Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (4)

0

Тўқсон еттинчи ҳадис

 

عَنْ الْبَرَاءِ بْنِ عَازِبٍ رضي الله عنهما: ((أَنَّ النَّبِيَّ – صلى الله عليه وسلم – كَانَ فِي سَفَرٍ فَصَلَّى الْعِشَاءَ الآخِرَةَ فَقَرَأَ فِي إحْدَى الرَّكْعَتَيْنِ بِالتِّينِ وَالزَّيْتُونِ فَمَا سَمِعْتُ أَحَداً أَحْسَنَ صَوْتاً أَوْ قِرَاءَةً مِنْهُ)) .

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафардалик чоғларида хуфтон намозининг бир ракаатида “Ват тийни ваз зайтун” сурасини ўқидилар. Мен у зотдан кўра овози ёки қироати чиройли кишини кўрмадим[Бухорий: 769 ва Муслим: 464].

Шарҳ:

“Тийн” сураси аслида шом намозида ўқиладиган қисқа муфассал[1] суралардан саналади. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам сафарда бўлганлари боис ушбу сурани хуфтон намозида ўқидилар. Негаки, сафарда турли қийинчилик ва машаққатлар бўлади. Шариатимиз сафарда учрайдиган қийинчилик ва машаққатларни озайтириш мақсадида мусофир одамга енгиллик яратадиган бир қанча ҳукмларни жорий қилган. Сафарда тўрт ракаатли намозларни қисқартириб ўқиш мустаҳаб қилингани шунга бир мисол. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ўринда қисқа сура ўқиган бўлсалар-да, аммо одамларни хушуъга ундайдиган ва Қуръон тиловатига қалбни ҳозир қиладиган (ўй-фикрни жамлайдиган) омил – гўзал овозда қироат қилишни тарк қилмадилар.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1 – Хуфтон намозида муфассал суралардан қисқа сураларни ўқиш жоиз.
2 – Сафар чоғида, гарчи имом узун қироат қилишга рағбати бўлса ҳам, мусофирларнинг ҳолига риоя қилган ҳолда намозни енгил ўқигани афзал.
3 – Ҳамма вақт, гарчи намозда бўлса ҳам, Қуръонни гўзал овозда тиловат қилиш мақсадга мувофиқ. Зеро, бу хушуъга ва қалб ҳозирлигига элтади.

 

[1] Ўтган – “Намозда қироат қилиш ҳақидаги боб (3)” номли мақоламизда муфассал суралар ҳақида маълумот бериб ўтганмиз.

Изоҳ қолдиринг