиз-да, ундан бирон нарсани қайтариб олмангизлар!” [Нисо: 20] деб айтган”, деди. Шунда Умар: “Хотин киши тўғри гапирди, эркак киши адашди”, деди[10]. Бир ривоятда: “Эй Аллоҳ, Ўзинг кечиргин, ҳамма Умардан кўра фақиҳроқ”, деди. Сўнг қайтиб минбарга чиқиб: “Эй одамлар, мен сизларга хотинларнинг маҳрини тўрт юз дирҳамдан оширмасликни буюрган эдим. Буйруғимни қайтариб олдим. Ким кўнглидан чиқариб, шундан ортиқ маҳр бермоқчи бўлса, бераверсин”, деди[11].

Шуни айтиш ўринлики, фикр билдириш ва сўзлаш эркинлиги шариат назарида мутлақ эмас, хоҳлаган одам хоҳлаган гапини гапираверади дегани ҳам эмас, балки бу эркинлик киши ўз сўзи ва фикри билан бошқаларга зарар етказмаслигига чеклаб қўйилгандир. Қуйида Умар розияллоҳу анҳу томонидан одамларнинг гапиришлари ва бошқаларга ёйишлари ман қилиб қўйилган баъзи фикр ва сўзлар ҳақида айтиб ўтамиз.

Умар розияллоҳу анҳу ман қилган нарсалар:

  • Динда бузғунчи фикрларни ёйиш ва муташобеҳ оятларга эргашиш:

Шомдаги қадарни инкор қилган нибтлик киши воқеаси бунга мисол бўлади. Умар розияллоҳу анҳу Шомда хутба қилаётиб: “Кимни Аллоҳ адаштирса, уни ҳидоят қилувчи йўқ”, деганида ўша нибтлик эътироз билдириб: “Аллоҳ ҳеч кимни адаштирмайди”, деди. Шунда Умар унга: “Яна бир бор шу каби қадарийча сўзни айтганингни эшитсам, ўлдираман”, деб таҳдид қилди[12].

Соиб ибн Язид айтади: Умар ибн Хаттобга бир киши Қуръондаги муташобеҳ оятлар маъноси ҳақида сўраб юрганини айтишди. Эй Аллоҳ, шу одамни менинг қўлимга туширгин, деди Умар. Шундан сўнг бир киши Умар розияллоҳу анҳу ёнига келиб: “Эй амирулмўъминин, “Ваз-заарияти зарван фал-ҳаамилати виқрон” ояти ҳақида нима дейсиз?”, деб сўраб қолди. Умар: “Ўша одам сен экансан-да”, деди. Сўнг ўрнидан туриб, билакларини шимариб, уни калтаклай кетди, ҳатто бошидан салласи тушиб кетди. Кейин у кимсага: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар бошинг қирилган бўлганида (хаворижлар бошини қириб юришига ишора), бошингга (қилич) урган бўлардим”, деди. Сўнг: “Бунга кийимларини кийдириб, эгарга миндириб, ўзининг шаҳрига етказинглар. Кейин у одамларга: “Мен илм излаб, адашиб кетган Сабиғман”, деб айтсин”, деди. Шундан сўнг Сабиғ ўлгунича қавмида обрў-эътиборсиз бўлиб яшади[13].

  • Сўз эркинлиги даъвосида одамларнинг обрў-номусларига тажовуз қилиш:

Умар розияллоҳу анҳу Ҳатиъа исмли шоирни Зубруқон ибн Бадр номли саҳобани ҳажв қилиб, шеърида уни “тўйдирувчи ва кийдирувчи” деб атагани ва бу билан уни одатда пишириб-куйдириш, ювиб-тараб, кийинтириш каби ишлар билан машғул бўладиган хотинларга ўхшатгани учун қамоққа ташлади. Кейин унга мусулмонларни ҳажв қилишда ва обрўларига тажовуз қилишда тилига шундай эрк берса, тилини кесиш билан пўписа қилди[14].

 

[1] “Иъломул муваққиийн” (1/65).
[2] “Ахбору Умар”да (331-бет) “Ар-риёзун назра”дан нақл қилиб келтирилган.
[3] “Низомул ҳукм фий аҳдил хулафоир рошидийн” (197-бет).
[4] Аввалги манба (197-бет).
[5] Аввалги манба (197-бет).
[6] Аввалги манба (197-бет).
[7] Аввалги манба (198-бет).
[8] Аввалги манба (200-бет).
[9] “Уюнул ахбор”да (1/55) “Маҳзус савоб”дан (2/579) нақл қилиб келтирилган.
[10] “Тафсири Ибн Касир” (2/213). Абу ҳотим “Муснад”да, Байҳақий “Сунан”да келтирганлар.
[11] Абу Яъло санадини яхши санаган, “Мажмауз завоид” (4/283).
[12] Носир ал-Ақл, “Ал-аҳво вал-фирақ ва мавқифус салаф минҳо” (223-бет).
[13] Лолакоий, “Шарҳ усули эътиқоди аҳли сунна” (30/634).
[14] Ибн Қутайба, “Аш-шеър ваш-шуаро” (1/327). Аҳмад Абу Наср, “Умар ибн Хаттоб” (223-бет).

Изоҳ қолдиринг